https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/06/06/feature-01
Astana Club мажлиси иштирокчилари Қозоғистонни халқаро воситачи сифатида эътироф этдилар
| Дипломатия

Сурхондарё вилояти ўзбек-афғон ҳамкорлигининг марказига айланиб бормоқда

Максим Енисеев

image

23 май куни Термиз шаҳрида ўтган ўзбек-афғон бизнес форуми иштирокчилари. Тадбир давомида Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари умумий қиймати 82,2 млн. долларлик экспорт шартномалари ва келишувларни имзоладилар. (Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилояти икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг маркази сифатида тараққий этиб бормоқда.

Сўнгги йилларда ушбу ҳамкорлик таълим, савдо ва инвестиция соҳаларини қамраб олган.

20 май куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) раиси Мирослав Лайчак Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорликни таъминлашдаги ўрни ва Афғонистонга кўрсатаётган доимий ёрдамини алоҳида эътироф этди.

ЕХҲТ сайтининг ёзишича, ташриф давомида Лайчак Термизда афғонистонликлар учун ташкил этилган таълим марказига 10 минг евро (11,1 минг АҚШ доллари) тақдим этган. Ушбу марказ Сурхондарё вилоятида жойлашган.

image

Термиздаги Афғонистон фуқароларига таълим бериш марказининг ўзбек ва афғон талабалари, 2018 йил. (ЎзА)

image

23 май куни Термизда афғон-ўзбек бизнес форумининг очилишида иштирок этган икки мамлакат ишбилармонлари. (ЎзА)

«Таълим – биз истаган келажакни яратишга имкон берувчи оддий, аммо қудратли воситадир», деб айтган Лайчак Комилов билан учрашуви чоғида.

«У бизга билимларни тўплаш, фикрлашни ўзгартириш, ёндашувларни қайта кўриб чиқиш ва хулқ-атворни яхшилашга ёрдам беради», деди у. «Афғон ёшлари зарур кўникмаларни ўрганиш орқали мамлакатни иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишлари мумкин. Модомики, биз хавфсиз келажак барпо этиш ҳақида жиддий ўйлаётган эканмиз, ёшлар бизнинг калитимиздир».

Термиздаги Афғонистон фуқароларига таълим бериш маркази 2018 йил январь ойида очилган бўлиб, афғонистонлик талабалар учун 17 та йўналиш, жумладан ўзбек ва инглиз тиллари, физика ва кимё соҳаларида олий ва ўрта махсус таълим беришга ихтисослашган.

2018-2019 ўқув йилида у ерда 96 нафар талаба таҳсил олди. Марказ 300 тагача талабани сиғдира олади.

«Ўзбек тили Афғонистоннинг шимолий вилоятларида анча кенг тарқалган бўлишига қарамай, у ўзбекистонликлар сўзлашадиган ўзбек тилидан кескин фарқ қилади. 20-асрда икки халқ ўртасидаги алоқалар бир неча ўн йиллар давомида узилиб қолган эди», дейди тошкентлик тилшунос Отабек Ҳайитқулов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Таълим марказининг ғояларидан бири – ўзбек тилини чуқур ўрганиш орқали Амударёнинг икки тарафидаги ўзбекларни яқинлаштиришга кўмаклашиш», деди у Ўзбекистоннинг Афғонистондан ажратиб турувчи дарёни назарда тутиб.

Савдо-сотиқни ривожлантириш

Бу орада 23 май куни Термизда икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ўзбек-афғон бизнес форуми бўлиб ўтди.

Афғонистонлик тадбиркорлар форумда тақдим этилган 300 дан ортиқ турдаги ўзбек маҳсулотлари билан танишиш ва ўзбекистонлик ҳамкасблари билан музокара олиб бориш имконига эга бўлдилар.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида умумий қиймати 82,2 млн. АҚШ долларига тенг экспорт шартномалари ва битимлар имзоланди, дейилади Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 27 май кунги баёнотида.

«Ўзбеклар ва афғонлар бир дарёнинг икки соҳилида яшовчи қардош халқлардир», деб таъкидлади Афғонистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Ойбегим» уюшмаси раҳбари Халилёр Фрозан хоним Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига (ЎзА) берган интервьюсида.

«Уюшмамиз ишлаб чиқариш, савдо, маданият ва бошқа кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида», деб маълум қилди у.

«Иқтисодий барқарорликка ўз ҳиссасини қўшиш ниятида бўлган Ўзбекистондан беҳад миннатдормиз», деди у.

Ўтказилган форум 17 май куни Душанбе шаҳрида Афғонистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари – Салоҳиддин Раббоний ва Абдулазиз Комилов учрашувининг маҳсули бўлди.

Вазирлар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ижобий ва динамик натижаларини мамнуният билан қайд этдилар ва турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, жумладан, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги йирик инфратузилмавий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини муҳокама қилдилар, деб хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Афғонистон сармояси

Ўтган йили хорижий инвесторлар томонидан Сурхондарё вилоятига 7,3 млн. доллар инвестиция киритилган. 2019 йилнинг бошидан бери эса улар 6,6 млн. АҚШ доллари миқдорида сармоя киритганлар. Афғонистонлик тадбиркорлар 2019-2020 йилларда Сурхондарёда умумий қиймати 30 млн. долларга тенг 14 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда.

ЎзА хабарига кўра, бугунги кунда Сурхондарё вилоятида афғонистонлик инвесторлар иштирокида тузилган 144 та корхона фаолият юритмоқда.

Ўз навбатида Ўзбекистон Афғонистонга енгил автомобиллар, юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, ўғитлар ва мева-сабзавот экспорт қилади.

Мазкур сармоявий лойиҳаларга кўмаклашиш мақсадида Сурхондарё вилоятида «Термиз» логистика маркази фаолиятини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

2016 йилда очилган ушбу марказ Ўзбекистон-Афғонистон савдо алоқалари учун асосий марказ бўлиб хизмат қилиши кутиляпти. 23 май куни марказ негизида доимий ўзбек-афғон савдо зонаси ташкил этилди.

Чегарадаги савдо зонаси Ўзбекистон ва Афғонистон корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда ўзига хос «дўстлик кўприги» вазифасини ўтайди, деб ёзади ЎзА.

Савдо зонасида Ўзбекистонда бизнес юритишни истаган афғон тадбиркорлари учун божхона терминали, меҳмонхона, ресторан ва хизмат кўрсатиш шахобчалари мавжуд. Ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ хизматлар «ягона дарча» орқали тақдим этилади.

Сизга мақола ёқдими?
7
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha