ЧЎЛПОН-ОТА, Қирғизистон – «Қирғизистон дурдонаси» номи билан танилган Иссиқкўл мамлакатнинг асосий сайёҳлик маскани сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.
Ўтган йили Иссиқкўлга 900 минг сайёҳ ташриф буюрди. Қирғизистон туризм вазирлиги маълумотларига кўра, кўл ҳудуди ҳар йили 1,5 миллионга яқин сайёҳни жалб қилиши мумкин.
Табиий ресурслари кам бўлган мамлакат учун туризм саноати экстремизм таъсирини камайтирадиган иқтисодий имкониятларни тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
Самолётлар, поездлар ва автобуслар
Кўлга элтувчи транспорт воситаларининг кўпайгани туризмни кучайтирган. 1 июлдан бошлаб, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан Иссиқкўл халқаро аэропортига ҳар душанба ва жума кунлари чартер авиарейслар йўлга қўйилди. Дам олиш маскани жойлашган Чўлпон-ота шаҳри аэропортдан 35 километр узоқликда жойлашган.

Иссиқкўлнинг шимолий соҳили, 2 июль. «Қирғизистон дурдонаси» деб аталувчи, баланд тоғларда жойлашган Иссиқкўл мамлакатнинг асосий сайёҳлик маскани ҳисобланади. (Айдар Ашимов)
Энди эса олмаоталиклар тоғ кўлида дам олиш учун бор-йўғи 40 дақиқалик парвоз билан манзилга етиб олишлари мумкин.
Бу орада, Тошкентдан Иссиқкўлга чартер авиарейслар 27 июндан 6 сентябрга қадар амалга оширилади. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги бу йўналишни оммалаштириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатаётган сайёҳлик агентликлари ходимларини халқаро сайёҳлик стандартларига мос равишда ўқитишга кўмаклашди.
Тошкент-Иссиқкўл поезди ёзда пайшанба кунлари қатнайди. Иссиқкўлдан Тошкентга эса шанба куни қайтиб келади.
Жорий йилдаги илк қатнов 6 июнь куни амалга оширилди.
Қозоғистон ва Ўзбекистондан Иссиқкўлгача шаҳарлараро автобус қатнайди, улар ёрдамида Иссиқкўлгача 10-16 соатда етиб бориш мумкин.
Қўшни мамлакатларда яшовчилар Иссиқкўлга турли йўллар билан етиб олишлари мумкин. Масалан, Қирғизистон пойтахти Бишкеккача бориб, у ердан автобус ёки поезд орқали уч-тўрт соат ичида манзилга етиб оладилар.
Яхшиланган хизматлар
Тошкентлик Мурод Набиев Иссиқкўлга турмуш ўртоғи ва уч фарзанди билан келганини айтади. Улар кўлга ташрифдан баҳра олмоқдалар.
«Бу ерга автобусда келдик, 10 кун шу ерда бўламиз», деди у.
«Бу ерга бундан беш йил аввал ҳам келгандик», дейди у. «Ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз. Турли тоифадаги оддий ва ҳашаматли меҳмонхоналар, шунингдек, қаҳвахоналар, дўконлар ва сувли аттракционлар очилган.»
«Ўтган галги сафаримизга қараганда одам анча кўп. Бу ерда бир ҳафта бўлдик, жуда мамнунмиз», деди Набиев. Дам олувчилар сайёҳларни ҳимоя қилиш учун хизмат қилаётган полиция ходимлари сонига аҳамият бераётган бўлишлари ҳам мумкин.
МЕН ҲАМ НАБИРАМ ДИНОРА БИЛАН БОРМОҚЧИМАН ИССИҚКЎЛГА. ҚАЙ БИРИ ҚУЛАЙ :ПОЕЗДМИ , АВТОБУСМИ , Ё САМОЛЁТМИ. ЭНГ АРЗОНИ ҚАЙ БИРИ ? ТОШКЕЕТ — ИССИҚКЎЛ БЎЙИЧА
Жавоб беришФикрлар 1