Карвонсарой
Таълим

АҚШ «Ойим мадрасаси» тарихий-маданий объектини тиклашда Тожикистонга ёрдам беради

Неъматулло Мирсаидов

Конибодомдаги қайта тикланган Ойим мадрасаси, 25 июнь куни олинган сурат. (Неъматулло Мирсаидов)

Конибодомдаги қайта тикланган Ойим мадрасаси, 25 июнь куни олинган сурат. (Неъматулло Мирсаидов)

ДУШАНБE – Тожикистондаги АҚШ элчихонаси тожик аёллари учун мўлжалланган илк тарихий таълим муассасаси – Ойим мадрасасини таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларини молиялаштирди.

25 июнь куни АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершайм маҳаллий расмийлар билан бирга Конибодомдаги 19-асрга оид бинонинг очилиш маросимида иштирок этган.

Элчихона маданий меросни сақлаш бўйича АҚШ элчилари жамғармаси (AFCP) дастури доирасида мадрасани тиклаш ва таъмирлаш ишлари учун «Имдоди Ғайрат» нодавлат ташкилотига 77154 АҚШ доллари (727 минг сомоний) тақдим этган.

Ойим мадрасаси энди Маданият вазирлиги тасарруфидаги музей сифатида фаолият кўрсатади.

Конибодомдаги Ойим мадрасасида қизлар учун мўлжалланган 25 синфхона бўлган, 25 июнь кунги сурат. (Неъматулло Мирсаидов)

Конибодомдаги Ойим мадрасасида қизлар учун мўлжалланган 25 синфхона бўлган, 25 июнь кунги сурат. (Неъматулло Мирсаидов)

25 июнь куни Конибодомдаги Ойим мадрасасининг очилиш маросимида АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершаймга чўпон ва дўппи туҳфа қилинди. (Неъматулло Мирсаидов)

25 июнь куни Конибодомдаги Ойим мадрасасининг очилиш маросимида АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершаймга чўпон ва дўппи туҳфа қилинди. (Неъматулло Мирсаидов)

«Бой маданий меросга эга тожик халқи бу меросни келажак авлод мулкига айлантириш имкониятига эга бўлиши керак», деди Поммершайм очилиш маросимида.

Қўшма Штатлар Тожикистоннинг ноёб маданий меросини сақлаб қолиш учун қарийб 620 минг АҚШ доллари (5,8 миллион сомоний) миқдорида грант ажратди, дейилади элчихонанинг 25 июнь кунги баёнотида.

Аввалги лойиҳалар «9-асрга оид Хожа Машҳад мадрасани сақлаб қолиш ва муҳофазалаш, Шаҳритуздаги мақбара, қадимги Панжакентдаги Қуйи саройнинг деворий чизгилари, Ҳисордаги 16-асрга мансуб мадрасаи Кўҳна ва Осори-атиқалар давлат музейининг жамланмаларини тиклаш ва муҳофаза қилиш кабиларни ўз ичига олган», дейилади элчихона хабарида.

«27 йиллик ҳамкорлик давомида Қўшма Штатлар жами 17 ҳудуддаги 18 та маданий мерос объектини тиклашда Тожикистонга кўмаклашди. Мен ўзига хос меъморчилиги билан ажралиб турадиган шундай объектлардан бир нечтасини зиёрат қилиш имкониятига эга бўлдим», деди Поммершайм.

«Ойим мадрасасининг янгиланиши ... Тожикистон халқининг маданий меросини тиклаш йўлидаги кичик ёрдамимиз ва бу сўнгги эмас», деди у.

Тарихий объект

1824-1825 йилларда маҳаллий меъморлар томонидан барпо этилган Ойим Мадрасаси ноёб тарихий объект ҳисобланади. Тожикистон ҳукумати ушбу маданий ёдгорликни ўзининг тарихий ва меъморий объектлари каталогида рўйхатдан ўтказган.

Маҳаллий аҳолининг сўзлаб беришича, 1820 йилларда ўзининг илғор қарашлари учун Қўқон хонларининг таъқибига учраган Мулла Мир Олим Конибодомдан бошпана топади.

Маҳаллий аҳоли олимни 10 ёшли қизи Биби Ойим билан биргаликда ўз ҳимояси остига олган.

Мир Олим одамларни маърифатпарварлик ғоялари билан руҳлантирган, улар ҳашар йўли билан масжид барпо этиб, у ерда фақат ибодат қилибгина қолмасдан, балки фарзандларига ҳам маънавий ва диний таълим берганлар. Бинонинг бир қаноти қизларнинг таълим олиши учун ажратилган», деди маҳаллий ўлкашунослик музейи директори Раҳмон Исмоилов.

