ТОШКEНТ – Ўзбекистонлик мутахассислар бир неча йил давомида экстремистик гуруҳлар, жумладан «Ислом давлати» (ИД) ҳукмронлиги остида яшаган ва яқинда Суриядан қайтарилган ўнлаб аёллар ва болалар билан фаол иш олиб бормоқда.
30 май куни Ўзбекистон ҳукумати Яқин Шарқдаги қуролли низолар ҳудудларида қолиб кетган 156 нафар ўзбек фуқаросини ватанига қайтариш бўйича «Меҳр» инсонпарварлик операцияси ўтказилгани ҳақида хабар берди.
Операция давомида жами 106 та ёш бола ва 48 аёл олиб келинган. Қайтарилганлар орасида икки нафар эркак бўлган, аммо уларнинг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Курд кучлари Суриянинг Қамишли шаҳрида ўзбекистонлик дипломатларга ўзбек фуқароларининг аксар қисмини топширганлар, шундан сўнг улар Ўзбекистонга олиб келинган.
Курд кучлари вакили Камол Акифнинг сўзларига кўра, жами уч юзга яқин ўзбекистонликни ватанига қайтариш кўзда тутилган бўлиб, яқин кунларда қолганлар ҳам Ўзбекистонга олиб келинади.
Улар президент Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан «махсус рейс» орқали Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар берган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги.
Ҳозирда Яқин Шарқда 3000 га яқин ўзбекистонлик бор, деб айтган Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси (ЎМДИ) раҳбари, муфтий Усмонхон Алимов душанба (10 июнь) куни.
Қозоғистон май ойи бошида Қўшма Штатларнинг транспорт кўмагида Суриядан 231 фуқаросини эвакуация қилиши ортидан Ўзбекистон ҳукумати ҳам ўз фуқароларини ватанига қайтариш чораларни амалга оширган.
Шунингдек, Тожикистон ҳам май ойида Ироқдан 84 нафар вояга етмаган болани ватанига қайтарган эди. Уларнинг оналари «Ислом давлати» гуруҳига алоқадорликда айбланиб, қамоқ жазосини ўтаётган бўлган.
«Вақт, сабр ва меҳр»
Халқаро Қизил хоч қўмитаси Ўзбекистон олиб борган операцияни олқишлаган ҳамда низо ҳудудларидан одамларни қидириб топиш ва қайтганлар билан ишлаш учун руҳшуносларни ўқитишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
30 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (UNICEF) вакили Сасча Грауманн қайтарилган болаларга психологик кўмак кўрсатишда ташкилотнинг ёрдамини таклиф қилди.
«Биз Ироқ ва Сурияда ўта оғир шароитларда қолаётган ва ЮНИCЕФ томонидан топилган ўзбекистонлик болаларни эвакуация қилишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», деб қўшимча қилган Грауманн.
«Йўлдан адашиб» ўз ватанини ташлаб кетган ўзбекларга тиббий, руҳий, моддий ва маънавий кўмак кўрсатилади, дейилади Ўзбекистон ҳукумати баёнотида.
Ҳукумат уларни тинч ҳаётга қайтариш ва жамиятга қайта мослаштириш учун таълим дастурлари, уй-жой ва иш билан таъминлашни режалаштирмоқда, деб қўшимча қилинади ҳужжатда.
Низоли ҳудудлардан қайтган аёллар ва болалар соғломлаштириш муассасаларига жойлаштирилганлар, у ерда улар билан руҳшунослар ва шифокорлар ишламоқда, деб айтган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари ва бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева 30 май куни Газета.уз нашрига.
Аёллар Сурияга турли сабаблар, жумладан, иш қидириб, севиб қолганлари туфайли, айримлари эса оилаларини сақлаб қолиш учун боришган, деди у.
«Кўп аёлларнинг турмуш ўртоқлари у ерда ҳалок бўлган. Ораларида Сурияда ҳомиладор бўлганлар ва турли инфекцион касалликлар ёки жароҳатлар сабабли ҳаётдан кўз юмганлар ҳам бор. Баъзи аёллар уч, тўрт нафар боласи билан уй-жойсиз ёки озиқ-овқатсиз ўта оғир шароитда қолиб кетган», деди Норбоева.
