Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон Қирғизистон билан ҳарбий разведкага оид битимни тасдиқлади

Канат Алтинбаев

22 март куни Шарқий Қозоғистон вилоятидаги машғулотларда иштирок этаётган қозоқ ҳарбийлари. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

22 март куни Шарқий Қозоғистон вилоятидаги машғулотларда иштирок этаётган қозоқ ҳарбийлари. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукумати Қирғизистон билан ҳарбий разведка бўйича ҳамкорлик келишувини тасдиқлади, у Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро муносабатлар ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатларини акс эттиради.

Ҳужжат илк бор ўтган йилнинг июль ойида Қирғизистон Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Райимберди Дуйшенбиев ва Қозоғистоннинг ўша вақтдаги мудофаа вазири, генерал-полковник Сакен Жасузаков томонидан имзоланган эди. Бу Қозоғистон ҳарбий делегациясининг Қирғизистонга илк расмий ташрифи бўлди, деб хабар беради КазТАГ.

Қозоғистон ҳукумати келишувни 16 май куни маъқуллаган.

Келишувга мувофиқ, икки мамлакат ўртасида муҳим масалалар бўйича разведка маълумотлари ва экспертлар баҳолари, шунингдек, хавфсизликка таҳдид туғдирадиган террорчилик ва бошқа ташкилотларга оид маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков ўтган йилнинг 25 июль куни Бишкекка ташриф билан келган Қозоғистоннинг ўша вақтдаги мудофаа вазири Сакен Жасузаковни қабул қилмоқда. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков ўтган йилнинг 25 июль куни Бишкекка ташриф билан келган Қозоғистоннинг ўша вақтдаги мудофаа вазири Сакен Жасузаковни қабул қилмоқда. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Ҳужжат шунингдек, замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши кураш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни ҳам ўз ичига олади.

Ҳамкорлик шартларига мувофиқ, икки мамлакат умумий фойдаланишда бўлган ҳарбий разведка маълумотларини ҳимоя қилиши, ахборотни бир-бирига қарши ишлатмаслиги ва уни ўзаро келишмасдан учинчи томонларга бермаслиги талаб этилади.

Келишув дастлабки беш йил мобайнида амал қилади ва томонлардан бири уни бекор қилиш ниятини билдирмаса, кейинги беш йиллик муддат учун автоматик равишда янгиланади.

Минтақавий хавфсизликни кучайтириш

Икки мамлакат мудофаа вазирликлари ва хавфсизлик идоралари бунгача ҳам, жумладан, терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилганлар, дейди олмаоталик истеъфодаги армия майори Даурен Оспанов.

«Юқори даражадаги мазкур келишув ўзаро ҳамкорликка янги расмий мақом берилганини англатади, мақсад – ҳамкорликнинг барча шартларини тартибга солувчи ҳуқуқий асос яратиш», деди у.

Терроризм ва экстремизм таҳдидлари Қозоғистон ва Қирғизистон учун тобора долзарб бўлиб бормоқда, дейди сиёсат ва хавфсизлик бўйича мутахассис, бишкеклик Эдил Осмонбетов.

Хавф фақатгина Сурия ва Ироқни тарк этиб, қайта фаолият бошлашга уринаётган «Ислом давлати» жангарилари тўпланган Афғонистонда эмас, балки фуқароларининг радикаллашув хавфи мавжуд бўлган Марказий Осиё мамлакатларида ҳам мавжуд, деди у.

Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида ҳарбий разведка шартномаси Марказий Осиё давлатлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш йўлидаги муҳим қадамдир, деди Осмонбетов.

«Бу бирлашган геосиёсий минтақа яратиш ва минтақавий хавфсизликнинг умумий кун тартибини шакллантиришимиз учун яхши имконият», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500