Карвонсарой
Хавфсизлик

Глобал террорчилик хавфи кучаяр экан, Қозоғистон етакчилари ядровий қуролларни тарқатмасликка чақирмоқдалар

Айдар Ашимов

Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳридаги синов полигони қолдиқлари, сурат санаси номаълум. (БМТ)

Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳридаги синов полигони қолдиқлари, сурат санаси номаълум. (БМТ)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистонга узоқ муддат раҳбарлик қилган собиқ президент Нурсултон Назарбоевга кўра, ядровий қуролларнинг террорчилар қўлига тушиб қолиши хавфи глобал таҳдид бўлиб қолмоқда.

У бутун дунё давлатларини бу каби оммавий қирғин қуролларини тарқатмасликка риоя этишга чақирган.

«20 дан ортиқ давлатда хавфли ядровий материаллар сақлаб келинмоқда, бу мамлакатларнинг ҳар бири бузғунчи кучлар нишонига айланиши мумкин», деб айтган Назарбоев 29 август куни Нур-Султондаги чиқиши чоғида.

Бу нутқи билан у Совет давридан қолган Семипалатинскдаги (ҳозирда Семей) ядровий қуроллар полигони ёпилганининг 28 йиллигини нишонлаган.

Қозоғистон проезиденти Қосим-Жўмарт Тўқаев (ўнгда) 29 август куни Нур-Султонда Ядро қуроли синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти бош котиби Лассина Зербо (марказда) билан қўл сиқишмоқда. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

Қозоғистон проезиденти Қосим-Жўмарт Тўқаев (ўнгда) 29 август куни Нур-Султонда Ядро қуроли синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти бош котиби Лассина Зербо (марказда) билан қўл сиқишмоқда. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

«Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома режими ва механизмларини универсаллаштириш ва мустаҳкамлашга эришиш зарур», деб қўшимча қилди у 1968 йилги тарихий ҳужжатни назарда тутиб.

Назарбоевнинг Семипалатинскдаги синов полигонини ёпиш ҳақидаги қарори тарихий аҳамиятга эга бўлган, деди Қосим Жўмарт Тўқаев.

«Совет ҳарбий элитаси ва айрим сиёсатчиларнинг қаршилигига қарамай, биринчи президентнинг ядровий полигонни ёпиш ҳақидаги қарори ядровий қуролларга қарши бутун бошли ҳаракатни жадаллаштириб юборди», деди Тўқаев 29 августда кунги маросимда.

Бу йил Қозоғистон Ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасини имзолаганига ва Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) аъзоси бўлганига 25 йил тўлди, деб таъкидлади у.

Шу тариқа 10 йил аввал Марказий Осиёда ядровий қуроллардан холи ҳудуд ташкил этилди, деб қўшимча қилди у.

29 август куни Нур-Султонда бўлиб ўтган маросим Халқаро ядро синовларига қарши куни билан бир вақтга тўғри келди, бу кун 2009 йилда Қозоғистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган.

Бу сана тасодифан танланмаган: 1949 йилнинг худди шу куни Совет Иттифоқи Семипалатинскда илк ядровий бомба синовини ўтказган ва айнан шу куни 1991 йилда Қозоғистон бу полигонни ёпган.

Глобал хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш

2016 йилда Қозоғистонда сиёсат ва жамоат арбобларига бериладиган «Ядровий қуроллардан холи дунё ва глобал хавфсизлик учун мукофот» таъсис этилди.

29 август куни Нур-Султонда бўлиб ўтган маросимда ушбу мукофот ХАЭАнинг собиқ бош директори Юкия Аманонинг қариндошларига ва Ядро қуроли синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти (CTBTO) бош котиби Лассина Зербога топширилди.

«Юкия Амано раҳбарлигида ХАЭА Қозоғистонда кам бойитилган уран банкининг яратилишида муҳим роль ўйнади ва Эрон ядровий муаммосининг ҳал этилишига ҳисса қўшди», деди Тўқаев.

