Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистон экстремизмга қарши огоҳликни кучайтириш бўйича янгича ёндошувни қўлламоқчи

Айдар Ашимов

«Тавба» ҳужжатли фильмидан олинган кадрда теракт содир этишга урингани учун 15 йиллик қамоққа ҳукм қилинган ақтўбелик Алибек Алиев акс этган.

«Тавба» ҳужжатли фильмидан олинган кадрда теракт содир этишга урингани учун 15 йиллик қамоққа ҳукм қилинган ақтўбелик Алибек Алиев акс этган.

NUR-SULTAN -- Қозоғистонлик диний мутахассислар ва руҳшунослар мамлакатда жанговар экстремизмга қарши курашни кучайтириш чоралари доирасида, хабардорликни ошириш бўйича янги, мақсадга йўналтирилган стратегияга ўтиш ниятида.

6 сентябрь куни Олмаотада ахборот-тушунтириш гуруҳи аъзолари иштирокида экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бундай ташвиқот гуруҳлари диний мутахассислар ва психологлардан иборат бўлиб, ҳукуматнинг дин ишлари қўмитасига ҳисобот беради.

Қозоғистонликлар бузғунчи оқимлар таъсирига тушишда давом этмоқдалар, деди Олмаота шаҳар ҳокимиятининг ижтимоий ривожланиш бошқармаси раҳбари Диас Есдаулетов.

Тарғибот гуруҳлари ўз ишлари форматини қайта кўриб чиқадилар, эндиликда «аниқ ва мақсадга йўналтирилган ҳолда» иш олиб борилади, деди у.

Учрашув иштирокчилари таъкидлаганидек, ҳозирги вақтда давлат хизматчилари, талабалар, мактаб ўқувчилари, ҳарбий хизматчилар, турли дин вакиллари ва корхоналар ишчи-ходимлари учун экстремизмга қарши огоҳликни кучайтиришга оид маърузалар ташкил этилмоқда.

6 сентябрь куни Олмаотадаги 2458-сонли ҳарбий қисмда «Диний экстремизм ва терроризм профилактикаси» номли маъруза ташкил этилди, деб ёзади Zakon.kz нашри.

Маърузачи – олмаоталик диншунос Гулнор Жуманова радикализмни мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи асосий омиллардан бири дея таърифлади. У қозоғистонликлар орасида радикаллашувнинг асосий омиллари, хусусан Интернет (ижтимоий тармоқлар) ва қариндош-дўстларнинг ролини алоҳида таъкидлаб ўтди.

5 сентябрь куни Олмаота энергетика ва телекоммуникация университети ўқитувчиси Зарема Абдуллина экстремизмга қарши навбатдаги маъруза билан «Аксай Нан» корхонаси ишчиларига юзланди.

Абдуллина экстремистларнинг ижтимоий-психологик портретига чизгилар бериб, ва уларнинг ёллаш усулларини баён қилди. У террорчилар ва оила аъзоларининг фожиали тақдирларига мисоллар келтирди.

Ушбу маърузадан аввал мамлакатда диний адоват қўзғашда айбланган шахслар устидан суд жараёнлари бўлиб ўтган.

Август ойида Олмаота суди диний адоват қўзғашда айбланган бир кишига саккиз йил, икки нафарига эса 7,5 йилдан қамоқ жазоси белгилади. Яна олти киши устидан суд жараёни давом этмоқда, деб хабар беради Nur.kz нашри.

Айбланувчиларнинг барчаси битта WhatsApp гуруҳига аъзоликда гумон қилинган бўлиб, унда турли динга мансуб одамларга нисбатан адоват ва «кофирларни ўлдириш» муҳокама қилинган. Гуруҳга жами 171 киши аъзо бўлган.

Июль ойида суд Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) ходимлари, давлат хизматчилари ва судьяни ўлдиришни режалаштирган Ақтўбе фуқаролари – Алибек Алиев ва Жанасил Жубатовларга нисбатан ҳукм чиқарган. Улар мос равишда 15 ва 13 йилга озодликдан маҳрум қилинганлар.

Ҳибсдалик чоғида Алиев ўз ҳаракатларидан афсусда эканлигини айтган ва «Тавба» деб номланган ҳужжатли фильм учун интервью берган.

Интервьюда Алиев онлайн воизлар таъсирига тушганлигини, қуролли «жиҳодда» иштирок этиш ниятида бўлгани ва «Ислом давлати» (ИД) сафида жанг қилиш учун Яқин Шарққа кетишни режалаштирганини айтган.

Мактаблар хавфсизлигини кучайтириш

Айни вақтда, таълим муассасалари Қозоғистонда ҳар йили мактабларга борадиган 3 миллионга яқин ўқувчини ҳимоя қилиш мақсадида янги хавфсизлик чораларини жорий этмоқда.

Масалан, Петропавловскдаги 2-мактаб интернати террорчилик хатарига қарши жавоб чораларини ишлаб чиққан бўлиб, мунтазам равишда ташриф буюрганларни рўйхатдан ўтказади ва фавқулодда эвакуация машқларини ўтказиб келади.

«Мактабларда видеокузатув жорий этилган, камералар ўрнатиш бўйича махсус қоидалар мавжуд, ёзиб олинган тасвирлар эса бир ой давомида сақланиши керак. Барча мактабларда қўриқчилар бор, сигнализация ўрнатиш мажбурий», деди нур-султонлик фахрийлардан бири, хусусий қўриқчилик компанияси ходими Алнур Сагатов.

Мактаблар ҳар доим ҳам ихтисослашган хавфсизлик компанияларини ёллай олмайдилар, дейди у куюниб.

«Оддий қўриқчи эса зарур хавфсизлик даражасини таъминлай олмайди», деди у. «Афсуски, барча мактабларда бирдек юқори хавфсизлик чоралари кўрилмаган.»

«Шаҳар мактабларида имкониятлар кўпроқ, аммо қишлоқ жойлардаги таълим муассасалари раҳбарлари болалар хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини ҳар доим ҳам тушуниб етавермайдилар ёки уларга бу мақсадлар учун етарли пул ажратилмаган», деди Сагатов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Яхши мавзу

Жавоб бериш