Карвонсарой
Хавфсизлик

Синов тадқиқот майдонидаги портлаш Россия армиясини яна бир муваффақиятсизликка дучор қилди

Карвонсарой ва AFP

YouTube тармоғидан олинган виделавҳа кадрида 8 август куни Архангельск вилоятининг шимолида юз берган фожеа оқибатлари акс этган.

YouTube тармоғидан олинган виделавҳа кадрида 8 август куни Архангельск вилоятининг шимолида юз берган фожеа оқибатлари акс этган.

МОСКВА – Бир қатор ҳалокатли фожиалар туфайли обрўсизланган Россия армияси яна бир муваффақиятсизликка учради – ҳарбийлар тарафидан асосий ядро тадқиқотлари майдонида янги қуролни ишлаб чиқаришга уриниш чоғида портлаш юз берди.

8 август куни ядровий ракета синови вақтида юз берган портлаш натижасида 5 нафар ходим ҳалок бўлган ва радиация даражаси кўтарилган.

Бу июль ойидан бери юз берган ҳалокатли ҳодисаларнинг учинчиси бўлди.

Якшанба (11 август) куни Москвадан 500 км шарқда жойлашган Нижний Новгороддаги ёпиқ Саров шаҳрида халок бўлганларнинг дафн маросимлари бўлиб ўтди, деб хабар берди РИА Новости.

«Skyfall» номли ракета устида иш олиб боргани айтилган россиялик олимлар. Август ойи бошида мазкур қуролни синовдан ўтказиш чоғида юз берган портлаш ортидан камида 5 та олим ҳаётдан кўз юмган ва ҳудудда зарарли радиация тарқалган. [Файл]

«Skyfall» номли ракета устида иш олиб боргани айтилган россиялик олимлар. Август ойи бошида мазкур қуролни синовдан ўтказиш чоғида юз берган портлаш ортидан камида 5 та олим ҳаётдан кўз юмган ва ҳудудда зарарли радиация тарқалган. [Файл]

Тегишли фармонда қурбонларнинг беш нафари Россия федерал ядро маркази ходимлари эканлиги айтиб ўтилган.

Совуқ уруш даврида Саров «Арзамас-16» номи билан танилган ўта махфий шаҳар бўлган. Марказда Совет Иттифоқининг биринчи ядровий қуроли ишлаб чиқарилган эди. У ҳамон ёпиқ шаҳар бўлиб, унга фақат махсус ҳужжат билан кириш мумкин.

Россиянинг «Росатом» ядро агентлиги хабарига кўра, ҳалокат Архангельск вилоятининг шимолий қисмида жойлашган соҳилбўйи платформасида ракетани синовдан ўтказиш пайтида рўй берган.

Ёқилғи портлаб, ходимларни денгизга улоқтириб юборган, дейилади баёнотда.

Портлаш 9M730 «Буревестник» (НАТО «SSC-X-9 Skyfall» деб номлаган) қанотли ядровий ракетасига тегишли эканлиги айтилмоқда.

Ҳукумат даставвал Оқ денгиз бўйидаги «Нёнокса» синов-тадқиқот майдонида юз берган фалокатга оид айрим тафсилотларни очиқлаган, бу ҳудуддан ядровий сувости кемалари ва ҳарбий кемаларда қўлланиладиган ракеталарни синаш учун фойдаланилган.

Душанба (12 август) куни Росатом ядровий агентлиги ҳалок бўлганларни хотирлаб, қуролларни ишлаб чиқиш давом эттирилишини айтди.

«Уларни ҳурмат билан ёдга олишнинг энг яхши йўли – янги қуролларни ишлаб чиқаришда давом этиш», деди Росатом бош директори Алексей Лихачев. Бир қатор ахборот агентликлари унинг бу сўзларидан иқтибос келтирганлар.

Йод ваҳимаси

Ҳалокатдан сўнг қўшни Северодвинск шаҳрида радиация кўрсаткичлари ошган, таҳликага тушган аҳоли йод олиш учун дорихоналарга ошиққан. Бу модда радиациянинг қалқонсимон безга таъсирини камайтиришга ёрдам беради.

«Одамлар таҳликага тушдилар. Бир соат ичида барча йод ва таркибида йод бўлган дорилар батамом сотиб бўлинган эди», деди дорихона сотувчиси Елена Варинская AFP нашрига.

Россия онлайн ОАВ томонидан манбаси ноаниқ видеолавҳа эълон қилинган бўлиб, унда тез ёрдам машинаси Москва кўчалари бўйлаб катта тезликда радиация таъсирига тушган қурбонларни даволовчи марказга кетаётгани акс этган.

