Карвонсарой
Хавфсизлик

Душанбедаги ҳарбий ўқув машқлари минтақавий хавфсизликнинг бирлашган фронтини намойиш этди

Неъматулло Мирсаидов

Мўғулистон, Тожикистон, Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистондан келган мутахассислар 10 август куни Душанбеда бўлиб ўтган «Минтақавий ҳамкорлик - 2019» машқлари чоғида шартли давлатлардаги хавфсизлик ва барқарорлик масалаларини ҳал қилиш устида биргаликда ишламоқдалар. [АҚШ Қуролли кучлар захираси]

Мўғулистон, Тожикистон, Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистондан келган мутахассислар 10 август куни Душанбеда бўлиб ўтган «Минтақавий ҳамкорлик - 2019» машқлари чоғида шартли давлатлардаги хавфсизлик ва барқарорлик масалаларини ҳал қилиш устида биргаликда ишламоқдалар. [АҚШ Қуролли кучлар захираси]

ДУШАНБE – Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон, Тожикистон ва Мўғулистон шу ойда Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашга қаратилган бир ҳафтадан кўпроқ давом этган машғулотлар давомида ҳарбий ҳамкорликни янги босқичга кўтардилар.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) 5-16 август кунлари Душанбеда «Минтақавий ҳамкорлик - 2019» кўп томонлама қўмондонлик-штаб машқларини ташкил этди.

Машқлар чоғида тўрт мамлакат ҳарбий мутахассислари терроризм ва наркотрафикка қарши кураш бўйича тажриба алмашибгина қолмай, оммавий қирғин қуролларига қарши қўшма амалиётларни ҳам машқ қилдилар. Покистон ҳарбийлари машғулотларда кузатувчи сифатида иштирок этдилар.

Тожикистон мудофаа вазирлигига кўра, машғулотларда жами 200 киши, жумладан, 15 нафар тожик ҳарбий мутахассиси ва бошқа бир гуруҳ аскарлар, шунингдек, Тожикистоннинг юқори ва ўрта бўғиндаги зобитлари иштирок этишган. Ҳар бир мамлакатдан неча киши иштирок этгани ҳақида маълумот йўқ.

10 август куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган «Минтақавий ҳамкорлик - 2019» машқларида иштирок этаётган ҳарбийлар. [АҚШ Қуролли кучлар захираси]

10 август куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган «Минтақавий ҳамкорлик - 2019» машқларида иштирок этаётган ҳарбийлар. [АҚШ Қуролли кучлар захираси]

«(Биз) икки асосий йўналиш бўйича иш олиб бордик: фавқулодда вазиятларга қарши кураш, террорчи гуруҳлар ҳужумини қайтариш ва уларни йўқ қилиш бўйича қўшма ҳаракатларни амалга оширдик», деди вазирликнинг аноним вакили телефон орқали суҳбатда.

Машғулотлар Тожикистоннинг радиацион, биологик ва кимёвий қуролларга қарши кураш кучлари қўмондони Анвар Аҳмаджонзода раҳбарлигида ўтган.

«Бу ҳарбийларимизнинг маҳоратини ошириш учун яхши имконият бўлди», деди Мудофаа вазирлиги вакили Илҳомиддин Мўминов телефон орқали берган интервьюсида.

Минтақавий ҳамкорлик машқлари АҚШ, Ўзбекистон, Тожикистон ва Мўғулистон ҳарбийларини иккинчи бор бир жойга жамлади.

Ўтган йилги машғулотлар 20-21 сентябрь кунлари АҚШнинг Массачусетс штатида бўлиб ўтган эди. Унда Афғонистон ва Қозоғистон ҳарбий хизматчилари ҳам қатнашган.

«Минтақавий ҳамкорлик - бу ҳарбий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган кўп босқичли сценарий асосидаги штаб машғулотларидир. Унда ҳар бир иштирокчи воқеалар ривожи бўйича ўз сценарийсини тақдим этади», дейди CENTCOM вакили, подполковник Эрл Браун.

