Карвонсарой
Хавфсизлик

ЕИ Марказий Осиёда ахборот саводхонлигини ошириш орқали экстремизмга қарши кураш лойиҳасини кенгайтирмоқда

Айдар Ашимов

«Интерньюс» тренингида бир жамоа бўлиб ҳаракат қилаётган журналистлар, жамоатчилик фаоллари ва давлат хизматчилари, ўтган йилнинг 6 декабрь куни Бишкекда олинган сурат. («Интерньюс»)

«Интерньюс» тренингида бир жамоа бўлиб ҳаракат қилаётган журналистлар, жамоатчилик фаоллари ва давлат хизматчилари, ўтган йилнинг 6 декабрь куни Бишкекда олинган сурат. («Интерньюс»)

НУР-СУЛТОН – Европа Комиссияси (ЕК) Марказий Осиёда экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга қаратилган дастур учун қўшимча маблағ ажратишини маълум қилди.

Европа Иттифоқи (ЕИ) 2018 йилда бошланган «Марказий Осиёда ахборот саводхонлиги, самарали ёритиш ва минтақавий ҳамкорлик орқали тинчлик ва барқарорликка кўмаклашиш» лойиҳаси учун қўшимча 4 млн. евро (4,4 млн. АҚШ доллари) ажратади.

«Экстремистик гуруҳлар кўпинча интернет каналлари орқали жамиятнинг энг заиф қатламлари, жумладан ёшларни зўравонликка ундовчи ғояларни тарғиб қиладилар», дейилади 11 сентябрь кунги ЕК баёнотида. «Бу осонлик билан фойдаланиш мумкин бўлган жамият, сиёсат ва динга оид нозик мавзуларда дезинформация ва нохолис фикрларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда.»

2018 йил апрель ойида «Интерньюс» халқаро нотижорат ташкилоти Марказий Осиё бўйлаб 18 ойлик лойиҳани амалга оширишга киришди. Лойиҳа учун ЕИ томонидан дастлаб 3,3 млн. евро (3,7 млн. АҚШ доллари) ажратилган.

«Интерньюс» тренингида қатнашган Марказий осиёлик мактаб ва университет ўқитувчилари бирга суратга тушмоқдалар, 25 январь куни Остона (Нур-Султон) шаҳрида олинган сурат. («Интерньюс»)

«Интерньюс» тренингида қатнашган Марказий осиёлик мактаб ва университет ўқитувчилари бирга суратга тушмоқдалар, 25 январь куни Остона (Нур-Султон) шаҳрида олинган сурат. («Интерньюс»)

2018 ва 2019 йилларда «Интерньюс» бир қатор семинар, форум ва норасмий учрашувлар ўтказди , унда ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар расмийлари, ОАВ ходимлари ва мутахассислар иштирок этди. Бу тадбирлар қатнашчилари экстремизмнинг олдини олишга қаратилган юқори сифатли контент яратиш бўйича муҳим кўникмаларга эга бўлдилар.

Масалан, ўтган йил декабрь ойида «Интерньюс» Қирғизистон ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ва Дин ишлари бўйича давлат комиссияси (ДИДК) билан биргаликда Бишкек шаҳрида минтақадаги биринчи трансчегаравий медиа-форумни ўтказди.

Февраль ойида «Интерньюс» Тожикистон Ислом институти ва Тожикистон ИИВ билан ҳамкорликда худди шундай форумни Душанбе шаҳрида ҳам ўтказди, унда ОАВ мутахассислари, фуқаролик жамияти вакиллари ва фаоллар иштирок этишган.

«Марказий Осиёнинг беш давлатидан тажриба алмашиш ва лойиҳалар ишлаб чиқиш мақсадида ташриф буюрган ўқитувчилар ва ОАВ мутахассислари учун «Интерньюс» ташкилоти икки тадбирни ташкил этди. «Интерньюс»нинг кичик грантларига сазовор бўлган 10 та энг самарали лойиҳа мустақил ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинди», дейилади ЕК баёнотида.

Шу билан бирга, ўтган йил октябрь ойида бошланган «Уч нуқта. Нима кўраётганингни бил» кампанияси Марказий Осиёда янгиликлар тарқатиш бўйича оммабоп воситага айланиб улгурган.

Танқидий фикрлашни тарғиб қилувчи контент яратишни ўз ичига олган лойиҳа ижтимоий тармоқларнинг минглаб фойдаланувчилари томонидан томоша қилинган.

«Ақлли ва креатив» лойиҳа

«Интерньюс» тадбирларининг кўп сонли иштирокчилари ва мутахассислар унинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳоламоқдалар.

«Бу жуда ақлли ва креатив лойиҳа бўлиб, Марказий Осиё давлатларини бир-бирига янада яқинлаштирди. Унинг давомини сабрсизлик билан кутмоқдамиз», дейди «Интерньюс» MediaCAMP лойиҳасининг минтақавий медиа-саводхонлик бўйича маслаҳатчиси, олмаоталик Гульнар Асанбаева.

«Фикримча, бу лойиҳада жуда муваффақиятли жамоа бирлашди ва унинг барча аъзолари ўзларини энг яхши тарафдан кўрсата олдилар», деди Асанбаева.

Тренингларда қатнашган журналистлар ҳам ушбу лойиҳани фойдали деб ҳисоблайдилар.

«Интерньюс кўмагида жанговар экстремизм мавзуларини ёритувчи журналистлар учун сифатли ва фойдали тренинглар ўтказилмоқда», дейди бишкеклик журналист Мунара Боромбаева.

Унинг айтишича, бу каби тренинг ва йиғилишлар иштирокчиларга янги билимлар, мутахассислар билан учрашиш ва ўз лойиҳалари учун грант олишга имкон беради.

«Лойиҳанинг давом эттирилиши билан Марказий осиёлик журналистлар ва экспертлар ўз салоҳиятларини ошириш имконига эга бўлишлари таҳсинга сазовор», деди Боромбаева.

Нур-султонлик сиёсий таҳлилчи Ернар Бейсалиев ҳам «Интерньюс» ташаббусини юқори баҳолади.

«Марказий Осиё аҳолиси интернетда сохта янгиликлар, дезинформация ва экстремистик тарғиботнинг авж олишига тайёр эмас эди», дейди Бейсалиев.

«Бу борада журналистларга ҳам билим етишмас, улар зиддиятли ва нозик мавзуларни ёритишга қийналар эдилар. Тренинглар шу камчиликларни бартараф этишга ёрдам бермоқда», дейди Бейсалиев.

«Мен «Уч нуқта. Нима кўраётганингни бил» интернет лойиҳаси хабарларидан кўп янги нарсаларни ўрганяпман», дейди Жамбил вилоятида яшовчи 23 яшар ўқитувчи Арман Имашев.

«Бугунги кунда веб-сайтлар ёки WhatsApp орқали учратиш мумкин бўлган сохта янгиликлар тузоғига илинмаслик учун медиа-саводхонлик талаб этилади. Мен маълумотларга янада масъулиятлироқ қарай бошладим. Хабарлар ҳаққоний эканига ишончим комил бўлмаса, уларни тарқатмайман», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Баъзилар, болалар уларга бўлган ишончни оқлашади дейишган эди.

Жавоб бериш

Қўшиламан

Жавоб бериш