https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/06/14/feature-01
| Терроризм

Афғонистонда «Ислом давлати» таҳдиди кучаймоқда

Salaam Times ва AFP

image

ИД апрель ойида Кобулдаги Афғонистон алоқа вазирлигига уюштирилган ҳужумидан сўнг тарқатган мазкур суратда гуруҳнинг бир нечта аъзолари тасвирланган. (Файл)

КОБУЛ – «Ислом давлатининг» (ИД) «халифалиги» тугатилганидан сўнг, гуруҳ ўз эътиборини Афғонистон ва бошқа қўшни давлатларга қаратишга ҳаракат қилмоқда.

Ироқ ва Сурияда қонли жанглар олиб борган ИД жангарилари ўз зўравонликларини давом эттириш ва Қўшма Штатларга қарши «самарали» ҳужум режалаштиришга ёрдам бериш мақсадда Афғонистонга йўналмоқдалар. Бу ҳақда AFP нашри АҚШ расмийсига таяниб хабар берган.

Яқин Шарқдаги «халифаликни» қўлдан бой берган ИД Жанубий Осиё даҳшатли ҳужумлардан ўнгланаётган бир вақтда минтақадаги таъсирини кучайтиришга уринаётгани огоҳлантириш ўлароқ янграмоқда.

«Уларнинг баъзилари у ерга етиб бориб, орттирган тажриба, малака ва билимларини етказишга уринаётганликлари бизга маълум», деди яқинда Кобулда AFP мухбири билан суҳбатлашган АҚШ разведкаси расмийларидан бири.

image

Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган ИД жангарилари Жалолободда оммавий ахборот воситаларига кўрсатилмоқда, 10 апрель куни олинган сурат. (Нуруллоҳ Шерзода/AFP)

image

ИДнинг Хуросон бўлинмаси 3 июнь куни Телеграм тармоғида улашган мазкур суратида Афғонистондаги жангариларидан бири акс этган. (Файл)

«Агар биз Афғонистонда ИД терроризмига қарши курашни давом эттирмасак, мамлакатимиз ҳудудида бир йил ичида йирик ҳужум уюштирилиши мумкин», деб қўшимча қилди расмий. У хавфсизлик мақсадида ўз шахси сир қолишини истаган.

АҚШ ва НАТО кучлари учун масъул тўрт юлдузли генерал Скот Миллерга ёрдам бериш учун бир гуруҳ таҳлилчилар билан Кобулга келган расмий ҳужум режаси ҳақида ҳеч нарса демаган.

Шунга қарамай, ИД Америкада бир нечта катта ҳужумларга алоқадор бўлган ёки улар гуруҳ ташаббуси билан уюштирилган. 2016 йил Флоридада юз берган отишма ҳам шулар жумласидандир. ИДга содиқликка қасамёд қилган қотил тунги клубда 49 та кишини ўлдирган.

Расмийлар минглаб жангарилар ўлдирилганини айтган бўлсалар-да, яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган маълумотларда Афғонистонда 2500 дан 4000 гача ИД аъзолари борлиги маълум қилинган. Икки йил аввал АҚШ давлат департаменти шунга яқин рақамларни ошкор қилган эди.

ИДнинг Хуросон бўлинмасидаги (ИД-Х номи билан ҳам танилган) жангарилар сони ва имкониятлари ҳам ошган, деди АҚШ сенатори Жек Рид Афғонистонга ташрифидан сўнг.

АҚШ разведкаси расмийси Афғонистонда нечта собиқ жангари борлигини айтиб ўтмаган, аммо «ҳар қандай рақам муҳим», деб таъкидлаган.

ИД-Х сафида европаликлар, жумладан британия ва францияликлар ҳам мавжуд, деб қўшимча қилди у.

Уларнинг ҳозирлиги террорчилар томонидан Афғонистонни чет давлатларига ҳужум уюштиришга бошпана сифатида қўллашнинг олдини олишга ваъда берган Толибонлар билан эришилаётган ҳар қандай тинчлик келишувларига путур етказиши мумкин.

«Биз Толибонларни бу муаммога ечим топиш ва уни ҳал этишга мажбурлай олмасак, улар ҳеч қачон бу мамлакатни ташқи кучлардан ҳимоя қила олмайдилар», деди расмий.

