Карвонсарой
Хавфсизлик

Туркманистон терроризмга қарши ҳуқуқий чораларни кучайтирмоқда

Жумагули Аннаев

«Ислом давлати» жангариси толибон жангчиларига қарата автоматдан ўт очмоқда, июль ойида Афғонистонда олинган сурат. (File)

«Ислом давлати» жангариси толибон жангчиларига қарата автоматдан ўт очмоқда, июль ойида Афғонистонда олинган сурат. (File)

АШХОБОД – Туркманистон ҳукумати «Ислом давлати» (ИД) қолдиқларидан иборат жангариларнинг таҳдидини инобатга олган ҳолда аксилтеррор чораларни кучайтирмоқда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) 24-25 июль кунлари 30 нафар туркман расмийси учун террорчиликка қарши ҳуқуқий жазо чораларини кучайтириш бўйича семинар ташкил этди.

«Семинар инсон ҳуқуқлари ва амалдаги халқаро қонунчиликнинг бошқа меъёрларига амал қилган ҳолда, терроризмнинг олдини олиш ҳамда суд таъқибига оид илғор тажриба ва самарали чораларга бағишланди» дейилади ЕХҲТ веб-саҳифасида жойлаштирилган баёнотда.

Семинарда террорчиликка қарши кураш ҳар томонлама ёндашувни талаб қилувчи, ўзига хос, машаққатли ва шу билан бирга нозик масала эканлиги таъкидланди.

Нидерландиялик прокурор Саймон Минкс 24 июль куни Ашхободда ЕХҲТ ташаббуси билан ўтказилган террорчиликка қарши ҳуқуқий чораларни кучайтириш бўйича семинарда нутқ сўзламоқда. (ЕХҲТ)

Нидерландиялик прокурор Саймон Минкс 24 июль куни Ашхободда ЕХҲТ ташаббуси билан ўтказилган террорчиликка қарши ҳуқуқий чораларни кучайтириш бўйича семинарда нутқ сўзламоқда. (ЕХҲТ)

«Террорчиликка қарши курашда хатоликлар ва янглишувлар бўлмаслиги керак, йўқса ундан худди гидра каби янги бошлар ўсиб чиқади», дейди семинар иштирокчиси Ихлос исмли ашхободлик ҳуқуқшунос, у ўз фамилиясини очиқлашдан бош тортган.

«Ҳаммаси шунчалик нозик ва қалтиски, терговчи, судъя ёки прокурорнинг террорчиликда гумонланган шахсга нисбатан биргина хатоси унинг қариндошлари, яқинлари, дўстлари ва қўшниларини ҳукуматдан ғазаблантириши ва уларни радикал хатти-ҳаракатлага етаклаши мумкин», деди адвокат.

Иштирокчилар, шунингдек, фуқароларни радикализмнинг хавфли йўлидан боришга ундовчи шарт-шароитлар ва сабабларни бартараф этиш муҳимлигини таъкидладилар.

«Ҳар қандай жиноят, шу жумладан терроризм ҳам ўзининг ижтимоий илдизларига эга», деди исмини ошкор қилишни истамаган қатнашчилардан бири.

«Агар фуқаролар ўз ҳаётларидан мамнун ҳолда, иш билан таъминланган ва фаровонликда яшасалар, уларни йўлдан урмоқчи бўлганларга ўзлари қаршилик қила оладилар», деди у.

Ташқи ва ички хавфлар

Бу йил бошидан бери Туркманистон давлат хизматчилари учун ташкил этилган учинчи аксилтеррор семинар, деди тадбирда қатнашган ТИВ вакили.

«Уларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, қозиятлар, адвокатура ва оммавий ахборот воситаларининг 100 га яқин ходимлари қатнашдилар. Улар 21-асрнинг энг жиддий таҳдидига қарши кураш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлдилар», деди аноним қолишни истаган яна бир туркман расмийси.

Унинг сўзларига кўра, семинарлар Миллий хавфсизлик ва Ички ишлар вазирликлари, шунингдек, миграция, солиқ ва чегара идоралари ходимлари учун фойдали бўлган.

Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра, Туркманистон раҳбариятини Яқин Шарқдаги мағлубиятдан сўнг Афғонистоннинг шимолий вилоятларидан бошпана топган ИД жангариларидан кутилаётган таҳдидлар хавотирга солмоқда.

«Туркманистон билан чегарадош Фарёб, Ҳирот, Жузжон вилоятларининг айрим ҳудудларида Яқин Шарқда тор-мор этилган ИД кучларининг бирлашуви кузатилмоқда», деди дипломат Афғонистондаги этник туркманларни назарда тутиб.

«Улар (ИД жангарилари) бутун Марказий Осиё, жумладан, Туркманистонга жиддий хавф туғдирадилар», дея қўшимча қилди у.

«ИД аъзолари орасида Ироқ ва Суриядан қочиб келган ва ўз ватанига қайтишни кўзлаётган Туркманистон фуқаролари ҳам бор», деди у.

«Аммо биз бунга йўл қўя олмаймиз», деб қўшимча қилди у.

«Мамлакатимизда ҳозирча теракт деб аташ мумкин бўлган ҳеч қандай ҳодиса содир бўлмаган», деди ўқув семинарларининг бирида иштирок этган ИИВ ходими Вепа О. Ўз тўлиқ исмини айтишни истамади.

«Лекин, вазият ўзгариши мумкин ва биз бунга тайёр бўлишимиз керак», деди у.

Ходимнинг айтишича, семинарлар унга турли давлат органларининг терроризмга қарши кураш чораларини мувофиқлаштириш механизмларини тушунишга ва эҳтимолий таҳдидларни аниқлашнинг янги усулларини ўрганишга ёрдам берган.

«Энди Миллий хавфсизлик вазирлигидаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликдаги фаолиятимиз янада самарали бўлади», деб қўшимча қилди у.

Радикал қарашдаги фуқароларни аниқлаш билан шуғулланадиган Вепанинг айтишича, Туркманистондаги мусулмонларнинг онг-шуурига ташқаридан таъсир қилувчи омилларга барҳам бериш катта аҳамиятга эга.

«Туркманларнинг аксари анъанавий исломга амал қилади. Радикализм ғоялари улар учун бегона», деди у.

«Лекин одамлар турлича. Улар орасида пулга учиб, хомхаёлларга ёки ўзини ўлдирганидан сўнг жаннатга тушиш ваъдасига ишониб, йўлдан адашадиганлар борлигини истисно этиб бўлмайди», деди Вепа. «Биз алданиб, йўлдан адашганларни ва одамларни кескин чоралар кўришга ундовчиларни аниқлаймиз.»

ЕХҲТ семинарлари Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари кундалик амалиётда қўллайдиган восита ва усулларни тўлдиради.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500