Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Сўровларга кўра, Россия телевидениеси мамлакат ичида ва Марказий Осиёда ўз таъсирини йўқотмоқда

Канат Алтинбаев

Маҳаллий «Qazaqstan» телеканали орқали кечки сериал томоша қилаётган олмаоталиклардан бири, 18 август. (Канат Алтинбаев)

Маҳаллий «Qazaqstan» телеканали орқали кечки сериал томоша қилаётган олмаоталиклардан бири, 18 август. (Канат Алтинбаев)

ОЛМАОТА – Яқинда эълон қилинган ҳисоботга кўра, Россия давлат телеканалларидаги янгиликларни кўрмайдиган россияликлар сони ошиб бормоқда. Марказий Осиёда ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда, сабаби томошабинлар кремлпараст оммавий ахборот воситаларидан чарчаган.

Москвадаги «Левада-центр» мустақил таҳлил маркази 1 август куни 2019 йил учун Россия оммавий ахборот воситаларининг ҳолатига доир ҳисоботини эълон қилди. Унда россияликларнинг ички ва халқаро янгиликлар учун қайси манбаларга мурожаат қилишини аниқлаш бўйича ўтказилган сўров натижалари батафсил ёритилган.

Телевидение аксар россияликлар учун асосий ахборот манбаи бўлиб қолаётган эса-да, унинг аудиторияси тобора кичрайиб бормоқда.

«Ўн йил аввал россияликларнинг 94 фоизи янгиликлардан телевидение орқали хабардор бўлар эди, ҳозирги кунда бу рақам 72 фоизни ташкил этмоқда. Ёшлар (25 ва ундан кичик ёшдаги россияликлар) орасида бу кўрсаткич 42, кекса ёшдагилар (65 ва ундан юқори) орасида эса 93 фоизга тенг, дейилади ҳисоботда.

Давлатга қарашли «Биринчи канал» сайтига қўйилган Марказий Осиёлик мигрантлар ҳақида кўрсатув. Россиялик журналистларнинг фикрича, Москвада улар сони жуда кўпайиб кетган.

Давлатга қарашли «Биринчи канал» сайтига қўйилган Марказий Осиёлик мигрантлар ҳақида кўрсатув. Россиялик журналистларнинг фикрича, Москвада улар сони жуда кўпайиб кетган.

Ҳисоботга кўра, Россиянинг ёш фуқаролари телевидениедан кўра кўпроқ ижтимоий тармоқларга юзланмоқдалар.

Охирги бир неча йил давомида Россия телевидениесига янгиликлар манбаи сифатида ишонадиган аҳоли улуши 55 фоиз атрофида бўлиб турибди. Марказ маълумотларига кўра, 10 йил аввал бу рақам 80 фоизга тенг бўлган.

«Левада-центр»га кўра, ўтган йилда телевидениенинг муайян янгиликлар, биринчи навбатда иқтисодий мавзуларни аниқ ёритишига нисбатан россияликларнинг ишончи кескин пасайган.

Ҳисоботда айтилишича, бугунги кунда аҳолининг ярмидан кўпи телекўрсатувлар мамлакатдаги иқтисодий вазиятга оид воқеликни акс эттирмайди, деб ҳисобламоқда.

Шу билан бир вақтда, россияликларнинг онлайн-манбалар ва ижтимоий тармоқларга нисбатан ишончи ортиб бормоқда, дейилади тадқиқотда.

Охирги 10 йил ичида шундай фикрда бўлган россияликлар сони 3-4 баравар кўпайган ва ҳозирги кунда аҳолининг 20 фоизини ташкил этмоқда.

«Левада-центр» маълумотларига кўра, ёш россияликлар энг аввало телевизор кўрмагани учун, телевидениедан кўра ижтимоий тармоқларга кўпроқ ишонадилар.

Россия ташвиқотидан чарчаганлар

Россия давлат телеканаллари Марказий Осиёда ҳам ўз таъсирини йўқотмоқда.