Ҳамон ўйинда

Жангарилар томонидан фойдаланилаётган ер ости йўллари ва бункерларни йўқ қилиш мақсадида Қўшма Штатлар шиддатли ҳаво ҳужумларини амалга оширди, жумладан, Пентагоннинг энг катта ноядровий бомбаси – «Бомбаларнинг онасини» ҳам ташлади.

Демократия мудофааси фонди катта илмий ходими ва ташкилотнинг «Long War Journal» нашрининг муҳаррири Томас Жослин бу борада шундай деди: АҚШ ИДнинг Афғонистондаги «ривожланишини тўхтатган ва айрим ҳолларда уларнинг операцияларига тўсқинлик қилган».

«Бироқ, бу уларни ўйиндан чиқара олмади», деди у AFP билан суҳбатда.

Яхши молиялаштириладиган гуруҳ ўз сафларини мўмай даромадни кўзлаган хорижий ва маҳаллий жангарилар билан тўлдирди.

ИДнинг Хуросон бўлинмаси Жузжон вилоятида йўқотишларга учраган бўлса-да, Нангарҳор ҳамда Кунардаги таянч нуқталарини сақлаб қолган ва Толибон кучлари ҳужумини қайтариб, минглаб маҳаллий аҳолини сиқиб чиқарган.

Ҳафсаласи пир бўлган Толибон жангарилари баъзида ихтилофлар ёки мафкуравий сабабларга кўра, Толибонларни Исломни талқин қилишди етарлича қаттиққўл эмаслигини айтиб, ИД-Хуросон гуруҳига ўтиб кетишган.

Қўшма Штатлар берган маълумотга кўра, ИД-Хуросон гуруҳи 2016 йил Кобулда олтита пухта ишланган ҳужумни уюштирган. 2017 йилда бу рақам 18 тага етган бўлса, ўтган йил 24 та ҳужум содир этилган.

2019 йилда ИД Афғонистонда амалга оширилган ўнлаб ҳужумлар, жумладан 2 июнь куни Кобулнинг уч жойида юз берган портлаш билан боғлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Айрим афғонистонлик расмийлар ИД ҳар доим ҳам шундай ҳужумларга бошчилик қиладими ёки йўқми, эҳтимол, Ал-Қоидага алоқадор Ҳаққоний тармоғи каби Толибон ва Покистон гуруҳлари ҳам улар учун жавобгар бўлиши мумкинми деган саволларни ўртага ташламоқда.

«Бу ҳужумлар шу каби афғон ва покистонлик гуруҳлар томонидан амалга оширилса-да, ҳамма шараф жавобгарликни шу заҳоти ўз зиммасига олган ИДга ўтади», деб айтган Афғонистон хавфсизлик хизмати расмий ходими AFP нашрига.

Бир вақтнинг ўзида, техник билимга эга ёлловчилар потенциал жангариларни ижтимоий тармоқлар орқали ва баъзан Кобул университетларида таҳсил оладиган ўртаҳол қатламга мансуб муваффақиятли талабаларни излаб топиб тайёрлайдилар.

ИД бошқа ҳудудларни кўзламоқда

Афғонистон ИД масаласида силжиш рўй бераётган ягона мамлакат эмас.

ИД апрель ойида Пасха байрами чоғида Шри-Ланкадаги черковлар ва меҳмонхоналарда содир этилган ва 253 кишини ҳаётдан олиб кетган ҳужумлар ва портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

30 апрель куни жангариларнинг қўлга тушмас етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йилда илк бор кўриниш берганидан буён ташвиқий видеолавҳада пайдо бўлган эди.

ИД Яқин Шарқ ҳудудида тор-мор этилганидан сўнг, ўз диққатини Покистон ва Ҳиндистонга қаратаётган кўринади.

Май ойида ИД «Покистон вилояти» яратилганини эълон қилди ва «Ҳинд вилояти» бўлинмаси Кашмирнинг Ҳиндистон бошқарувидаги қисмида ҳинд кучларига қарши уютирилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Сизга мақола ёқдими?
12
Йўқ
Фикрлар 3
Сиёсат
Captcha

Шубҳасиз, бунинг ҳомийси Кремль

Жавоб бериш

Тез орада уйингизга америкалик усталар келишади

Жавоб бериш

Буларнинг бари ортида Россия турибди. Улар нафақат ИШИДга ҳомийлик қиладилар, балки (руслар) толибонларга ҳам ёрдам берадилар.

Жавоб бериш