«Лассина Зербонинг ташаббус ва саъй-ҳаракатлари билан Ядро синовларини ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартномани халқаро мониторинг қилиш тармоғи ташкил этилди. Шунингдек, у CTBTOнинг кўзга кўринган шахслари гуруҳи ва CTBTO ёшлар гуруҳини ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурди», деб қўшимча қилди Тўқаев.

БМТ бош қотиби Антонио Гутерриш Халқаро ядровий синовларга қарши кураш куни учун аталган муждасида барча давлатларни Ядро синовларини ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартномани ратификация қилишга чақирди.

«Мен ҳали бу ишни амалга оширмаган барча давлатларни, айниқса шартнома кучга кириши учун ратификацияси зарур бўлган мамлакатларни Ядро синовларини ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаш ва ратификация қилишга чақираман», деб айтган у 29 август куни БМТ сайтида чоп этилган баёнотда.

Унинг сўзларига кўра, ядровий синовлар «вайронгарчиликдан бошқа нарса» қолдирмайди. Кескинлик кучайиб бораётган дунёда «бизнинг умумий хавфсизлигимиз» ядровий портлашларни тақиқловчи глобал шартноманинг кучга киришига боғлиқ, деб қўшимча қилди у.

Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик

Совет ҳукумати 1949-1989 йилларда Семипалатинскда 500 га яқин ядровий портлашларни амалга оширди, бу маҳаллий аҳоли соғлиғига ўнгланмас зарар етказган, деб таъкидлади Қозоғистон расмийлари маросим чоғида.

Семипалатинск полигони ёпилганидан сўнг, минтақада ядровий хавфсизликни таъминлашга қаратилган бошқа чора-тадбирлар ҳам амалга оширилди. Ушбу ҳаракатлар АҚШ билан яқин ҳамкорликни ҳам ўз ичига олди.

1993 йилда Назарбоев ва АҚШнинг ўша вақтдаги вице-президенти Эл Гор Ядро қуроллари хавфини камайтиришда ҳамкорлик қилиш бўйича хавфсизлик битимини имзолаган эдилар.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уильям Мозер Семипалатинск полигонига май ойидаги ташрифи чоғида ядровий материалларнинг террорчилар қўлига тушмаслиги учун ҳамкорликни давом эттириш муҳим эканини таъкидлади.

«Мазкур ташриф асносида элчи Мозер томонларнинг синов полигонидаги 25 йиллик ҳамкорлигига гувоҳ бўлди. У кўздан кечирган кўплаб лойиҳалардан яна бири Дегелен тоғида жойлашган бўлиб, у ерда ядровий синовлар учун фойдаланилган 181 та туннелни муҳрлаш учун Қўшма Штатлар Қозоғистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилган», дейилади Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси баёнотида.

Мозер полигонга ташрифи давомида Мозер террорчилар ядровий материалларни чиқариб олиши мумкинлиги сабаб, «туннелларни очиқ қолдириш ўта хавфли бўлар эди», деб таъкидлади.

«Қозоғистоннинг мустақил бўлишидан тўрт ой аввал юз бергани инобатга олинса, полигоннинг ёпилиши ўша вақтдаги янги раҳбар Нурсултон Назарбоев учун дадил қадам бўлган эди. Бу қарор Назарбоевнинг ядровий қуролларни тарқатмаслик соҳасидаги муҳим саъй-ҳаракатларига старт берган эди», дейилади элчихона баёнотида.

АҚШнинг ҳарбий таҳдидларини камайтириш агентлиги раҳбари Вейл Оксфорд элчини полигонга ташрифи давомида кузатиб борган. Унинг айтишича, Қозоғистон ва АҚШ мутахассислари «ўнлаб ядровий қуроллар яратишда ишлатилиши мумкин бўлган» материалларни зарарсизлантирганлар».

Ушбу ҳамкорлик доирасида март ойида АҚШ Мудофаа вазирлиги Қозоғистон хавфсизлик кучлари учун тренинг ташкил этиб, уларга террорчилик ҳужумида ишлатилиши мумкин бўлган ядровий ва радиоактив материаллар контрабандасига қарши кураш бўйича сабоқ берган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500