https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/06/28/feature-01
Тўлиб-тошган камералар: Суриядаги «Ислом давлати» қамоқхонасига назар
| Хавфсизлик

Тожикистонлик собиқ ИД жангариси Афғонистонга ўйламай қилган сафари ҳақида сўзлаб берди

Неъматулло Мирсаидов

image

Нодира Усмонова уч фарзанди ва қайнотаси билан, Сўғд вилояти, Бобожон Ғафуров тумани, Исфисор қишлоғи, 18 июнь. (Неъматулло Мирсаидов)

(Мақоланинг биринчи қисми 27 июнь куни чоп этилган бўлиб, унда турмуш ўртоғи билан террорчилик ташкилоти сафига қўшилган ва афғон қамоқхонасига тушиб қолган тожик аёли Нодира Усмонова ҳақида ҳикоя қилинади.)

СЎҒД ВИЛОЯТИ, ТОЖИКИСТОН – Фарҳод Усмонов ишлаш учун Москвага сўнгги бор 2017 йилнинг апрель ойида борган эди.

Аёли Нодиранинг айтишига қараганда, маълум муддатдан сўнг Усмонов, тахминларга кўра, Озарбайжондан уйига қўнғироқ қилган ва яхши маош тўланадиган иш топганини айтган.

Аслида эса у Эрон ёки Афғонистондан туриб алоқага чиққани тахмин қилинади.

Усмонов бошқа юзлаб тожикистонлик мигрантлар каби яхши маош ҳақидаги ёлғон ваъдаларга учиб, «Ислом давлати»нинг (ИД) сохта мафкурасига алданди.

ИД сафига қўшилганидан кейин у Туркияга, сўнгра Эрон орқали Афғонистонга йўл олган.

Ундан аввалгиларнинг кўпи Сурияга борган эдилар, лекин Суриядаги ҳудудини бутунлай бой берган ИД асосий эътиборини Афғонистонга қаратган.

ИДнинг Афғонистонга ўтиши «ушбу беқарор мамлакат билан чегарадош бўлган Тожикистон, Ўзбекистон и Туркманистон каби барча Марказий Осиё давлатларига қарши эълон қилинган урушдир », дейди Афғонистон масалалари бўйича эксперт Қосим Бекмуҳамедов.

Бироқ, Афғонистоннинг ўзи ИДга хайрихоҳ эмас. Афғонистон ҳукумати ҳам, толибонлар ҳам ИДдан нафратланади ва унга қарши жанг қилмоқда.

Янглиш эътиқод сари йўл

2018 йилнинг февраль ойида Усмоновага эри қўнғироқ қилади ва болалари билан Озайбайжонга келишни сўрайди.

У чипта сотиб олиб, фарзандлари билан Москва орқали Бакуга учди. У ерда эса уларни эрининг дўсти эканлигини айтган нотаниш ўзбекзабон киши кутиб олди.

«Унинг исми Маҳмадали эди», дейди аёл. «У мени ва икки боламни меҳмонхонага жойлаштирди, пулини ҳам тўлади.»

Усмонова икки ҳафта Бакудаги меҳмонхонада бўлди, сўнгра озарбайжонлик Гузлер исмли аёлнинг кўмагида болалари билан Эронга жўнади.

Теҳронда эса уларни бошқа аёл - Шайдо кутиб олади ва Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрига олиб ўтади.

Усмонова ва фарзандлари Жавзон вилоятидаги (ўша вақтда ИД назоратида бўлган) Сардара қишлоғига етиб боришди. Усмонов уларни ўша ерда кутаётган эди. Сафар жами 18 кун давом этди.

Нотанишлар орасидаги ҳаёт

Сардарада оила лойдан ясалган уйда кун кечирар эди.

Усмонов ойига 6 минг афғоний ишлаб топар эди. У нозирлик қиладиган ИД қамоқхонасида Афғонистон миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари, Афғон миллий армияси аскар ва зобитлари, шунингдек, ҳукумат тарафдори бўлган тинч аҳоли вакиллари ҳибсда сақланар эди.

Усмонов яқинда афғон телевидениесида кўрсатилган икки тожикистонлик маҳбуснинг бири. Кўрсатувда чиққан ИДнинг бошқа бир аъзоси Неъматулло ИДнинг ҳафсаласи пир бўлганини айтган. Усмоновнинг пушаймонлик сўзлари эса телевизорда янграмаган.

«ИД даъват қилаётган жиҳод умуман йўқ нарса», дейди Неъматулло 1TV NEWS телеканалига. «Унинг мафкуравий раҳнамолари ўз мақсадлари йўлида одамларни алдайдилар, уларнинг ишончини суиистеъмол қиладилар ва саводсизликдан фойдаланадилар.»

1TV NEWS маълумотларига кўра, бугунги кунда Кобулдаги 501-қамоқхонада ИДнинг 400 аъзоси, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россиядан 130 хориж фуқароси бор.

Экстремизмга қарши таълим-тарғибот

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик идоралари экстремистларнинг тинмай даъват олиб боришини англаган ҳолда, маҳаллий ҳокимликлар, имом-хатиблар ва нодавлат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли орасида мунтазам равишда тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.

Бунда ёшларга, меҳнат мигрантлари ва ишсизларга асосий эътибор қаратилмоқда.

«Терроризм ва экстремизмнинг мафкуравий раҳнамолари асосан одамларнинг қарашларини ўзгартиришга ҳаракат қиладилар», дейди хўжандлик журналист Алишер Толибов.

«Дунёқараши тўла шаклланмаган ёшлар, дунёвий, диний ва ҳуқуқий саводхонлиги паст бўлган одамлар, шунингдек, молиявий қийинчиликларга дуч келганлар уларнинг таъсирига тушиши мумкин», деди у.

«Уларни ёвуз экстремистик мафкура таъсиридан ҳимоялар эканмиз, замонавий чақириқлар ва таҳдидларга қарши кураш учун зарур бўлган сиёсий ҳушёрликни йўқотмаслигимиз керак», деди у.

Сизга мақола ёқдими?
4
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha

Бу паст менталитет, очкўзлик, саводсизлик ва жоҳиллик натижасидир. Афсуски, Тожикистонда аҳолининг катта қисми эктремистлар таъсирида. Улар Худога динга кўр-кўрона эътиқод қилишади. Тожикистон қозияти саводсиз аҳоли орасида Худони ва динни англаш бўйича тушунтириш ишларини олиб бормайди. Қозиёт ва унинг ходимларига аҳолининг, айниқса ёшларнинг саводсиз бўлиши фойдалироқ. Ислом дини арбоблари кўп асрлардан бери оддий халқ Ислом дини, фалсафаси ҳақида яхши тушунчага эга эмаслигидан манфаатдор бўлиб келган. Бугун минглаб одамлар ўз саводсизликлари ва жоҳилликлари сабабли диний арбобларнинг жабрдийларига айланмоқда.

Жавоб бериш