https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/09/12/feature-01
Кремль Тожикистондаги ИД ҳужумидан минтақадаги манфаатларини илгари суриш йўлида фойдаланиши мумкин
| Оммавий ахборот воситалари

Тадқиқотларга кўра, янгиликларни ўз она тилида кузатиб борадиган Марказий Осиёликлар сони ошиб бормоқда

Карвонсарой

image

Қирғизистонлик ёшлар Мустақиллик кунини нишонламоқдалар, 31 август куни Бишкекда олинган сурат. (Мелисовский)

ОЛМАОТА/БИШКЕК – Яқинда ўтказилган тадқиқотга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ташвиқот сабабли рус тилидаги янгиликлардан воз кечиб, ўз она тилларидаги онлайн контентга тобора кўпроқ мурожаат қилмоқдалар.

Марказий Осиёда ОАВ ривожи ва инсон ҳуқуқларига оид масалалар билан шуғулланувчи Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) 9 сентябрь куни Олмаотада онлайн ахборот истеъмолига оид тадқиқот натижаларини эълон қилди.

2019 йилнинг май-июнь ойлари давомида ўтказилган сўровда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан 4130 нафар интернет фойдаланувчиси иштирок этган.

«Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ижтимоий тармоқлар, янгиликлар сайтлари, хабар алмашиш иловалари ва смартфон иловаларидан фойдаланувчилар сони ошди. Бунинг манзарасида дезинформация ва манипуляция, сохта хабарлар, «кликбейт» сарлавҳалар сони ҳам кўпайган», дейилади Карвонсаройга тақдим этилган ҳисоботда.

image

Олмаоталиклардан бири интернетда қозоқ тилида янгиликлар ўқимоқда, 9 сентябрь куни олинган сурат. (Канат Алтинбаев)

«Бу аҳолининг ахборот саводхонлиги борасидаги хавотирларимизни кучайтириб, ОАВда мувозанатлашган, объектив ва муқобил контентни кафолатлаш масаласини кун тартибига олиб чиқади», дейилади ҳисоботда.

Ижтимоий тармоқлар Марказий Осиёда энг оммабоп янгиликлар манбаи ҳисобланади. Сўровномада иштирок этган ўзбекистонликларнинг 87 ва қирғизистонликларнинг 92 фоизи шу каби тармоқлар орқали янгиликлардан бохабар бўлишади.

Тожикистонда 82 фоиз, Ўзбекистонда эса 70 фоиз фойдаланувчилар Facebook тармоғидан янгиликлар манбаи сифатида фойдаланадилар. Қозоғистон ва Қирғизистонда эса Instagram кенг тарқалган бўлиб, бу платформага мос равишда 89% ва 83% фойдаланувчи янгиликлар учун мурожаат қилади.

Оммавийлиги бўйича бу сайтлардан кейин янгиликлар сайтлари келади, улардан Қирғизистонда 75 ва Ўзбекистонда 80 фоиз одам фойдаланади.

Марказий Осиёда янгиликлар манбаи сифатида энг кам қўлланилувчи восита – хабар алмашиш иловалари бўлиб, бунга платформанинг ўзига хос хусусиятлари сабабдир. Ўзбекистонда 60 фоиз респондент янгиликларни асосан Telegram орқали кузатиб боришини айтган.

Қозоғистон ва Қирғизистонда WhatsApp иловасидан кенг фойдаланилади, Тожикистонда эса Telegram ва Viber иловалари кўпроқ оммалашган.

IWPR ҳисоботига кўра, Қозоғистон ва Қирғизистонда она тилидаги онлайн контентга талаб ортиб бормоқда. Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳам маҳаллий тилдаги блоглар оммалашган.

Марказий Осиёда рус тилидан, айниқса Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳамон фойдаланилаётган бўлса-да, сўнгги йилларда ёш авлод она тилида сўзлашишни афзал кўраётгани боис, рус тили ўз мавқеини йўқотмоқда.

