ТОШКЕНТ – Европа Иттифоқи (ЕИ) афғонистонлик хотин-қизларнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон университетларида таълим олиши учун маблағ ажратади.
22 июль куни ЕИ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан амалга ошириладиган лойиҳа учун 2 млн. евро (20,7 миллиард сўм) миқдорида грант ажратди.
«Фикримча, афғон халқи халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатдаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилиши ва кўра олиши керак», деди ЕИнинг олий вакили Федерика Могерини иттифоқ баёнотида.
ЕИ афғонистонлик хотин-қизларни ўқитиш ва иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳаларда «Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга» қарор қилди, деди у.
Лойиҳа доирасида 2025 йилгача бакалавр ва магистр йўналишидаги 50 нафар талаба Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги, амалий статистика ва кончилик соҳасидаги университетларига қабул қилинади. Шунингдек, улар махсус ёзги мактабларда тадбиркорликни ўрганиш имкониятига эга бўладилар.
Европа Иттифоқи ушбу лойиҳа афғон аёлларини иш билан таъминлаш ҳамда уларнинг бизнеси ва ҳамжамиятларини ривожлантириш учун имкон беришига умид қилмоқда.
2018 йилда афғонистонлик хотин-қизларнинг 11 фоизигина ўрта маълумотга эга бўлган ва атиги 19,5 фоизи иш билан таъминланган, дейилади баёнотда.
«Аёлларнинг тўлақонли иштирокисиз ўзимиз истаган келажакни барпо этиш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш имконсиз», деди БМТТДнинг Қозоғистондаги доимий вакили Якуп Бериш.
Ўтган йил ноябрь ойида Брюсселда Могерини ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ЕИ ва Ўзбекистон афғонистонликларнинг ўзбек университетларида таҳсил олиши масаласини муҳокама қилган эди.
«Европа томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини, жумладан, тинчлик жараёни бўйича глобал ва минтақавий келишувга эришиш бўйича аниқ чоралар, Афғонистон орқали ўтувчи транспорт ва савдо йўналишларини амалга ошириш ҳамда афғонистонлик хотин-қизлар учун таълим дастурини ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлади», деди Комилов учрашув якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатда.
«Ўзбекистонда, айниқса фойдали қазилмалар ва инфратузилма қурилиши билан боғлиқ мутахассисликлар бўйича кучли техник университетлар бор», дейди тошкентлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев.
«50 нафар қиз аксар аҳолиси мусулмон бўлган дўстона мамлакатда таҳсил олиш имконига эга бўлади. Ишончим комилки, улар бу ерда ўзларини уйларидагидек ҳис қиладилар», деди у.
Ўзбекистондаги ўқув маркази
Ўзбекистон афғонистонлик талабаларни ўқитиш борасида катта тажрибага эга.
Ўтган йили Ўзбекистон университетларига 71300 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.
Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳридаги таълим маркази 2018 йилнинг январидан бери афғон талабаларига ўзбек ва инглиз тили, физика ва кимё фанлари каби 17 та йўналиш бўйича олий ва ўрта махсус таълим бериб келмоқда.
Ўзбекистон ушбу таълим марказини Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш йўлидаги муҳим ташаббус деб ҳисоблаб, уни ривожлантиришга катта аҳамият қаратмоқда.
«28 июнь куни марказнинг 96 нафар битирувчиси ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича бакалавр дипломига эга бўлди», деди 16 июль куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) мухбири билан суҳбатда.
«300 кишилик ётоқхонага эга янги корпус қурилиши ниҳоясига етказилди. Термиздаги марказ учун Афғонистонда талабгир бўлган янги таълим йўналишлари бўйича таклифлар тайёрланди», деди Арипов.
Шу йил сентябрь ойида марказ Афғонистондан янги талабаларни қабул қилади, деди у.
«Термизда таҳсил олишнинг биринчи шарти – ўзбек тилини билиш, чунки таълим шу тилда олиб борилади. Биз келгусида бошқа тиллар, масалан, дарий тилида маъруза ўқий оладиган ўқитувчилар етарли бўлади деб умид қиламиз», деди Ариповнинг ўринбосари Санжар Валиев 11 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Таълим лойиҳасининг асосий мақсади келажакда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қиладиган афғон мутахассисларини тайёрлашдир, деди у.
Дўстлик маскани
Ўзбекистон афғонистонлик талабаларга таълим бериш билан бир қаторда, афғон ва ўзбек ёшлари бир-бирига яқинлаштиришга интилмоқда.
20-24 август кунлари Термизда афғонистонлик ёшлар учун «Дўстлик» оромгоҳи ташкил этилди.
ЎзА хабарига кўра, афғонистонлик меҳмонлар ўзбек тили ва тарихига оид интерфаол дарсларда иштирок этдилар, тарихий бинолар ва музейларга ташриф буюриб, футбол бўйича ўртоқлик мусобақасида беллашдилар.
«Биз бир дарёнинг икки қирғоғида яшайдиган ўзбеклармиз. Бу ҳақда ота-боболаримиздан эшитиб, улғайдик», дейди Мозори Шарифдан келган афғонистонлик ўзбек Фарисо Шамс Содат ЎзА билан суҳбатда.
«Чегарада бизни қучоқ очиб, кутиб олган тенгдошларимизга ҳавасимиз келди. Улар билан тез дўстлашиб кетдик», дейди у.
Салом, Илтимос, афғонистонлик аёл қандай қилиб Ўзбекистонда таълим олиши мумкин, шу ҳақда маълумот берсангиз Электрон почтам: [email protected]
Жавоб беришФикрлар 1