https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/10/03/feature-01
| Терроризм

Барча аломатлар Россиянинг Суриядаги муддатсиз истилосидан дарак бермоқда

AFP ва Карвонасарой

image

Рус православ руҳонийси Россия армияси генералига оқ фотиҳа бермоқда, Суриядаги Хмеймим ҳарбий базаси, 2019 йил 26 сентябрь. Суриядаги рус аскарларига «барча зарур қулайликлар» яратиб берилган, жумладан русча пишириқлар тайёрлайдиган қандолатчилик расталари, ёғочдан ишланган ҳаммомлар, ҳатто пиёзсимон гумбазли, ичи иконаларга тўла православ черковлари бор. (Максим Попов/AFP)

ТАРТУС, Сурия – База қўмондони Суриянинг Тартус портидаги Россия ҳарбий-денгиз базасида ташкил этилган хиёбонга разм солар экан, қатор дарахтларга ишора қилади.

«Бу дарахтлар ҳали катта бўлади», дейди камуфляжли бош кийими билан кўзларини Ўртаер денгизи қуёшидан тўсган рус аскари.

Россия армияси президент Башар Асадни қўллаб-қувватлаш мақсадида Сурия можаросига аралашганига тўрт йил тўлар экан, улар бу ерни ҳали-бери тарк этадиганга ўхшамайди. Ҳаммаси тамоман аксинча.

Яқинда Россия мудофаа вазирининг Сурияга ташрифи чоғида, AFP ва бошқа нашрлар журналистлари Россия қўшинларининг Яқин Шарқ бўйлаб таъсирга эга бўладиган ҳарбий ҳозирликларини мустаҳкамлаётганига гувоҳ бўлдилар.

image

Россиялик аскарлар дам олиш вақтида баскетбол ўйнамоқдалар, Суриянинг Ўртаер денгизидаги Тартус бандаргоҳ шаҳри, 2019 йил 26 сентябрь куни олинган сурат. Россия армияси президент Башар Асадни қўллаб-қувватлаш мақсадида Сурия можаросига аралашганига тўрт йил тўлар экан, улар бу ерни яқин орада тарк этмайдиган кўринади. (Максим Попов/AFP)

image

Россия президенти Владимир Путин Сурия президенти Башар ал-Асад (чапдан иккинчи) ва Россия мудофаа вазирлигининг юқори мансабдорлари, Россия армияси бош штаби билан ўтган йил ноябрь ойида узоқ муддатли режаларни муҳокама қилиш учун учрашдилар. (Кремль)

Россиянинг ҳарбий ва сув ости кемалари Ўртаер денгизи шарқидаги улкан мажмуа – Тартус базасига намойишкорона жойлаштирилган.

Мухбирларга дам олаётган аскарларнинг тренажёр залда машқ қилаётгани, русча пишириқлар билан сийлаётган қандолатчилик расталари, баня номи билан танилган машҳур ёғоч ҳаммомлар ва ҳатто пиёзсимон гумбазли, ичи иконаларга тўла православ черковлари кўрсатилган.

Рус аскарлари учун «барча зарурий қулайликлар» яратиб берилган, дейди зобитлардан бири.

2015 йил сентябрь ойи охирида, фуқаролар урушининг авж палласида, радикал жангарилар ва бошқа исёнчилар мамлакатнинг катта қисмларини назоратга олган вақтда Москва Асадни қўллаб-қувватловчи кампанияни бошлаган эди.

Россиянинг аралашуви кескин ўзгаришларга олиб келди ва режимпараст кучлар ҳукумат назоратида бўлмаган ҳудудларнинг катта қисмини эгалладилар.

Кампания давомида Сурияда расман 63 мингга яқин рус ҳарбий хизматчилари, жумладан аскарлар, денгизчилар ва бомбалаш амалиётларининг авжида бир кунда 100тадан ортиқ жанговар парвозларни амалга оширган учувчилар бўлган.

Шу билан бирга, Сурияда юзлаб хусусий ҳарбий пудратчилар, жумладан таниқли Вагнер Гуруҳи ҳам иш олиб борган. Хабар қилинишича, улар режимни қўллаб-қувватловчи аскарлар билан бир қаторда аввалги сафларда жанг қилишган.

Ушбу можаро хориждаги Россия ҳарбий кучлари учун энг муҳим полигонга айланди ва Москванинг «Калибр» ракеталари ҳамда «Ту-22М» узоқ масофага учадиган бомбардимончи самолётларини синаш имконини берди.

