АРИС, Қозоғистон – Сешанба (25 июнь) куни Қозоғистон президенти қурол-аслаҳа омборида содир бўлган портлаш юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Ушбу ҳодиса туфайли мамлакат жанубидаги шаҳарчада икки киши ҳаётдан кўз юмган, 165 киши жароҳатланган, деб хабар беради AFP.
Душанба (24 июнь) куни юз берган портлашлар сабабли 40 минг киши яшовчи Арис аҳолиси эвакуация қилинган, мудофаа вазирлиги бунга омборхонада келиб чиққан ёнғин сабаб бўлганини маълум қилди. Аҳоли хавфсиз жойга кўчирилган.
Аҳоли Чимкент шаҳрига ва портлаш марказидан 25-35 километр масофадаги Мунтайтас, Кабылсай ва Шағир қишлоқларига кўчирилган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан одамлар ҳудудни тарк этаётгани, портлаган бинолар ва осмонга кўтарилаётган қуюқ тутун акс этган видео тарқатилган.
Сешанба куни вазирлар маҳкамаси йиғилишида сўзлаган бош вазир Аскар Мамин «бир фуқаро ва бир ҳарбий хизматчи» ҳалок бўлгани ҳамда 165 киши касалхонага ётқизилганини айтган.
Қозоғистоннинг янги сайланган президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев сешанба куни Чимкентга ташриф буюриб, касалхонадагиларни бориб кўрди.
У Ички ишлар ва мудофаа вазирликларига келажакда бу каби портлашларнинг олдини олишга буйруқ берган ва жиноятчиларнинг «қонун бўйича жавобгарликка тортилишини» ваъда қилган.
«Бу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди», деди Тўқаев.
«Шаҳар қайта тикланади, жабрланганларга компенсация тўланади», деди у.
Омборхонадаги портлашлар бир неча кун давом этиши мумкин, деб огоҳлантирган вилоят ҳокими Умирзак Шукеев душанба куни.
Ҳодиса Қозоғистон ва бутун минтақадаги транспорт алоқасига ҳам путур етказган.
Қозоғистон темирйўл мутасаддиларининг айтишича, ўндан ортиқ поезд қатновлари, жумладан Тошкентга борадиган битта поезд қатнови бекор қилинган.
Қозоғистон орқали Москвага борадиган тезюрар поезд қатнови ҳам бекор қилинди, деб хабар берган қўшни Қирғизистондаги темирйўл соҳаси расмийлари.
Ҳукумат чоралари
«Айни вақтда аҳоли хавфсиз жойга кўчирилмоқда. Расмийлар қурбонлар берилмаслиги учун барча чораларни кўрмоқдалар», деб айтган Чимкентда яшовчилардан бири Валентин Марков.
«Одамлар хавотирга тушган», деди у. «Улар ўз хавфсизликларидан, ташлаб кетган уйлари ва хонадонларидан ташвишдалар. Айримлар Арисни ўз автомобиллари ёки йўл-йўлакай машиналарда тарк этмоқдалар. Ҳамма яхши ният қилмоқда, улар хавф чекиниши ва ўз уйларига қайтишдан умидвор.»
Фавқулодда вазиятлар қўмитаси интернетда эвакуация қилинган фуқаролар рўйхатини эълон қилган. Расмийлар, шунингдек, ҳудуд аҳолиси учун 24 соат узлуксиз ишлайдиган қайноқ линияни ишга туширганлар.
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Арисда ёш болаларнинг бедарак йўқолиши билан боғлиқ ҳодисани тергов қилаётганини айтди.
Айни вақтда Ички ишлар ва Адлия вазирликлари хавфсизлик хизматларининг мингга яқин ходими Арисдаги тартибни сақлашга жалб этилган.
AFPнинг ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаевга асосланиб хабар беришича, Арисда талончилик билан шуғулланишда айбланиб, 3 киши қўлга олинган.
Совет иттифоқидан қолган мерос
Қурол-аслаҳа омбори Совет Иттифоқи давридан қолган Марказий Осиёдаги уран чиқиндихоналари ва Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳридаги эски ядро полигони яқинида саратон билан касалланишнинг юқори даражасини келтириб чиқарган хавфли «мерос»нинг бир қисми ҳисобланади..
2008 йилда Қозоғистон ҳукумати Совет давридан қолган барча кераксиз ўқ-дориларни йўқотиш, утилизация қилиш ва кўмишга буйруқ берган, аммо бу жараён якунланмай қолган эди, деб ёзади zakon.kz сайти.
Арисдаги омбор ҳам Совет давридан қолган шундай мерослардан биридир.
Марказий Осиёда ўқ-дори омборларининг портлаши тез-тез юз бериб туради.
Душанба кунги ҳодиса Арис яқинидаги омборда юз берган портлашларнинг тўртинчиси бўлди. 2009 йилда содир бўлган шу каби портлаш туфайли 3 қозоқ фуқароси ҳалок бўлган, деб хабар беради AFP.
Токаевнинг қайд этишича, омборда юз берган портлашлар муносабати билан Жиноят кодексининг 462-моддаси – «қурол-яроғ, хавфли моддалар ва объектлардан фойдаланиш қоидаларини бузиш» бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Бу каби ўқ-дори омборлари ва ҳарбий объектлар ўтмишда ҳам террорчилар нишони бўлган ва айрим ҳолларда махсус хавфсизлик чораларини тақозо этган.
2016 йилда террорчилар қуролларни ўғирлаш мақсадида Ақтўбедаги ҳарбий базага ҳужум қилганди.
Қозоғистон ҳарбийлари жорий йилнинг апрель ойида ҳарбий объектларни қўриқлашни кучайтириш мақсадида «Алтын жебе» (Олтин ёй) аксилтеррор машқларини ўтказган эдилар.
Одамлар ўзларини эвакуация қилдилар, болалар ва қариялар Чимкентгача пиёда боришган
Жавоб беришФикрлар 4
Кремлнинг қўпорувчилик ҳаракатига ўхшайди
Жавоб беришОвсар
Жавоб беришМен эса Муродман
Жавоб беришФикрлар 4