Қирғизистоннинг Қант шаҳрида яшовчи 23 яшар Асилбек Байбол Улу буни «табиий ва ортга қайтариб бўлмайдиган жараён» деб ҳисоблайди.

«Руслар рус тилида сўзлашади, хитойликлар хитой тилида, нега энди биз чет тилида ўқиб, гаплашишимиз керак? Бу нотўғри», деди у.

«Мен совет даврида ўсиб-улғайган ёши катта қирғизларнинг тил билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, қирғиз тилида гапириш ва уни ўрганиш ҳаракатида эканликларига гувоҳ бўляпман».

IWPR тадқиқот лойиҳаси координатори Жазгул Ибраимованинг айтишича, Қирғизистон ёшлари босқичма-босқич, хусусан, тил асосидаги миллий ўзликни англаш жараёнини бошдан кечирмоқдалар.

Унинг сўзларига кўра, ушбу тенденция ўз тасдиғини топиши учун кенгроқ миқёсдаги тадқиқот ўтказиш талаб этилади.

Россиянинг «юмшоқ куч» сиёсати

Қирғизистонда Россия телеканалларига қизиқиш сўниб бормоқда. 2017 йил март ойида Бишкекдаги «Pro-kg» сиёсий технологиялар маркази ва «Эл-Пикир» жамоатчилик фикрини ўрганиш ва прогнозлаш маркази томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотга кўра, уларнинг мамлакатдаги аудиторияси йил сайин камайиб бораётгани маълум бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, бунинг асосий сабаби – Россиянинг фаол ташвиқоти ва сохта янгиликлар оқимидан одамларнинг чарчаганидир.

Рус тилининг Ўрта Осиёдан аста-секинлик билан чекиниб бораётгани сезган Москва, таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда ўзининг «юмшоқ куч» стратегиясини кучайтирган.

Россия 2017 йилдан бери давлат бюджетидан маош тўлаб, Тожикистон мактабларига ўз ўқитувчиларини юбормоқда. Улар болаларга рус тили ва адабиётидан дарс беради ҳамда бошқа фанларни ҳам рус тилида ўқитади.

2019 йилдан бошлаб, Кремль россиялик ўқитувчиларни Қирғизистонга ҳам юборишни режалаштирган.

Россия таълим вазирлиги ўз ташаббусини «гуманитар лойиҳа» деб атаётган бўлса-да, Кремль рус маданияти ва қадриятларини мажбуран сингдиришга уриниб, ёш авлод онги учун кураш олиб бораётганига таҳлилчилар шубҳа қилмаяпти.

Маҳаллий мактаблар рус ўқитувчиларига муҳтож эмас, деди Қирғизистон таълим ва фан вазирлигидаги манба исми ошкор қилинмаслиги шарти билан.

Лекин, Қирғизистонга нисбатан босим ўтказиш учун кўплаб воситаларга эга Кремлга «йўқ» деб бўлмайди, дейди манба.

Сизга мақола ёқдими?
11
Йўқ
Фикрлар 4
Сиёсат
Captcha

Мен русийзабонлигимча қолдим. Мен 90 фоиз украиналик блоггерларни томоша қиламан, «Новая Газета» ва «Эхо Москвы» сайтларини ўқийман. [«Новая Газета» ва «Эхо Москвы» Россиядаги энг либерал ва таниқли ОАВ ҳисобланади]
Мен Кремлпараст чўчқага айланмадим.

Жавоб бериш

Фақат ғирт ахмоқлар Карвонсарой юритаётган бундай очиқ-ойдин аксилРоссия ташвиқотига ишониши мумкин. Уни америкаликлар молиялаштиради!

Жавоб бериш

Қўшиб ўтиш жоизки, 2014 йилдан кейин «рус дунёси» бирикмаси лаънатга айланган бўлса-да, Путин Россияси рус тили ва рус маданиятига монополия ўрнатмаган.

Жавоб бериш

Қўшиламан, Қозоғистонда қозоқ тилидаги сифатли медиа ресурслар кам. Талаб бор, яратинг, пул ишланг.

Жавоб бериш