Ҳозирда Суриядаги 3000 га яқин россиялик ҳарбий хизматчилар Тартус ва Хмеймим авиабазаси каби объектларда жойлаштирилган.

Россиянинг қўллови халқаро саҳнада баҳс-мунозаларга сабаб бўлди.

Сурия президенти Башар Асад кучлари томонидан яна бир кимёвий ҳужум уюштирилгани тасдиқлангач, пайшанба (26 сентябрь) куни Америка Қўшма Штатлари Россиянинг Суриядаги контрабанда операциясига қарши янги санкцияларни эълон қилган.

АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг баёнот беришича, Асад режими 19 май куни Латакия провинциясида Идлибдаги исёнчиларнинг сўнгги асосий истеҳкомини қайтариб олишга қаратилган ҳужум пайтида хлорин ишлатган.

Бу Россия қўлловидаги режим томонидан содир этилгани тасдиқланган кўп сонли кимёвий ҳужумлардан бири бўлди. Жумладан, ўтган йили шу каби ҳужумлар натижасида Думада 80 киши ҳаётдан кўз юмган.

Москва ўз иттифоқчиси бўлмиш Сурияни ҳимоя қилиш мақсадида, БМТнинг ушбу низога оид резолюцияларига вето қўйишда давом этди.

19 сентябрь куни Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо 15 мамлакатдан 12 таси қўллаб-қувватлаган резолюциясига вето қўйди. У Идлиб вилоятида оташкесим эълон қилишни кўзда тутар эди.

Германия, Бельгия ва Кувайт ушбу резолюцияни қабул қилишни қатъиян талаб қилганлар, уларнинг таъкидлашича, бундан тўрт ой муқаддам ҳукумат кучлари ҳужум бошлаганидан бери ярим миллион суриялик Идлибдан сиқиб чиқарилган.

Улар агар жанговар ҳаракатлар давом этадиган бўлса, можаро асрнинг энг ёмон гуманитар инқирозига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, Россияни «соф гуманитар» тадбирга вето қўймасликка чақирганлар.

«Стратегия йўқ»

Шу билан бирга, Москва бу икки объектни ижарага олиш бўйича 49 йилга мўлжалланган шартномани имзолади, бу Россияга Яқин Шарқда илк маротаба узоқ муддатли ҳарбий ҳозирлик ўрнатишга имкон беради.

Москванинг глобал таъсирини кенгайтиришни мақсад қилган Россия президенти Владимир Путин мамлакат қўшинлари Сурияда қанча зарур бўлса, шунча муддатга қолишини билдирди.

«Ҳарбийларимиз Россия манфаатларини таъминлаш мақсадида дунёнинг муҳим минтақасида бўлиб турибди», деган эди Путин ўтган йилги телемарафон чоғида.

Базалардан олисда, Москванинг ҳозирлиги бутун мамлакат бўйлаб сезилади.

Россия ҳарбий машиналари Асад ва Путиннинг сурати илинган йўллар бўйлаб патруль назоратини олиб бормоқда.

Дамашқдан ғарб томондаги қишлоқ жойларда журналистларга рус ҳарбий маслаҳатчиларидан сабоқ олаётган янги ва ўқдан ҳимояланган формадаги Сурия армияси баталони кўрсатилган.

Шундай бўлса-да, муаммолар сақланиб қолмоқда ва Сурияда ҳеч нарса аниқ эмас.

Қонли режим ҳужумига қарамай, Туркия билан чегарадош Идлиб вилояти ҳукумат назорати остида эмас.

Бу ой БМТ янги конституциявий қўмитани ташкил этиш тўғрисида эълон қилганига қарамай, узоқ муддатли сиёсий ечимга умид кам.

Мудофаа масалалари бўйича россиялик таҳлилчи Алексей Малашенконинг айтишича, Асадни бу қадар очиқ қўллаб-қувватлаш билан Россия ўзини заиф қилиб қўйган бўлиши мумкин.

«Россиянинг бошқа чораси йўқ. Унинг яхши тактика бор, аммо стратегия йўқ», дейди у. «Кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди.»

Сизга мақола ёқдими?
16
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha

Сурия халқига қарши жиноятлари учун русларни оғир жазо кутмоқда

Жавоб бериш