2017 йилнинг март ойида Бишкекдаги «Pro-kg» сиёсий технологиялар маркази ва «EL-PIKIR» жамоатчилик фикрини ўрганиш ва прогнозлаш маркази ўтказган сўровномага кўра, Қирғизистонда Россия телеканалларини томоша қилувчилар сони йил сайин қисқариб бормоқда.

Қирғизистоннинг 48 шаҳрида олиб борилган ва 1200 киши иштирок этган сўровномага кўра, респодентларнинг 72,9 фоизи асосий ахборот манбаи сифатида қирғиз миллий каналларини томоша қилишини айтган.

Аксинча, сўралганларнинг 17,6 фоизигина Россия телеканалларини томоша қилишини билдирган, бу 2015 йилга нисбатан 3,2 фоиз кам дегмакдир.

Бу каби пасайишга Кремль қаноти остидаги телеканалларнинг мақсадлари ва Марказий Осиёда қўллаётган ноанъанавий ёндашувлари сабаб бўлмоқда, дейди ОАВ кузатувчилари.

Россия телеканаллари ташвиқотга тўла информатив сиёсат олиб боришда «ҳаддан ошмоқдалар», дейди бишкеклик ОАВ таҳлилчиси Эрлан Сатибеков.

«Москва Кремль бошқарувидаги телеканаллардан ўзининг ташқи сиёсатини «оқилона» кўрсатиш учун фойдаланмоқда, бу эса бошқа мамлакатларда кескин танқидни келтириб чиқармоқда», деди у.

Кремлпараст оммавий аъборот воситалари сиёсатининг асосий йўналишларидан бири – Россия президенти Владимир Путиннинг ижобий имиджини Марказий Осиёдаги барқарорлик ва хавфсизлик кафолати сифатида тарғиб қилиш, деди Сатибеков.

Ҳафсаласи пир бўлган томошабинлар

Бу орада, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги томошабинларнинг Кремль бошқаруви остидаги телеканаллардан кўнгли қолган.

Масалан, июнь ойида кремлпараст телебошловчи Владимир Соловьёвнинг «Россия-1» каналида Москва Олмаотадаги лабораторияни портлатиб юбориши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлари қозоқларни ғазабга солган эди.

Тошкентлик блогер Азиз Ҳакимов эса Ўзбекистон ҳукуматини Россия ташвиқотига қарши жадал курашиш ва нохолис сиёсий дастурларни бутунлай тақиқлашга чақирган.

«Россия ташвиқоти телевидение, интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали ўзининг узун панжаларини биз томонга қараб чўзмоқда», деб ёзган эди у 2018 йилнинг апрель ойида ўзининг Facebook саҳифасида. «У буни уддалаяпти. Ўйлайманки, биз ўз фуқароларимизни уларнинг бузғунчи ва зарарли ахборотидан ҳимоя қилишимиз керак.»

Унинг постига юзлаб ижобий муносабатлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Нашр билан суҳбатда бўлган яна бир Ўзбекистон фуқароси, самарқандлик Абдураҳмон Обидовнинг айтишича, у ўзбек мигрантлари ҳақида салбий кўрсатувларни томоша қилгач, умуман Россия каналларини кўрмай қўйган.

«Россия оммавий ахборот воситалари бизларни жиноятчи ёки ундан ҳам ёмонроқ ёввойи одамлардек қилиб кўрсатади. Шундан кейин ҳам уларга ишонайликми?», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Охирги руслар кетганидан кейин, бир-биримиз билан жиқиллаша бошлаймиз. Улар биз учун яшин қайтаргич каби. Улар шу ерда экан, камчиликларимиз учун кимнидир айблай оламиз. Йўқса, толиблар айбдор бўлади!

Жавоб бериш

Ўзбекистон Россия каналларидан умуман воз кечиши керак, чунки Россияга ҳам ўзбек телевидениеси керак эмас. Ҳаммаси тенглик асосида бўлиши керак.

Жавоб бериш

Фарқи, Қирғизистонда Россия каналларини бепул томоша қилиш мумкин, Қозоғистонда эса РФ каналлари фақат кабель телевидениеларининг пуллик тарифларида бор.

Жавоб бериш

Ёлғончи Россия телевидениеси ва ташвиқотининг кучи камаймоқда.

Жавоб бериш