Карвонсарой
Терроризм

Марказий Осиё Сурия ва Ироқдан оилаларни қайтариш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларига бошчилик қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

АҚШ қўлловидаги Сурия демократик кучлари (СДК) 29 май куни Қамишлида қўлтиқтаёқ тутган болани кузатиб бормоқда. «Ислом давлатига» алоқадор ўзбекистонлик аёллар ва уларнинг фарзандлари эвакуация учун ўзбек дипломатларига топширилаётган пайт. (Делил Сулаймон/AFP)

АҚШ қўлловидаги Сурия демократик кучлари (СДК) 29 май куни Қамишлида қўлтиқтаёқ тутган болани кузатиб бормоқда. «Ислом давлатига» алоқадор ўзбекистонлик аёллар ва уларнинг фарзандлари эвакуация учун ўзбек дипломатларига топширилаётган пайт. (Делил Сулаймон/AFP)

Марказий Осиё мамлакатлари Сурия ва Ироқда «Ислом давлати» (ИД) сафида жанг қилиб, ўлдирилган ёки қўлга олинган хорижлик жангариларнинг оилаларини ватанига қайтариш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга бошчилик қилмоқдалар.

Июнь ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Суриядаги хорижлик жангариларнинг оилаларини, жумладан ИД жангариларининг 29 мингга фарзандини ўз ватанига қайтаришга чақирган эди.

Халқаро қутқариш қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда қочқинлар лагерларида дунёнинг 40 мамлакатидан келган 1200 хорижлик – 4000 нафар аёл ва 8000 та ёш бола сақланмоқда.

Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мажлисида нутқ сўзлаган Бачелет, дунё мамлакатларидан Сурияда узоққа чўзилган урушда қолиб келган фуқаролари учун масъулиятни ўз зиммаларига олишни талаб қилган эди.

Шу йил бошида фуқароларни ватанига қайтариш операцияси чоғида оилалардан бирини кузатиб бораётган Қозоғистон ҳарбийлари. (Файл)

Шу йил бошида фуқароларни ватанига қайтариш операцияси чоғида оилалардан бирини кузатиб бораётган Қозоғистон ҳарбийлари. (Файл)

Афғонистондаги «Ислом давлати» жангариси, ўтган йил охирида олинган сурат. Террорчилик гуруҳининг Ироқ ва Суриядаги мағлубият ортидан, террорчилик гуруҳининг Марказий Осиёлик бир қанча жангарилари Афғонистонга кўчиб ўтишган. (Файл)

Афғонистондаги «Ислом давлати» жангариси, ўтган йил охирида олинган сурат. Террорчилик гуруҳининг Ироқ ва Суриядаги мағлубият ортидан, террорчилик гуруҳининг Марказий Осиёлик бир қанча жангарилари Афғонистонга кўчиб ўтишган. (Файл)

Марказий Осиё мамлакатлари унинг бу чақириғидан аввалроқ ўз фуқароларини низоли ҳудудлардан олиб келиш чораларини жадаллаштирган эдилар.

28-31 май кунлари Қозоғистон ҳукумати «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операциясининг якуний босқичи сифатида 67 аёл ва 171 болани Суриядан эвакуация қилди. Ушбу операциядан ИД сафига жанг қилиш учун борган жангариларнинг оила аъзоларини ватанига қайтариш мақсад қилинган эди.

Бу жорий йил бошидан бери ўтказилган учинчи операция бўлди. Жами 524 қозоқ фуқароси – 137 аёл, 357 бола ва 30 эркак ватанига қайтарилган.

30 май куни Ўзбекистон ҳукумати «Меҳр» инсонпарварлик операцияси амалга оширилгани ва натижада 156 нафар ўзбек фуқароси ватанига қайтарилгани ҳақида эълон қилди.

Операция давомида 106 бола ва 48 аёл олиб келинди. Шунингдек, икки эркак эвакуация қилинган.

Ватанга қайтиш

Шунингдек, қўшимча саъй-ҳаракатлар ҳам режалаштирилган.

Қирғизистон ҳукумати Сурия ва Ироқдан қирғиз болаларни қайтариш бўйича идоралараро ишчи гуруҳини ташкил этган, деб хабар берди 24.kg душанба (5 август) куни.

Расмийларнинг хабар беришича, ишчи гуруҳ вакиллари фуқароларни қайтариш операциясини бошлаш учун сентябрь ойида Бағдодга боришни режалаштирмоқда. Қирғизистон ҳукумати, шунингдек, Ироқнинг виза қоидаларини бузган болалар учун жарималарни ҳам тўлаб бермоқчи.

«Сурия ва Ироқ Курдистонида 1000 дан ортиқ қирғиз аёллари ва болалар азоб чекмоқдалар», деди 1 август куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоатчилик фаоли ва давлат арбоби Кубаничбек Токтосунов. «Уларнинг эрлари ва оталари ўлган ёки қамоқда.»

«Лагерларда болалар ота-онасиз қолиб кетган ҳолатлар ҳам йўқ эмас», деди Токтосунов. У кўнгиллилар ўз ҳисобидан аёллар ва болаларни ватанига олиб келиб, улар учун реабилитация марказлари очишга ҳам тайёр эканини айтган.

Бу орада Тожикистон ҳукумати Сурия ва Ироқ қамоқхоналарида сақланаётган 48 нафар тожик аёлини ватанига қайтариш бўйича комиссия тузди, деб хабар берган Asia-Plus.

