Карвонсарой
Терроризм

Сурия жамлоғида ИД жангариларидан қолган етим болаларнинг келажаги мавҳум қолмоқда

AFP ва Карвонсарой

Сурия шимоли-шарқида жойлашган Ал-Ҳол жамлоғидаги болалардан бири, 2019 йил 8 август. (Делил Сулаймон/AFP)

Сурия шимоли-шарқида жойлашган Ал-Ҳол жамлоғидаги болалардан бири, 2019 йил 8 август. (Делил Сулаймон/AFP)

АЙН-ИССА, Сурия – Сурия шимолидаги жамлоқнинг темир панжараси ёнида ногиронлар аравачасида ўтирган тўққиз ёшли Руқайя Муҳаммад журналистлардан беркиниш учун рўмолини юзига тортади.

Мисрлик қиз март ойида Суриядаги «Исломий давлат» (ИД) гуруҳига қарши унинг сўнгги истеҳкомида бўлиб ўтган жанглар чоғида чап кўзи, оёқлари ва ота-онасидан жудо бўлган.

Айни пайтда у ИД жангариларидан қолган бошқа 23 та етим бола билан Айн-Иссага кўчирилганлар жамлоғидаги улкан чодирда, катталар қарамоғида кун кечирмоқда.

Бу ерда 18 ойликдан 13 ёшгача бўлган болалар бор. Улар Россия, Ўзбекистон, Индонезия, Тожикистон, Миср ва ироқлик ота-оналардан дунёга келганлар.

Ал-Ҳол жамлоғидаги етим болаларнинг айримлари уларни ўраб олган ИД экстремистик мафкурасидан бошқа деярли ҳеч нарса билмайдилар. «Халифалик» қулашидан олдин суратга олинган ИД видеолавҳаси кадрларида икки болакай акс этган. [Файл]

Ал-Ҳол жамлоғидаги етим болаларнинг айримлари уларни ўраб олган ИД экстремистик мафкурасидан бошқа деярли ҳеч нарса билмайдилар. «Халифалик» қулашидан олдин суратга олинган ИД видеолавҳаси кадрларида икки болакай акс этган. [Файл]

Суриянинг Ал-Ҳол жамлоғидаги ИД жангариларидан қолган етим болаларнинг тақдири кўпчиликни хавотирга солиб келмоқда. «Халифалик» қулашидан аввал тасвирга олинган ИД видеолавҳаси кадрларида ана шундай болакайлар бир гуруҳи акс этган. [Файл]

Суриянинг Ал-Ҳол жамлоғидаги ИД жангариларидан қолган етим болаларнинг тақдири кўпчиликни хавотирга солиб келмоқда. «Халифалик» қулашидан аввал тасвирга олинган ИД видеолавҳаси кадрларида ана шундай болакайлар бир гуруҳи акс этган. [Файл]

«Болаларнинг ичида Руқайя мени энг кўп ташвишга солади» дейди етимларга қарашга кўмаклашадиган 37 ёшар Сора ал-Абдуллоҳ.

«У доим одамови, уятчан ва ғамгин кўринади», дейди уч фарзанднинг бева онаси Сора. У Айн-Исса жамлоғида кичик ҳақ эвазига болаларга қарайдиган тўққиз аёлдан биридир.

Чодирнинг ташқарисида болаларнинг жажжигина кийимлари қуритиш учун темир панжарага илиб қўйилган. Ичкарида эса болалар помидор билан дудланган юмшоқ бақлажон овқатга нон ботириб ейишмоқда.

Кўнгиллилардан бири ёш боланинг оғзини очишга кўндириб турган бир вақтда, бошқаси қўлидаги сутли идиш билан гўдакни озиқлантирмоқда.

Болакайлардан бири чодир бўйлаб югуриб ўтиб, ҳаяжон билан ўзини бир уюм кўрпа-тўшак устида ташлайди.

Нурсиз болалик

Кўнгиллиларнинг айтишича, айрим болаларда ИД ҳукмронлиги остида марҳум ота-оналари билан кечирган ҳаётларидан руҳий тушкунлик асоратлари кўриниб туради.

«Улар отишмачоқ ёки ерга мина кўмиб, бир-бирлари билан уруш-уруш ўйнайдилар» дейди Сора Ал-Абдуллоҳ.

Ёғоч бўлакларидан ўйинчоқ қурол қилиб олган болакайлар ИД жангариларининг қичқириқларига тақлид қилиб, хаёлан жанг қиладилар, дейди у.

«Буларнинг бари болалар онгига ўрнашиб қолган. Улар буни унута олмайдилар», деди у. «Улар ўқимайдилар, кичкина болалар билан ўйнамайдилар. Улар бундай нарсалардан маҳрум.»

2014 йилда ИД Сурия ва қўшни Ироқнинг катта қисмини эгаллаб олиб, «халифалик» эълон қилар экан, Исломни шафқатсизларча талқин қилиб, миллионлаб одамларга ўз ҳукмини ўтказишга уринди.

Март ойида АҚШ қўлловидаги суриялик жангчилар уларни Боғуз қишлоғидаги охирги манзилидан қувиб чиқарди.

Исёнчиларга қарши бир неча йиллар давомида кураш олиб борган суриялик курдлар ихтиёридаги ҳибсхона ва жамлоқларда ИД жангарилари деб гумон қилинган минглаб эркак ва аёллар, шунингдек, 8000 га яқин бола сақланмоқда – уларнинг ярмидан кўпи беш ёшгача бўлган болалардир.

