ТОШКEНТ – Бир йилда 80 минг тонна пахта териб оладиган мамлакат учун Афғонистоннинг текстиль ишлаб чиқариш сектори етарлича ривожланмаган, дейди таҳлилчилар. Қўшни давлат бу борада ёрдам қўлини чўзиш ниятида.
Газлама ва тўқимачилик маҳсулотлари билан дунёга танилган Ўзбекистон Афғонистонга текстиль саноатини ривожлантиришга ёрдам беришни мақсад қилган. Афғонистон енгил саноати узоқ йиллар давомида Толибонлар ва бошқа экстремистик кучлар билан юз берган низо ва зўравонликлар сабабли инқирозга учраган эди.
Ўзбекистон тўқимачилик саноати уюшмаси – «Ўзтўқимачиликсаноат» делегацияси 31 март куни Кобулга ташрифи давомида афғонистонлик ҳамкорлар билан ҳамкорликка оид битим имзоладилар. Бу ҳақда уюшма сайтида хабар берилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ўз текстиль саноатини ислоҳ қилди, хомашё экспортчисидан тайёр маҳсулот экспортчисига айланди. Янги иш ўринларини яратиш билан бирга, юқори технологик тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш мамлакат сиёсатининг асосий йўналишларидандир.
Расмий маълумотларга қараганда, 2015 йилдан то 2018 йилгача Ўзбекистоннинг йиллик пахта хомашёси экспорти 500 минг тоннадан 115 тоннагача тушган. Ўзбек корхоналари экспорт қилинмаган пахтадан тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарганлар.
Тажриба алмашинуви ва техник ёрдам
Ўзбекистон тўқимачилик соҳасида Афғонистон билан бўлиша оладиган жуда бой тажрибага эга, деди Тошкентда жойлашган корхонанинг тўқимачилик бўйича технологи Азамат Музаффаров Карвонсарой нашрига.
«Афғонистон Ўзбекистон билан тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлиши шубҳасиз», деди Музаффаров. «Мамлакатимиз тўқимачилик соҳасида илғор технологиялардан фойдаланади, раҳбарият мамлакатнинг Бангладеш ва Покистон билан рақобатлаша оладиган минтақа етакчисига айлантиришни мақсад қилган.»
Март ойи бошида «Ўзтўқимачиликсаноат» ходимлари тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида Афғонистонга ташриф буюриб, мамлакатнинг тўқимачилик саноати билан танишдилар, деб хабар берилган «Ўзтўқимачиликсаноат» саҳифасида.
Ўзбекистонлик мутахассислар Афғонистон пахта тозалаш заводлари ва тўқимачилик фабрикаларига ташриф буюришди.
31 март куни Кобулда Ўзбекистон делегацияси афғонистонлик расмийлар билан ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
Томонлар Ўзбекистоннинг Афғонистонга маслаҳат ва техник ёрдам кўрсатишига келишиб олдилар.
«Ўзтўқимачиликсаноат» баёнотига кўра, Ўзбекистон афғон компаниялари учун бошқа чора-тадбирлар билан бир қаторда бизнес режалар ишлаб чиқиш, афғонистонлик мутахассислар учун Ўзбекистон университетларида ўқув курслари ташкиллаштиришга келишиб олган.
Ўзбекистон бир жойнинг ўзида пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотга ўтувчи вертикал ишлаб чиқариш кластер тизимини «жадаллик билан ривожлантирмоқда», деди Музаффаров.
«Бу етказиб беришда маблағ тежаш имкониятини беради, ўз навбатида тайёр маҳсулот нархи ва глобал бозорда рақобатбардошликка таъсир қилади. Бу тажриба Афғонистонда ҳам йўлга қўйилиши зарур», деди Музаффаров.
Савдо ва бизнес ҳамкорликни кучайтириш
Ўзбекистон Афғонистонга икки давлат ўртасида аввал эришилган ҳамкорлик келишувларига мувофиқ ёрдам кўрсатмоқда, деб хабар беради «Ўзтўқимачиликсаноат».
Афғон ва ўзбек расмийлари 2017 йил январь ойида Кобулда икки мамлакат ўртасида иқтисодий «йўл харитасини» имзолаган эдилар.
Томонлар йиллик савдо ҳажмини 1,5 млрд. долларга оширишга келишиб олдилар. 2016 йилнинг дастлабки 10 ойида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 429 млн. долларни ташкил этди.
Афғонистон президети Ашраф Ғанининг 2017 йил декабрь ойида Тошкентга ташрифи чоғида икки мамлакат ишбилармон доиралари раҳбарлари умумий қиймати 520 млн. долларлик шартномаларни имзолаганлар.
Ушбу келишувдан сўнг, савдо ҳажми кескин суръатларда ўсди. 2018 йил январда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси 2017 йил январь ойидаги умумий кўрсаткичдан 30 фоизга ошган, деб хабар берган эди Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 2018 йилнинг мартида.
2017 йилда Кобулда Ўзбек савдо уйи ва унда доимий фаолият юритадиган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмаси очилган, деб хабар берган эди ЎзА.
2017 йилда Термиз шаҳрида очилган догистика терминали ва божхона маркази ҳам Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.