Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қозоғистон ва АҚШ иқтисодий муносабатларни ривожлантирмоқда

Айдар Ашимов

Ахборот технологиялари – Қўшма Штатлар ва Қозоғистон ўртасида истиқболдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан биридир. (Файл)

Ахборот технологиялари – Қўшма Штатлар ва Қозоғистон ўртасида истиқболдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан биридир. (Файл)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ўзининг асосий инвестицион ҳамкорларидан бири –Қўшма Штатлар билан иқтисодий алоқаларни кучайтиришда давом этмоқда, деб хабар беради Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги.

15 май куни вазирлик ташаббуси билан Нур-Султон шаҳрида АҚШ-Қозоғистон бизнес форуми ўтказилди.

АҚШ-Қозоғистон ҳамкорлиги турлича кўриниш касб этган бўлиб, жумладан, террорчилик ҳужумида қўлланиши мумкин бўлган ядровий ва радиоактив моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш чораларини ҳам ўз ичига олган.

Вазирлик хабарига кўра, бу йилги бизнес-форумда Қозоғистоннинг бир нечта вазирлари ва ҳукумат идоралари раҳбарлари иштирок этган.

Қозоғистоннинг турли вазирликлари вакиллари 15 май куни Нур-Султондаги форумда иштирок этдилар. (Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги)

Қозоғистоннинг турли вазирликлари вакиллари 15 май куни Нур-Султондаги форумда иштирок этдилар. (Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги)

Тадбирда Қўшма Штатлар номидан Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси, Хусусий хориж инвестициялари корпорацияси (OPIC) ҳамда Американинг 28 та йирик компанияси, жумладан, Coca-Cola, Gilead, HP, Microsoft ва Valley Irrigation раҳбарлари қатнашди.

АҚШ-Қозоғистон бизнес-форумларининг дастлабки иккитаси 2017 ва 2018 йилда бўлиб ўтган.

Стратегик шерик

«Қўшма Штатлар бизнинг асосий сармоявий шерикларимиздан бири. Қозоғистон Қўшма Штатларнинг инвестиция имкониятларидан фаол фойдаланишдан манфаатдор», деди форумда сўзга чиққан Қозоғистон ташқи ишлар вазири Бейбут Атамқулов.

«Қозоғистон АҚШнинг инновациялар ва илғор технологиялар соҳасидаги етакчилигини инобатга ҳолда, Америка томонининг билим ва тажрибасини жалб қилишни истайди», деди Атамқулов.

Форумда икки томонлама ҳамкорликнинг янги, истиқболли йўналишлари – саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, рақамлаштириш, аэрокосмик саноат ва энергетика соҳалари муҳокама қилинди.

«Қўшма штатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир», дейилади вазирликнинг 15 май кунги баёнотида.

«Қозоғистон-Америка муносабатлари кенгайтирилган стратегик шериклик ҳамда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг АҚШга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар доирасида тобора ривожланиб бормоқда» дейилади 2018 йилнинг январь ойидаги ташриф назарда тутилган баёнотда.

Ўшанда Қозоғистоннинг «Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати» тадқиқот маркази экспертлари бу ташрифни «икки давлат муносабатларининг янги босқичи экани ва бир қатор муҳим натижаларга олиб келганини» таъкидлаган эдилар.

Сўнгги уч йил мобайнида АҚШнинг биргина тоғ-кон саноатига тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми уч баробар ошиб, 5 миллиард доллардан (1,9 триллион тенге) кўпроқни ташкил этган. Бу ҳақда Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Роман Скляр баёнот берди.

«Биз Chevron, General Electric, Halliburton, NalcoChampion, Weatherford, Flowserve каби Америка компаниялари билан ҳамкорлик қилишда ижобий натижаларга эришмоқдамиз», деди Скляр форум давомида.

Форумда маълум қилинганидек, ҳозирги вақтда умумий ҳажми 450 миллион АҚШ долларига (170 миллиард тенге) тенг бир нечта истиқболли лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Қозоғистонда пўлат формалар ва катализаторлар ишлаб чиқариш заводи, минтақавий авиация компаниялари учун самолётлар йиғиш ва ҳоказолар шулар жумласидандир.

«Катта ҳисса»

«Америка инвестициялари Қозоғистон иқтисодиётига сезиларли ҳисса қўшмоқда», дейди чимкентлик сиёсий таҳлилчи Рауан Дауталиев.

Ўтган йил давомида Қўшма Штатлар Қозоғистонга 5,3 миллиард АҚШ доллари (2 триллион тенге) миқдорда тўғридан-тўғри инвестиция киритди. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 2018 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 2,2 миллиард АҚШ долларига (832 миллиард тенге) етган.

Қозоғистондан Қўшма Штатларга экспорт ҳажми 956 миллион АҚШ долларини (361 миллиард тенге), Қўшма Штатлардан Қозоғистонга импорт ҳажми эса 1,2 миллиард АҚШ долларни (454 миллиард тенге) ташкил этди.

Қозоғистон мустақиллигининг 28 йили давомида Қозоғистон ва АҚШ ўртасида 70 дан ортиқ шартнома имзоланган.

«Биз йиллар ўтиши билан ҳамкорликнинг кучайиши ҳамда мамлакатимизда савдо ва инвестициялар ҳажми ошаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», деди Дауталиев. «Қўшма Штатлар Қозоғистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири.»

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар «Қозоғистонда демократик қадриятларни тиклаш, инсон ҳуқуқлари аҳамиятини тушуниш ва қонун устуворлигини таъминлаш» йўлида улкан сармоя киритган, деб қўшимча қилди у.

«Қозоғистонлик мактаб ўқувчилари ва университет талабаларининг Америка таълим дастурларидаги иштироки уларнинг инглиз тилини ўрганиш ва Қўшма Штатларда таълим олиш мақсадларини рўёбга чиқариши мумкин», деди Дауталиев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мен АҚШ тарафдориман.

Жавоб бериш