Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Сўнгги 3 ой ичида 400 минг суриялик Россиянинг бомба ҳужумлари туфайли ўз уйини ташлаб кетган

Карвонсарой ва AFP

Сурия фуқаролик мудофааси («Оқ дубулғалилар») аъзолари Ариҳа шаҳридаги (Идлиб вилояти) ҳаво ҳужумлари амалга оширилгани айтилган жойда йиғилмоқдалар, 28 июль. (Умар Ҳаж Кадур/AFP)

Сурия фуқаролик мудофааси («Оқ дубулғалилар») аъзолари Ариҳа шаҳридаги (Идлиб вилояти) ҳаво ҳужумлари амалга оширилгани айтилган жойда йиғилмоқдалар, 28 июль. (Умар Ҳаж Кадур/AFP)

САРАҚИБ, Сурия – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) жума (26 июль) кунги баёнотига кўра, Сурия режими ва унинг иттифоқчиси Россиянинг жадал ва ҳалокатли бомба ҳужумлари сўнгги уч ойда Сурия шимоли-ғарбида 400 минг кишини ўз уйини ташлаб кетишга мажбур қилган.

Мазкур ҳудуд қарийб бутун Идлиб вилоятини ва қўшни Ҳалаб, Ҳама ва Латакия вилоятларини қамраб олади. Унда 3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг ярми мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан шу ерга қочиб келган.

БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш идораси (OCHA) томонидан жума куни эълон қилинган ҳисоботга кўра, одамлар асосан, Идлиб жануби ва Ҳама вилоятининг шимолий қисмидан кўчиб кетмоқда. Россия ва Сурия режимининг ҳаво ҳужумларидан шу икки вилоят энг кўп талафот кўрган.

OCHA расмийси Девид Свенсонга кўра, «апрель ойи охиридан бери 400 минг одам ҳудудни тарк этган».

Ўт ўчирувчилар Суриянинг Ариҳа шаҳрида (Идлиб вилояти) бомба ҳужумлари ортидан юзага келган ёнғинни ўчиришга уринмоқдалар. (Файл)

Ўт ўчирувчилар Суриянинг Ариҳа шаҳрида (Идлиб вилояти) бомба ҳужумлари ортидан юзага келган ёнғинни ўчиришга уринмоқдалар. (Файл)

Идлиб вилояти бир ой аввалги халқаро оташкесим битими билан ҳимояланган бўлиши керак эди. Лекин, апрель ойи охиридан бу ҳудуд Россия ва Сурия режимининг фаол бомба ҳужумларига учраб келмоқда.

«Ҳудудни тарк этганларнинг аксари Идлиб вилоятининг ўзида бошпана топганлар, кам сонли одамлар шимолий Ҳалабга кўчиб ўтган», дейилади хабарда. «Уларнинг учдан икки қисми қочқинлар масканларининг ташқарисида қолмоқда».

Минтақа «Таҳрир аш-Шом» экстремистик иттифоқи назоратида бўлиб турибди.

Апрель ойи охиридан бери тиббий муассасалар ёки тиббиёт ходимлари 39 бор ҳужумга учраган, деб хабар беради OCHA.

Ҳаво зарбалари ва ўққа тутишлар натижасида камида 50 та мактабга шикаст етказилган, дейилади ҳисоботда.

«Булар – фуқаролик объектлари. Уларнинг бахтсиз ҳодиса туфайли жабрланганига ишониш қийин», деди жума куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет.

Апрелдан бери 750 тинч фуқаро ўлдирилди

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг якшанба (28 июль) кунги хабарига кўра, апрель ойи охиридан бери Сурия режими ва иттифоқчиларининг минтақани ҳаводан бомбардимон қилиши ва ўққа тутиши натижасида 750 дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Якшанба куни режим авиазарбалари туфайли Идлиб вилоятининг Ариҳа шаҳрида беш нафар фуқаро ҳалок бўлди, деб хабар берган обсерватория.

Кузатувчиларга кўра, Россиянинг ҳужумлари Ҳамада 3 кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Режимнинг ўққа тутиш ва авиазарбалари туфайли шимоли-ғарбда яна уч кишининг ўлгани хабар қилинган.

Бомба ҳужумлари Сурия режими ва Россия томонидан олиб борилган ҳаво ҳужумлари натижасида ҳудудда 15 фуқаро, жумладан Ариҳада 11 кишининг ҳалок бўлиши ортидан содир этилган, деб хабар берган кузатувчилар.

Террорчиларга қарши кураш баҳонасида тинч фуқароларни қириш

Бундай зўравонликлар кўпчиликнинг Россияни Сурияда террорчиларга қарши кураш баҳонасида қирғин олиб бораётганликда айблашига асос бўлмоқда.

Ҳаво рейдларининг мақсади «гуруҳлар ва уларнинг таниқли базаларига босим ўтказиш», деди якшанба куни Туркияда жойлашган Умрон маркази таҳлилчиси Навар Оливер.

Бу «шифохоналар ва бошқа инфратузилмаларни нишонга олиш билан фуқароларни тамоман йўқ қилишга қаратилган даҳшатли уруш», деди Оливер.

18 июль куни Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Идлибдаги тиббий муассасаларга ҳужумни тўхтатишга чақирувчи резолюциясига қарши чиқди.

Натижа БМТнинг гуманитар масалалар бўйича раҳбари Марк Лоукокнинг учрашувдан кейинги ноёб баёнотига сабаб бўлди.

«Қирғинни тўхтатиш керак», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия ва Асад – Сурия халқининг жаллодлари.

Жавоб бериш