Бу муассаса қизлар учун Марказий Осиёдаги мавжуд икки диний таълим масканидан бири бўлиб хизмат қилган. Бошқа шу каби муассаса минтақадаги энг йирик илм-фан марказларидан бири бўлмиш Бухоро шаҳрида ташкил этилган эди.

Музей экстремистларнинг аёлларни таълимдан маҳрум қилиш чақириқларига қарши ўзига хос жавобдир.

Маҳаллий аҳолига кўра, Ойим мадрасаси эрксеварлик, эзгулик ва адолат, Тожикистоннинг муайян ҳудудлари одамларининг илм олишга бўлган интилиши тимсолидир.

«Маҳаллий аҳоли бу анъаналарни асрлар оша сақлаб келмоқда. Эҳтимол, шу сабабли ҳам Тожикистоннинг ушбу бурчагида аёлнинг оиладаги оиладаги ўрни бироз бошқачароқ, уларнинг қарашлари, ҳаёт тарзи ва танлови бирмунча эркинроқ», дейди Исмоилов.

«Мулло Мир Олимнинг вафотидан сўнг, мадрасанинг унинг қизи Биби Ойим бошқарди ва ўз ҳаётини илм-фанга бахшида қилди. У 85 йил умр кўрди», деди у.

«Биби Ойимнинг вафотидан сўнг, мадрасани унинг шарафига Ойим мадрасаси деб номладилар», дейди Исмоилов.

Ойим мадрасаси кўҳна тарихий-маданий ёдгорлик бўлмаса-да, у турли даврларда маҳаллий жамият ҳаётида юз берган айрим ижтимоий-сиёсий жараёнларни ўзида акс эттиради, дейди конибодомлик тарихчи-санъатшунос Муяссара Иброҳимова.

Бугунги авлод улардан бохабар бўлиши лозим, деди у.

Мадраса «маърифат ва анъанавий ислом маданияти гуллаб-яшнаган даврларга гувоҳ бўлган, қизлар учун мўлжалланган таълим муассаси фаолияти бунга мисол. У шунингдек, большевиклар ҳукмронлиги ва атеизм даврларини ҳам босиб ўтди, у вақтда мадраса болалар колониясига айлантирилди. Уни тиклаш учун маблағ керак бўлган вақтда эса бир муддат бекор турди», деди Муяссар Иброҳимова.

«Бизнинг америкалик дўстларимиз эса ушбу маданий мерос объектини таъмирлаш ва қайта тиклаш учун грант ажратиб, шундай хайрли ишга қўл урдилар», деди Иброҳимова.

АҚШ кўмагининг аҳамияти

«АҚШнинг молиявий кўмаги бизга мадраса томини, хоналарини таъмирлаш, ғишт деворлардан доғлар ва ғуборларни кетказиш, шунингдек, мадрасанинг тарихий қиёфасини тиклаш учун бир қатор реставрация ишларини олиб боришга имкон беради», деди «Имдоди Ғайрат» жамоат ташкилоти раҳбари Мавлуда Бохирова.

Маҳаллий ҳукумат расмийларига кўра, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга объектларни тиклаш ва янгилаш ишлари Тожикистон шаҳар ва қишлоқларини ривожлантириш бўйича яқин уч йилга мўлжалланган дастур доирасида амалга оширилган.

Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида шаҳарлар ўзига хос қиёфа касб этибгина қолмай, балки сайёҳларни жалб қилувчи омилга ҳам айланмоқда.

«Бу шимоли-ғарбда Тожикистоннинг ўзига хос дарвозаси ҳисобланган Конибодомдек шаҳар учун ниҳоятда муҳим. Ўзбекистон билан чегаралар очилгач, ушбу ҳудуддан сайёҳлар оқими кучаймоқда», дейди Исмоилов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Американинг кўмаги биз учун муҳим, боиси у Буюк Ипак йўли бўйлаб тарихий жойларга қизиқувчи чет эллик сайёҳларини жалб қилишга ёрдам беради», деди у.

«Фарғона ва Самарқанд сингари қадимий шаҳарлар орасида жойлашган Конибодом ўзининг кичик, аммо қадимий тарихий ва маданий ёдгорликлари билан ўзига хос чорраҳага айланиши мумкин», дейди Исмоилов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

АҚШ – демократия ва тараққиёт демак.

Жавоб бериш

АҚШда бошқача кийинишни яхши кўришади...

Жавоб бериш