БМТга кўра, улар орасида юзлаб болалар қаровчисиз қолган.

Бир неча ойга чўзилган озиқ-овқат тақчиллиги ва шиддатли бомба ҳужумларидан сўнг, жангнинг сўнгги ҳафталарида Боғуздан чиқиб кетган ўн минглаб аҳоли орасида Айн-Иссадаги 24 нафар етим бола ҳам бор эди.

«Уларнинг аҳволлари аянчли эди. Касалхонада ётиб, даволанишди», дейди Айн-Исса жамлоғининг бошқарувчиси Жалол Ияф.

Аммо жамлоққа етимлар учун ҳеч қандай ёрдам берилмади ва ҳозирда уларни таъминлашга қийналяпмиз, деди у AFP мухбири билан суҳбатда.

«Биз улар учун кийим-кечак, озиқ-овқат, ичимлик сўраяпмиз, шунингдек, уларни реабилитация қилишга, ИД мафкурасидан халос этишга ёрдам беряпмиз», деди у.

Оғриқни енгиллатиш

Чодирга қайтар экан, 20 яшар Суад Муҳаммад Амин эндигина юришни бошлаган боланинг бошига футболка кийгизади.

Қизнинг айтишича, бу болалар нафақат озиқ-овқат ва кийим-кечак, балки психологик ёрдамга ҳам муҳтож.

«Мен учун энг оғир нарса – ота-оналари уларнинг кўз ўнгида ўлдирилгани ёки ака-ука ва опа-сингилларидан қандай қилиб жудо бўлганликларини эшитиш», дейди у.

У мусибатни енгиллатиш учун болаларга эртак айтиб беришни ва ҳатто қизларга тўқишни ўргатишга ваъда берди.

«Мен ҳаётда кўп нарсани бой берган бу болаларга ўқиш ва ёзишни ўргатаман, деб ваъда бердим», дейди у.

Аммо, жамлоқ бошқарувчиси Ияфнинг таъкидлашича, уларни ватанига қайтариш энг яхши ечимдир.

Сурия шимоли-шарқидаги курд расмийлари бир неча бор жамлоқда сақланаётган хориж фуқаролари, шу жумладан етим болаларни ҳам ватанига қайтаришга чақирган ва бу чақириқ жиддий қаршиликларга учраган эди.

Бошқа бир тарбиячи – 19 яшар Алаа Сулаймон ас-Солиҳ ҳам болаларнинг уйга қайтишларига умид қилмоқда.

«Чодирдаги вазият ҳақиқатан ҳам оғир», дейди қизларнинг айримларига илгак билан тўқишни ўргатаётган ёш аёл.

«Умид қиламанки, бу болалар бой берилган болалик ва таълимни тиклаш учун ўз мамлакатларига қайтадилар», деди у.

Марказий Осиёдаги репатриация чоралари

Ўз навбатида, Марказий Осиё мамлакатлари радикаллашган фуқароларини Яқин Шарқдан ўз ватанига қайтариб, уларни жамиятга мослашга ҳаракат қилмоқдалар.

Бундан бир ойча олдин Қирғизистон расмийлари жангарига айланиб, Сурия ва Ироқда қўлга олинган ёки ўлдирилган фуқароларнинг оилаларини ватанига қайтариш устида иш олиб борилаётганини маълум қилган эдилар.

Ҳукумат маълумотларига кўра, ушбу операцияни мувофиқлаштириш билан бош вазир ўринбосари Жениш Разаков бошчилигидаги Қирғизистон идоралараро ишчи гуруҳи шуғулланган бўлиб, унинг таркибига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ), Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари ва Давлат рўйхатга олиш хизмати вакиллари кирган.

Расмий статистикага кўра, Сурия ва Ироқдаги жанговар ҳаракатлар ҳудудларида 850 нафар Қирғизистон фуқароси, шу жумладан аёллар ва ёш болалар бор.

Шу билан бирга, йил бошида Суриядан қайтган қозоқ аёлларини реабилитация қилиш устида психологлар, шифокорлар, диний мутахассислар ва терговчилар жиддий ишламоқда.

28-31 май кунлари Қозоғистон ҳукумати Суриядан 67 аёл ва 171 болани эвакуация қилиб, «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операциясига якун ясади. Эвакуация йил бошидан бери учинчиси бўлди. Операция давомида жами 524 қозоқ фуқароси – 137 аёл, 357 бола ва 30 эркак ватанига қайтарилган.

30 май куни Ўзбекистон ҳукумати 156 нафар Ўзбекистон фуқароси, жумладан 106 нафар ёш бола ва 48 аёлни ватанига қайтариш бўйича «Меҳр» инсонпарварлик операцияси ўтказилганини эълон қилди. Операция доирасида икки нафар эркак ҳам олиб келинган.

Бу орада, Тожикистон 1 август куни Сурия ва Ироқда ҳибсга олинган 48 нафар тожик аёлини ватанига қайтариш бўйича комиссия тузилгани ҳақида маълум қилган, деб хабар беради Азия-плюс.

Аввалроқ, тожик ҳукумати 30 апрель куни Ироқдан 84 нафар тожикистонлик болани ватанига қайтарган. Уларнинг оналари қамоқда ёхуд маҳкама жараёнини кутаётган бўлган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500