«Бу чоралар чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда терроризм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашга қаратилган», деди у.

«Бу ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва барча иштирокчиларнинг маҳоратини ошириш учун яхши имконият», деди Браун. «Мазкур амалиётлар минтақа миқёсидаги чоралар талаб қилинадиган вазиятда глобал тинчликпарварлик, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва маълумот алмашиш билан боғлиқ минтақавий масалаларга эътибор қаратиш имконини берди.»

Муаммо ва таҳдидлар

Кўп миллатли қўшма ҳарбий машғулотлар Марказий Осиёда барқарорликни сақлаш ва жанговар тайёргарликнинг юқори даражасини таъминлаш чоралари доирасида ўтказилган.

Бу, айниқса, чегаралари хавфсиз бўлмаган давлатлар учун жуда муҳим, дейди Афғонистон бўйича душанбелик таҳлилчи Илҳом Нарзиев.

«Бугунги кунда Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон янги чақириқ ва таҳдидларга қарши курашда кучларни бирлаштиришга эҳтиёж сезмоқдалар», деди у.

(Узоқ вақт ҳукмронлик қилган Ислом Каримовнинг 2016 йилдаги вафотидан сўнг) Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашгани «мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларга йўл очди», дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистон ва Тожикистон Совет Иттифоқидан мустақилликка эришганидан сўнг илк марта 2018 йилда бир қатор машғулотларни ўтказишган.

Ўтган йил август ойида Сўғд вилоятида ўтган кенг қамровли ўқув машқлари давомида икки давлат мудофаа вазирлари мунтазам қўшма машғулотлар ўтказиш билан ҳамкорликни яхшилашга тайёр эканликларини билдирдилар.

«Миллий хавфсизлик муаммолари ва таҳдидлари, террорчилик фаолияти мисли кўрилмаган ҳажмга эга бўлиб бораётган бир вақтда, ҳеч қайси давлат бу хавфга қарши ёлғиз кураша олмайди. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари учун кучларни бирлаштириш муҳим», деб айтган эди Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо 2018 йил август ойида Сўғд вилоятида ўтган Ўзбекистон-Тожикистон қўшма машқлари чоғида.

«Фақат ҳарбий қисмлар орасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик билангина терроризм ва наркотрафикка қарши кураша оламиз», деган эди Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов машқлар давомида.

АҚШнинг кўмаги

«АҚШ каби давлатнинг аскарлари билан тажриба алмашилаётгани ва тинчликпарвар операцияларда иштирок этаётган бошқа давлатлар қуролли кучлари билан ҳамжиҳатлик қилинаётгани бежиз эмас», дейди тожикистонлик таҳлилчи Нарзиев.

Қўшма Штатлар чегара хавфсизлигини яхшилаш, терроризм ва наркотрафикка қарши курашда мунтазам равишда Тожикистон қуролли кучлари, чегара қўшинлари ва ҳуқуқ-тартибот органларини қўллаб-қувватлаб келади.

Бу ёрдам нафақат тажриба алмашиш, балки инфратузилма барпо этиш ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш, шу жумладан, алоқа ва транспорт кўмагини ҳам ўз ичига олади.

2018 йилда Тожикистон мудофаа вазирлигининг тинчликпарвар батальони Қўшма Штатлардан умумий қиймати 1 млн. АҚШ долларига (9,7 млн. сомоний) тенг саккизта J8 Jeep машинасини қабул қилиб олди.

2009 йилдан бери Қўшма Штатлар мазкур батальон учун қурилма ва ҳарбий техника сотиб олишга 6,5 млн. АҚШ доллари (63 млн. сомоний) ажратган. Умумий ҳисобда 2006 йилдан бери АҚШ Тожикистонга 155 млн. АҚШ долларидан (1,5 млрд. сомоний) ортиқ ҳарбий ёрдам тақдим этган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500