Карвонсарой
Дин

Қирғизистон диний таълим соҳасидаги назоратни кучайтирмоқда

Канат Алтинбаев

Қирғизистондаги мадрасалардан бирида дарс жараёни, санасиз сурат. [Булан институти]

Қирғизистондаги мадрасалардан бирида дарс жараёни, санасиз сурат. [Булан институти]

БИШКЕК – Қирғизистон мамлакатдаги диний таълим тизимини ислоҳ қилиш йўлида яна бир қадам ташлади. Ушбу чоралар фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш билан бир қаторда, бузғунчи ғоялар тарқалишига қарши курашга қаратилган.

Қирғизистоннинг дин ишлари бўйича Давлат комиссияси (ГКДР) 30 апрель куни Бишкекда диний таълимни тартибга солувчи қонун лойиҳаси ва мамлакатнинг диний таълим тизимини ривожлантириш сиёсатини белгилаш бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказди.

ГКДР хабарига кўра, унда ҳукумат расмийлари, диний ташкилотлар, диний таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда мустақил таҳлилчилар иштирок этди.

Иштирокчилар парламент томонидан қабул қилиниши керак бўлган қонун лойиҳасига хайрихоҳлик билдирдирлар.

30 апрель куни Бишкекда ҳукумат расмийлари, мустақил экспертлар ва турли диний, нодавлат ва таълим муассасалари вакиллари Қирғизистондаги диний таълим ислоҳотларини муҳокама қилмоқдалар. [Қирғизистон дин ишлари бўйича давлат комиссияси]

30 апрель куни Бишкекда ҳукумат расмийлари, мустақил экспертлар ва турли диний, нодавлат ва таълим муассасалари вакиллари Қирғизистондаги диний таълим ислоҳотларини муҳокама қилмоқдалар. [Қирғизистон дин ишлари бўйича давлат комиссияси]

Диний арбобларнинг айтишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси мамлакатда диний таълимнинг расмий йўналишини белгилайди, шунингдек, диний таълим муассасалари устидан назоратни кучайтиришни кўзда тутади.

Таклиф этилган қонунга мувофиқ, фақат расмий таълим муассасаларида таҳсил олган диний мутахассисларгагина ўқитувчилик қилишга рухсат берилади. Шунингдек, у хусусий тарзда диний таълим бериш тақиқлайди.

Қонун лойиҳасида белгиланишича, фуқаролар диний таълимни фақат ГКДР томонидан тасдиқланган ўқув дастурига эга мактаб ва университетлардагина олишлари мумкин. Комиссия шунингдек, ўқув материалларида Қирғизистонда тақиқланган бузғунчи диний мафкуралар ёки экстремистик руҳдаги маълумотлар йўқлигини текширади.

Шу билан бирга, фақат Қирғизистонда рўйхатдан ўтган диний ташкилотларгина таълим муассасалари очишга ҳақли бўлади.

ГДКРга кўра, бундай муассасаларнинг ўқув дастури диний мавзулардан ташқари Қирғизистон тарихи, география ва бошқалар каби умумтаълим фанларини ўз ичига олиши лозим.

«Жамоат хавфсизлиги масаласи»

Қирғизистондаги ноҳукумат ташкилот – «Динлараро кенгаш» жамоатчилик бирлашмасининг ижрочи директори, диншунос Галина Колодзинскаянинг айтишича, вазирлар маҳкамаси ва парламент 2007 йилдан бери диний таълим соҳасини ислоҳ қилишга уриниб келаётган эди.

Унинг сўзларига кўра, дин ва давлат бир-бирига зид келувчи талаблари ўзаро мувофиқлаштириб бўлмагани сабабли ислоҳотга оид таклифлар бир неча бор ўзгартирилган ва ортга сурилган.

«Қирғизистондаги диний таълим муассасаларида диний арбоблар етишиб чиқишини, улар ўз издошларини дунёқарашига таъсир ўтказиши ва ўз «ижтимоий капиталини» динлараро низолар келтириб чиқариш ёки диндорларни радикаллаштиришга сарфлаши мумкинлиги эътиборга олинса, бу жамоат хавфсизлиги муаммосини келтириб чиқариши мумкин», дейди Колодзинская.

«Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан бунда давлатнинг аралашувига рухсат этилади», деб қўшимча қилди у.

Шу билан бир вақтда, ҳукумат диний гуруҳларни давлат рўйхатидан ўтишга тарғиб қилиш учун диний фаолият учун қулай шарт-шароитлар яратиши лозим. У Қўшма Штатлардаги тажрибани мисол ўлароқ келтирар экан, ҳукумат тарафидан рўйхатга олинган диний ташкилотлар солиқлардан озод қилинишини айтиб ўтди.

Бундай сиёсат радикал таълимотларга барҳам беришга кўмаклашади, деди Колодзинская.

«Бундай ҳолатда диний жамоалар рўйхатдан ўтишдан ўзлари манфаатдор бўладилар, шу боис уларни кузатиб бориш шарт бўлмайди», деди у. «Ҳукуматда диний таълим муассасалари ва ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланадиган шахсларнинг аниқ рўйхати бўлади».

Ҳозирда рўйхатдан ўтиш жараёни мушкул, деди Колодзинская. Расмий мақом олиш ниятидаги ташкилот аввал ГКДРда кейин эса таълим вазирлигида рўйхатдан ўтиши кераклигини қўшимча қилди у.

Миллий қадриятларга асосланган дин

Давлат қадриятлари ва маданиятига мос келадиган диний таълим сиёсати муҳим, деб таъкидлади Қирғизистон президенти қошидаги Миллий бирлик ва диний сиёсатни жучайтириш бўйича эксперт кенгаши аъзоси, бишкеклик Денис Бердаков.

«Вилоятларда масжидлар диний таълим ва одамлар тўпланишлари учун энг муҳим ижтимоий ташкилот бўлиб қолмоқда», деди у.

Имомлар сони ва уларнинг жамиятга таъсири ортиб бормоқда, деди у.

«Қирғизистон ҳукумати қирғиз миллий маданияти қадриятлари, урф-одатлари ва маънавиятига асосланган исломни қўллаб-қувватлаш сиёсатини тадбиқ қилмоқдалар», деди у. Барча диндорлар энг аввало ўз мамлакатлари фуқаролари эканликларини ёдда тутишлари кераклигини таъкидлади.

«Бу тўғри, шу билан бирга мушкул йўл», деди у. «Аввал сиёсий давлат, кейин эса ислом маданияти – аксар давлатлар, жумладан Исломий мамлакатларнинг шиори бу.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500