«Улар бориб қолган ерда ўзлари ва болалари учун на эркинлик, на иш жойи ёки қулай яшаш шароити бўлган», деди у.
«Биз бошқа ўзбек аёлларининг бундай ҳолатга тушишларини ёки ёлғон ва жангари гуруҳларга ёлловчилар қурбонига айланишини истамаймиз», деди у.
1 июнь куни Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Суриядан қайтган болалар учун байрам тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мактабгача таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари, президентнинг қизи Шаҳноза Мирзиёева ҳам иштирок этди.
Болалар турли совғалар, ширинликлар билан сийланиб, уларга кўнгилочар дастурлар намойиш этилди.
«Олиб келинган болаларни жамиятга қайта мослаштириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши зарур. Улардаги ишончни тиклаш учун вақт, сабр ва меҳр талаб этилади», деб айтган Мирзиёева Kun.uz хабарига кўра.
Экстремистлар заифлашмоқда
Инсонпарварлик операцияси минтақада ўзбек жангари гуруҳларининг инқироз белгилари пайдо бўлаётган вақтга тўғри келган.
Авваллари Идлиб вилоятида фаолият олиб борган «Имом Бухорий жамоати» гуруҳи 2018 йилда Афғонистонга кўчиб ўтган. Бироқ, гуруҳнинг Телеграмдаги канали 2019 йил январдан бери жим-жит, унинг сайти эса умуман ишламаяпти.
Бу орада ўзбекистонлик жангариларнинг баъзилари ИДни қўллаб-қувватлаган «Тавҳид ва Жиҳод» гуруҳи сафига қўшилганлар. Улар орасида Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан бўлган 26 яшар Шерзод Жўраев ҳам бор эди. У гуруҳ сафидан чиқиб, 2018 йилда Ўзбекистонга қайтган.
Гуруҳнинг собиқ қўмондони, шайх Салоҳиддин номи билан машҳур бўлган Абу Салоҳ YouTube каналига видеолар жойлаб турган бўлса-да, улар у қадар оммалашмаган, бор-йўғи бир неча ўн марта кўрилган, каналнинг обуначилари эса ундан ҳам кам.
«Сурия ёхуд Курд кучлари назоратидаги қамоқхоналарда қолаётган ўзбекистонлик эркакларда ватанга қайтиш имкони бор», дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Умид Асатуллаев.
Уларнинг айримлари бирор жазосиз Ўзбекистонга қайта олишлари учун махсус комиссия ўтган йилнинг ноябрь ойидан ишларни кўриб чиқишни бошлаган.
«Агар улар қилмишларига чин дилдан иқрор бўлиб, тергов билан ҳамкорлик қилсалар, жазодан қутулиб қолишлари мумкин», дейди Асатуллаев. «Шу тариқа ҳукумат келажакда уларнинг радикаллашувини олдини олмоқчи. Жанговар ҳаракатлар ёки террорчилик амалиётларида бевосита иштирок этганлар эса амнистияга тушмайди, бироқ улар ўз ватанларида адолатли суд қилинишга ҳақли бўладилар».
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги 30 май кунги баёнотида Яқин Шарқдаги қуролли низо ҳудудларида қолаётган ўзбек фуқароларига ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
«Турли сабабларга кўра, ўзга юртда оғир турмуш шароитларида қолган ватандошларимизга улар Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остида эканликларини, давлатимиз уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришини маълум қиламиз», дейилади вазирлик баёнотида.
Болалар ота-онасининг қилмишлари учун жавоб бермайди. Ўзбекистон президентига раҳмат!
Жавоб беришФикрлар 4
Кетмасдан аввал Уйлаш керак нима билан тугашни, уларни кечириш керак Эмас отиш керак. Ватан хойинлари. Нечта мусулмонни ултирдинг? Нонинсоф.
Жавоб беришФикрлар 4
Энг асосийси, бу секинлаштирилган поезд ҳалокатига айланиб қолмаслиги керак. Улар ўз давлатларини тузишга уринмайдилар, деб умид қиламиз.
Жавоб беришФикрлар 4
Оқибати яхши бўлишини умид қиламиз
Жавоб беришФикрлар 4