Америка олимлари федерацияси ходими Анкит Панда ўз Твиттер саҳифасида «двигателда қандайдир жуда кичик реактор борлиги ҳақида гумонлар мавжуд. Авария сезиларли радиоизотоплар тарқалишига олиб келган», деб ёзди.

Тадқиқотчилар Северодвинскдаги радиация даражасини ўлчаб, меъёрдан бирмунча ортиқроқ кўрсаткичларни қайд этишди, деди Саров ядро марказининг тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари Александр Чернишов якшанба кунги видеомурожаатида.

Изотоп қувват манбалари улар билан ишловчиларга хавф туғдиради, деб айтган Москвадаги ядровий тадқиқотлар институти кимёгари Борис Жуйков мустақил РБК янгиликлар сайтига.

«Улар портлаганида яқин-атрофдаги одамларга зарар етиши мумкин. Радиоизотоп манбаларида плутоний, прометий, церий каби моддалардан ёқилғи сифатида фойдаланилади», деди Жуйков.

1986 йилда Совет Иттифоқи дунёдаги энг мудҳиш ядровий ҳалокат Чернобилни бошидан кечирган, ҳукумат эса ўз ўрнида бу фожеани яширишга ҳаракат қилган эди.

Ҳарбий ҳалокатларнинг ортиб бориши

8 август кунги портлаш – Россия ҳарбийлари ва уларнинг тарафдорларига зарба берган фалокатлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг навбатдагиси бўлиб, мамлакат мудофаа тизимига оид хавотирларнинг кучайишига сабаб бўлди.

Август бошида Красноярск вилоятининг Ачинск шаҳарчасидаги ўқ-дори омборхонасида бир неча кун кетма-кет портлашлар содир бўлган эди.

5 август куни содир бўлган портлашда бир киши ҳаётдан кўз юмган. EuroNews хабарига кўра, 9 август куни худди шу ҳудудни миналардан тозалаш вақтида камида тўққиз киши жароҳат олган.

Шунингдек, 11 июль куни 14 нафар россиялик денгизчи сувости кемасида юз берган ёнғин натижасида ҳалок бўлган эди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги хабар қилган.

Ўн тўрт қурбоннинг етти нафари юқори лавозимдаги зобитлардан иборат бўлгани вазифанинг оддий эмаслигидан даракдир. Сувости кемасида жами нечта денгизчи бўлгани номаълум.

«Новая газета» нашрининг манбаларга таяниб хабар беришича, авария экстремал чуқурлик нуқталарига туша олиш қобилиятига эга АС-12 («Лошарик» номи билан танилган) митти атом сувости кемасида юз берган. 2003 йилда фойдаланишга топширилган ҳамда тадқиқот, қутқарув ишлари ва махсус ҳарбий операциялар учун мўлжалланган АС-12 ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Россиянинг эскирган ҳарбий техникаси бир қатор ҳалокатли ҳодисаларга сабаб бўлган. Уларнинг аксариятида постсовет даврида юз берган.

2000 йилнинг августида Баренц денгизида «Курск» сувости кемасининг сувга ғарқ бўлиши оқибатида унинг бортида бўлган 118 киши ҳалок бўлган эди. Аниқланишича, ҳалокат торпедо портлаши натижасида юз берган.

Фожиадан сўнг бир неча кун ўтиб ҳам ўз таътилини давом эттирган Путиннинг бундай муносабати танқидларга сабаб бўлган эди.

Бунинг устига, Москва хорижий мамлакатларнинг қутқарув ишларида ёрдам бериш ҳақидаги таклифларини ҳам рад этган.

2008 йилда юз берган бошқа бир бахтсиз ҳодиса Япон денгизидаги синовлар чоғида юз берган – кеманинг ёнғинни ўчириш тизими тасодифан ишлаб кетиши оқибатида Россия ҳарбий денгиз кучларининг уч зобити ва 17 фуқаро газдан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган эди.

Бу воқеадан сўнг, 2011 йилда Россиянинг энг йирик сувости атом кемаларидан бири – «Екатеринбург» шимолий Мурманск вилоятидаги докда таъмирланаётган пайтда ёниб кетган.

Кейинроқ, кемага ўт кетган вақтда унда узоқ масофали ядровий ракеталар бўлгани хабар қилинган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия учун кетма-кет фалокатлардан иборат ҳаёт бошланмоқда.

Жавоб бериш

Яхшигина портлади. Россия ўз мультфильмида АҚШни шу ракета билан қўрқитган эди. Мультфильмлигича қолиб кетгани яхшироқ эди.

Жавоб бериш

Рутиния – ҳаёт учун доимо хавфли.

Жавоб бериш