https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/09/17/feature-02
| Хавфсизлик

Қирғизистонда терроризмни молиялаштириш ва пул ювиш амалиётларига қарши курашга бағишланган форум ўтказилди

Карвонсарой

image

11 сентябрь куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида ўтган жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича Евросиё форумида 14 мамлакат вакиллари иштирок этди. (ЕХҲТ)

ИССИҚКЎЛ, Қирғизистон – Қирғизистон пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашга бағишланган биринчи Евросиё форумига мезбонлик қилди. Бу ҳақда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти душанба (16 сентябрь) куни ўз сайтида хабар қилган.

Форум 10-12 сентябрь кунлари Иссиқкўлда Қирғизистон давлат молиявий разведка хизмати томонидан ЕХҲТнинг Бишкекдаги идораси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) терроризмга қарши кураш бошқармаси кўмагида ташкил қилинди.

Тадбирда халқаро мутахассислар ҳамда қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, жумладан, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиё ва Европа Иттифоқида превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази вакиллари ва бошқалар иштирок этди.

Форум ишида Озарбайжон, Арманистон, Афғонистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Швейцария ва бошқа мамлакатларнинг молиявий разведка хизматлари ходимлари ва бошқа мансабдор шахслар ҳам қатнашди.

Хавфлар, амалиётлар, стандартлар

«Форум пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш ҳолатларини тергов қилиш соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар билан танишиш ва экспертларнинг ўзаро фикр алмашинуви учун норасмий майдон бўлиб хизмат қилади», дейилади ЕХҲТ хабарида.

Шунингдек, у иштирокчиларга илғор тажрибалар ва трансчегаравий хатарларни муҳокама қилиш имконини ҳам берди.

Иштирокчилар виртуал валюталар ва уларни тартибга солиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқишга оид стандартлар ва кўрсатмаларни муҳокама қилдилар. Ҳозирги кунда бу масала электрон тўлов воситалари, блокчейн ва криптовалюталар ёрдамида гиёҳванд моддалардан олинган даромадларни легаллаштириш хавфи ошиб бораётганлиги сабабли муҳим аҳамият касб этган.

Қирғизистонда халқаро террорчи ташкилотларни, айниқса ўғирланган пуллар билан молиялаштирувчи яширин гуруҳлар фаолиятининг авж олиши кузатилмоқда, деди форумда сўзга чиққан Қирғизистон давлат молиявий разведка хизмати раҳбари Ғуломжон Анарбаев.

«Бу молиявий жиноят излари доим топилишини яна бир карра исботлайди», деди у.

«Шу нуқтаи назардан, жаҳоннинг молиявий разведка бўлинмалари мустақил равишда ва тегишли идоралар билан биргаликда жиноятларнинг молиявий таркибини ўрганишга ва охир-оқибат жиноятчиларни ҳар қандай активлар ва тушумлардан маҳрум қилишга эътибор қаратмоқда», деди Анарбаев.

Террорни молиялаштиришга қарши кураш йўлидаги ҳамкорлик

ЕХҲТ пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашда Қирғизистонни 2013 йилдан бери қўллаб-қувватлаб келади.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида Қирғизистон 2014 йилда FATFнинг «кулранг рўйхатидан» чиқарилди», деди Бишкекдаги ЕХҲТ дастурлари идораси раҳбари, элчи Пьер фон Аркс.

Бу ютуқ «мамлакатни миллий молиявий саноатга нисбатан халқаро чекловлардан ҳимоя қилиб, Қирғизистонда бизнес юритишни осонлаштиришга ҳисса қўшди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha