Карвонсарой
Дипломатия

Қирғизистон ва Афғонистон ўртасидаги дипломатик алоқалар қайта йўлга қўйилди

Канат Алтинбаев

Афғонистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари – Салоҳиддий Раббоний ва Чингиз Айдарбеков 18 апрель куни Бишкекда ҳукуматлараро келишувни имзоладилар. (Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги)

Афғонистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари – Салоҳиддий Раббоний ва Чингиз Айдарбеков 18 апрель куни Бишкекда ҳукуматлараро келишувни имзоладилар. (Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги)

БИШКЕК – Кузатувчиларга кўра, Афғонистонда Қирғизистон элчисининг иш бошлаши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганидан далолат беради.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний 18 апрель куни Қирғизистонга илк расмий ташрифини амалга оширди, дейилади Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков Афғонистонлик ҳамкасбининг ташрифидан сўнг, Қирғизистоннинг Афғонистондаги дипломатик миссияси барча амалиётларни қайта бошлаганини эълон қилган, деб хабар беради 24.kg нашри.

Қирғизистоннинг Кобулдаги дипломатик миссияси бир неча йиллардан бери элчисиз фаолият кўрсатиб келаётган эди.

18 апрель куни Бишкекда Қирғизистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирликлари вакиллари минтақавий ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқдалар. (Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги)

18 апрель куни Бишкекда Қирғизистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирликлари вакиллари минтақавий ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқдалар. (Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги)

2014 йилнинг июлидан ўтган йил декабргача Тожикистонда элчи бўлиб ишлаган мамлакат хавфсизлик кенгашининг собиқ раиси, заҳирадаги генерал-майор Мирослав Ниёзов элчи этиб тайинланган.

Бишкекка ташрифи давомида Раббоний Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашган. Қирғизистон «минтақадаги хавфсизлик ва ҳамкорликда муҳим шерик ҳисобланади», деб қайд этди Раббоний.

Икки мамлакат дипломатлари сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар.

Жумладан, Қирғизистондан Афғонистонга электр энергияси экспорт қилиш имкониятлари ва Хитойдан Қирғизистон ва Тожикистон орқали ўтадиган темирйўл қурилиши масалалари муҳокама қилинган.

Томонлар шунингдек, Афғонистондаги тоғли Воҳан йўлагида ночорликда истиқомат қилаётган этник қирғизларга ёрдам бериш масалаларини муҳокама қилдилар.

Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш

Афғонистондаги қирғиз дипломатик миссияси фаолиятининг тикланиши бу мамлакатдаги қирғизистонлик дипломатлар хавфсизлиги ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янада яхшиланишини англатади, дейди халқаро ҳуқуқ бўйича бишкеклик мутахассисларидан бири Қайрат Осмоналиев Карвонсаройга.

«Бизнинг элчимиз Кобулда ўтказиладиган минтақавий сиёсатга оид, жумладан хавфсизликка дахлдор тадбирларда иштирок эта олади», деди у. «Натижада Қирғизистон ушбу геосиёсий соҳада янада фаолроқ роль ўйнаши мумкин».

Қирғизистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик террорчилик таҳдидларига қарши янада самаралироқ курашишга имкон беради, дейди Бишкекдаги диний тадқиқотлар ва хавфсизлик бўйича мутахассис Азат Исмоилов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Ислом давлати» (ИД) Афғонистон шимоли ва Тожикистон билан чегарада фаол ҳаракат қилмоқда, ушбу мамлакат эса ўз навбатида Қирғизистон билан ҳам чегарадош. Бу ҳудудда мунтазам равишда тўқнашувлар содир бўлиб туради, деди у тожик чегара қўшинларининг мамлакатга ноқонуний киришга уринадиган афғон наркофурушлари билан жангларини назарда тутиб.

«Бишкек учун икки мамлакат куч ишлатар идораларининг ҳамжиҳатликда ишлаши ва террорчилик таҳдидларини ўз вақтида аниқлай олиши учун бу алоқалар ниҳоятда муҳим», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500