Бу ҳақда ҳукуматнинг оила ва аёллар масалалари бўйича қўмитаси раиси муовини Марабу Олими 1 август куни Душанбеда ўтган матбуот анжумани чоғида баёнот берган.

«Сурия ва Ироқдаги аёллар жиноятчи деб ҳисобланиши мумкин эмас», деди Олими. «Улар жабрдийдалар. Улар эрларининг талаби билан Ироқ ва Сурияга борганлар. Тожикистон ҳукумати буни исботламоқчи ва бу аёлларни уйига қайтармоқчи.»

Жами 158 тожикистонлик аёл хорижий давлатларда, жумладан 48 нафари Сурия ва Ироқда ҳибсда сақланмоқда, деди у.

Asia-Plus нашри хабарига кўра, Ироқнинг ўзида жами 43 тожикистонлик аёл ва бир нафар ёш бола бор, деб хабар берган Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 2 август куни.

Муҳриддиннинг сўзларига кўра, Суриядаги қамоқлардан фарқли ўлароқ, лагерларда 86 та тожикистонлик аёл ва 468 та ёш бола бор.

30 апрель куни Тожикистон ҳукумати Ироқдан 84 нафар тожикистонлик болани ватанига қайтарган эди. Уларнинг оналари қамоқда ёки суд жараёнини кутаётган эдилар.

Очлик ва касалликлар

ИД аъзолари орасида қолиб кетганлар ўз бошларидан кечирган даҳшатли воқеаларни сўзлар экан, мамлакатлар ўз фуқароларини ватанига қайтаришни тезлаштирмоқда.

Тўрт нафар фарзанди билан Қарағандадаги реабилитация марказида тикланаётган қозоғистонлик 28 яшар Римма Ироқда қолиб кетган оилалар бошига тушган бевалик, очлик, касаллик ва умидсизлик ҳақида ҳикоя қилиб берган.

Унинг оилавий саёҳати 2012 йилда турмуш ўртоғи Мисрда диний таълим олиши ва ўзи билан оиласини ҳам олиб кетганидан бошланган, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик (RFE/RL) радиосининг қозоқ хизмати.

Алалоқибат, улар Туркияга кўчиб ўтадилар, аммо фақат Сурия томон йўл олганларидагина у аёлига қаерга кетаётганликларини айтади. У ерда олти ой яшаганларидан сўнг, гуруҳнинг аҳволи оғирлашгач, улар ўз ҳаётларини сақлаб қолиш мақсадида Ироққа қочишган.

Ҳозир икки ёшга кирган энг кичик ўғил фарзандига қирқ кун тўлганида Римманинг эри жангда ҳалок бўлган эди.

Римма оиласини сақлаб қолишга ҳаракат қилар экан, «озиқ-овқат ва пул қолмагани сабабли, одамлар ўт-ўлан ва дон кепакларини ейишганини» ёдга олди. «Одамлар тирик бўлишларига қарамай, таналари чирий бошлаган эди. Бир аёл ўтирганини, унинг устини эса қуртлар босиб кетганига ўзим гувоҳ бўлганман.»

У бошқа одамга эрга тегишдан қатъий бош тортди, аммо турмуш ўртоқлари жангларда ҳалок бўлган айрим аёллар «ҳаётларини сақлаб қолиш» учун бир неча марта эрга тегишган ва шу билан маҳаллий аҳоли нафратига сабаб бўлишган, деди у.

Римма ва унинг фарзандлари курдлар бошқарувидаги лагерга келганларидан сўнг, Қозоғистонга қайтиш навбати ҳам келди, деди у.

«Турли давлатлардан келган аёллар кўз ёши билан ҳеч қаерга бора олмасликларини, агар ватанларига қайтсалар қамалишлари ёки ўлиб кетишлари мумкинлигини айтар эдилар», деб қўшимча қилди у.

Марказий Осиёлик жангарилар Афғонистон ва Сурияда тарқоқ ҳолда ҳаракат қилмоқдалар

Кўп фронтларда енгилган Марказий Осиёлик жангарилар Афғонистон ва Сурияда қайта бирлаша олмаяптилар.

15 июль куни БМТ томонидан чоп этилган ҳисоботга кўра, Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида ал-Қоидага алоқадор бир нечта Марказий Осиёлик гуруҳ фаолият юритади.

Булар орасида 50 та жангари Имом Бухорий жамоатида, 100 га яқин киши Ўзбекистон ислом ҳаракатида ва яна 50 одам Исломий жиҳод иттифоқида фаолият олиб боради. Шарқий Туркистон ислом ҳаракатида 350 нафарга яқин жангари, Жамоат Ансаруллоҳ гуруҳида эса 30 тожикистонлик бор, деб хабар берди БМТ.

Ҳужжатга кўра, бу вақтда Афғонистондаги ИД маҳаллий бўлинмасининг 200 жангариси Марказий Осиёликлардан иборат, уларни тожикистонлик Сайвали Шафиев бошқаради.

Ҳисоботга кўра, Шафиев Нангарҳор вилоятида фаолият юритади.

Шунингдек, ИДга сафига ўтган Марказий Осиёнинг юқори лавозимли собиқ расмийси – Тожикистон ички ишлар вазирлиги махсус кучларининг (ОМОН) собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов Идлиб вилоятида тожик жангариларидан иборат 600 кишилик гуруҳга раҳбарлик қилади, дейилади ҳисоботда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500