Карвонсарой
Терроризм

Суриядан қайтарилган қозоғистонликлар билан реабилитация ишлари давом эттирилмоқда

Ксения Бондал

Август ойида Нур-Султондаги хайрия ярмаркасида қатнашаётган муслима аёллар. 2012-2014 йилларда бир қанча қозоқ аёллари радикаллашган ва ўз оилаларини ташлаб, Суриядаги террорчилар сафига қўшилганлар. (Қозоғистон мусулмонлари диний идораси)

Август ойида Нур-Султондаги хайрия ярмаркасида қатнашаётган муслима аёллар. 2012-2014 йилларда бир қанча қозоқ аёллари радикаллашган ва ўз оилаларини ташлаб, Суриядаги террорчилар сафига қўшилганлар. (Қозоғистон мусулмонлари диний идораси)

ОЛМАОТА – Психологлар, шифокорлар, диний мутахассислар ва терговчилар шу йили Суриядан қайтган қозоқ аёлларини реабилитация қилиш устида ишламоқдалар.

28-31 май кунлари Қозоғистон ҳукумати «Ислом давлати» сафида жанг қилиш учун Сурия борган жангариларнинг оила аъзоларини ватанига қайтаришга қаратилган «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операциясининг якуний босқичи доирасида 67 аёл ва 171 болани Суриядан эвакуация қилди.

Мазкур эвакуация йил бошидан бери учинчиси бўлди. Ҳаммаси бўлиб, 524 қозоқ фуқароси – 137 аёл, 357 бола ва 30 нафар эркак ватанига қайтарилган.

Қайтарилган аёллар реабилитация жараёнидан ўтиш учун Оқтов шаҳрида махсус ташкил этилган марказга юборилганлар. Мазкур жараён давомида ёш болалар ўз оналари билан бирга бўладилар, каттароқ ёшдагилари эса мустақил равишда реабилитациядан ўтади.

«Диний мутахассис сифатидаги вазифамиз – бу одамларнинг радикаллашганлик даражасини баҳолаш, келажакда бу ғоялар тарқалиши мумкинлиги боис, уларнинг жамият учун қанчалик хавфли эканлигини аниқлашдир», дейди «Ансор» таҳлил маркази директорининг ўринбосари, ақтўбелик Тулеген Талдибаев.

Масалан, араб тилини билган ва ИД таълимини олган, эҳтимол жангариларга дарс берган одам эркин ҳаракатланиш имконига эга бўлса, у ўз радикал ғояларини жамоатчилик орасида тарқатиши хавфи пайдо бўлади, дейди Оқтовдаги реабилитация марказида ишлаётган Талдибаев.

«Жусан» операцияси давомида (йил бошидан бери) Суриядан қайтарилган 500 дан ортиқ қозоқ фуқаролари орасида 20 га яқин киши жиддий даражада радикаллашган. Улар билан жамиятдан ажратилган ҳолатда узоқ муддатли реабилитация ишларини олиб боришимиз лозим», деди Талдибаев.

«Зарарланганлар»

Реабилитация ходимлари аёллардан нима учун Сурияга кетганликларини сўраганида, улар асосан икки сабабни келтирадилар, дейди Талдибаев.

«Биринчиси, диний либос кийганликлари ва намоз ўқишлари сабабли оилалари улардан юз ўгирган ва бу уларни экстремистик сайтларга киришга мажбур қилган», деди Талдибаев. «Иккинчи сабаб, турмушдан ажраганларидан кейин улар уйларига қайта олмаганлар ва ёлловчилар эътиборига тушгунга қадар қайта-қайта эрга тегишга мажбур бўлганлар.»

Аёллар жангарилар сафига қўшилиш учун ўз оилаларини ташлаб кетишга тайёр бўлса, бу уларнинг радикал мафкура билан жиддий зарарлангани ва исломий «халифалик» ҳақидаги сохта тасаввурлардан таъсирланганини англатади, дейди Нур-Султондаги геосиёсий тадқиқотлар институтнинг директори Асилбек Избаиров.

«Бу ҳолатга эътиборсиз бўлмаслигимиз керак, сабаби бу мафкура зарарли вирус каби тарқалишда давом этиши мумкин», деди у. «Бу аёллар радикал қарашдаги фуқаролар учун шаҳидларнинг аёли сифатида қабул қилиниши ва уларга уйланиш шараф деб ҳисобланиши мумкин».

«Мазкур ҳолат бундай аёлларнинг қайта радикаллашуви билан бир қаторда, ушбу ғояларнинг тарқалишда давом этиши нуқтаи назаридан хавфлидир», деди Избаиров.

Избаировнинг сўзларига кўра, радикаллашган фуқаролар билан реабилитация ишларини олиб боришда «тишли ғилдирак» усули яхши самара беради.

Бу усул олти босқичдан иборат бўлиб, тўғри исломий тушунчалар асосига қурилган ва радикал қарашдагилар учун таниш атамаларни қўллайди, лекин бу ҳолатда уларга тўғри тушунчалар берилади.

«Бу одамларни номақбул йўлдан қайтаришда жуда самарали чорадир», деди у.

Одил судлов

28-31 май кунлари Суриядан эвакуация қилинган 67 аёлдан икки нафари террорчилик фаолиятидаги иштироки учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Улардан бири – Ақтўбе шаҳрида яшовчи 32 яшар аёл, 5 фарзанднинг онаси Акмарал Алмагамбетова ҳозирда қамоқ муддатини ўтамоқда. Унинг Сурияда туғилган икки фарзанди болалар уйига жойлаштирилган.

Ёши каттароқ уч нафар фарзанди эса Сурияга бормаган отаси билан қолган.

Июль ойи охирида Ақтўбе шаҳар суди бошқа бир қозоқ аёли – 29 яшар Зарина Акмалаевани терроризмни тарғиб қилиш ва диний низо қўзғаш айблови билан беш йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

«Акмарал (Алмагамбетова) у ерга (Оқтов реабилитация марказига) бормаган, уни Суриядан тўғри Оқтов қамоқхонасига олиб кетишган», деди таҳлил маркази директори Талдибаев.

«Мен Зарина Акмалаева билан иш олиб бордим, унинг онаси билан учрашиб, 12 яшар қизи Зарина билан суҳбатлашдим», деди Талдибаев.

Талдибаевга кўра, ИД шафқатсизликлари ва даҳшатларига гувоҳ бўлган одамларнинг ўзлари айтиб беришмоқда – Сурияда ҳеч қандай «халифалик» йўқ, жангарилар уларга ҳар ой кўпи билан 50 доллар (19432 тенге) тўлаганлар, у ердаги ҳаёт эса Қозоғистондагидан ёмонроқ бўлган.

«Жусан» операцияси мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилган оқилона чора бўлди. Фуқаролар чет элда бирор қийин вазиятга тушиб қоладиган бўлса, давлат улар ҳақида қайғуриши керак, деди Талдибаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Муаллиф билан қандай боғланса бўлади? Мақола юзасидан бир-икки саволим бор эди.

Жавоб бериш