Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистонда томошабинларни террорчилик хавфи ҳақида огоҳлантирувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди

Айдар Ашимов

Суратда: «Тинчлик баҳоси. Шимол» фильмидан олинган кадрда рейд чоғидаги махсус кучлар аскари.

Суратда: «Тинчлик баҳоси. Шимол» фильмидан олинган кадрда рейд чоғидаги махсус кучлар аскари.

НУР-СУЛТОН – Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) томонидан намойиш этилган ҳужжатли фильмда террорчиларни ёллаш ва минтақадаги хавфсизлик муаммолари ёритилган бўлиб, жамоатчиликка бу иллатга қарши курашга кўмаклашувчи маълумотлар тақдим этилган.

«Тинчлик баҳоси. Шимол» деб номланган фильм 4 октябрь куни Қозоғистон телевидениесида, кейинроқ эса YouTube тармоғида кенг омма учун намойиш этилди.

Бу режелаштирилган туркум фильмларнинг иккинчиси бўлиб, унда мамлакат шимолидаги террорчилик ва наркотрафикка қарши кураш чоралари ҳақида сўз юритилади.

Июль ойининг охирида тақдим этилган биринчи фильмда Қозоғистон ғарбида олиб борилаётган аксилтеррор саъй-ҳаракатлар ёритилган эди.

«Тинчлик баҳоси. Шимол» фильмидан олинган кадрда қамоқхонада машқ қилаётган маҳбус акс этган.

«Тинчлик баҳоси. Шимол» фильмидан олинган кадрда қамоқхонада машқ қилаётган маҳбус акс этган.

Террор хроникаси

Кўп ҳолларда террорчилик наркофурушликдан олинган даромадга боғлиқ бўлади, шу сабаб фильмда наркотрафикка қарши кураш ҳақида сўз боради.

Аксарият синтетик гиёҳванд моддалар Қозоғистонга чет элдан кириб келаётган бир пайтда, ўтган йили Қустанай вилоятида хуфиёна лаборатория ишга тушган. Фильмда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи жиноий гуруҳ фош этилган. Жиноятчилар Қозоғистонда оғуфурушлик билан шуғулланиб, гиёҳванд моддаларни почта орқали бошқа давлатларга ҳам жўнатганлар.

Ҳужжатли фильмдаги яна бир ҳикояда 2016 йилдаги воқеалар акс эттирилган, унда эҳтимолий худкушлар балиқчилар ниқоби остига яширинган эдилар.

Ўшанда МҲҚ информатори бир гуруҳ одамлар ўз уйларида металл қувурлар ва электр симларини сотиб олиб, пайвандлаш ишларини олиб боргани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларини огоҳлантирган.

Терговчиларнинг аниқлашича, худкушлик белбоғларини тайёрлашда портловчи моддалар билан тўлдирилган қувурлардан фойдаланилган. Террорчилар «Ислом давлати»нинг (ИД) ташвиқий видеолавҳалари таъсири остида қўлбола портловчи мосламалар ёрдамида ҳужумларни режалаштирганлар.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўтказилган рейд чоғида экстремистлардан бири ўзини портлатиб юборган. Операция давомида террорчи гуруҳнинг саккиз аъзоси қўлга олинган. Уларга саккиз йилдан 14 йилгача қамоқ жазоси берилди.

«Ҳозирги кунда Интернетда ҳамма маълумотлар бор. Террористлар (маиший кимё ва симлар каби) қўлбола ашёлардан портловчи мослама ясаб олишлари мумкин», дейди Қарағанда вилояти МХҚ идораси бўлим бошлиғининг ўринбосари Чингиз Исхаков фильмда.

Ноқонуний миграция ва терроризм

Қамоқхона ҳар доим ҳам экстремистларни қайта тарбиялай олмайди.

Ҳужжатли фильм қамоқхонада радикал қарашларни қабул қилган собиқ маҳкумлар ҳақида ҳикоя қилади. Улар озодликка чиққанларидан сўнг, одамларни жангариликка ёллаб, Афғонистон-Покистон чегара ҳудудига жўнатганлар.

«Улар интернетдан «Жанговар варақа» дастурини юклаб олиб, қўлбола портловчи мосламалар ёрдамида қандай қилиб фуқаролар уруши олиб боришни ўрганганлар ва конспирация кўникмаларини ўзлаштирганлар», дейди фильмдаги интервьюси чоғида МХҚнинг Қустанай вилоятидаги бошқармаси бошлиғи Булат Мусабеков.

Унинг сўзларига кўра, бу кимсалар Қозоғистондан чиқишга тайёргарлик кўриш жараёнида жиноят содир этиб, автомобиль ўғирлаганлар. Ўз шериклари ёрдамида улар машинанинг юкхонасида ноқонуний равишда Қирғизистонга ўтиб, у ердан Туркия ва Афғонистонга боришни режалаганлар.

Экстремистлар Қозоғистон ва Қирғизистон махсус хизматларинин ҳамкорликдаги операцияси натижасида Бишкекда қўлга олинган.

«Террорчилик ташкилотлари ноқонуний миграция каналлари ва умумий миграция оқимларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин», дейди МХҚнинг Қустанай вилояти бошқармаси раҳбари Жонқўзи Қодирбеков фильмдаги интервьюсида. «Ушбу каналлар орқали террорчилик фаолияти сабабли халқаро қидирувда бўлган шахслар ҳам ҳаракатланиши мумкин. Улар ушбу ноқонуний миграция йўналишларидан фаол фойдаланиб келадилар.»

Миллий хавфсизлик қўмитаси жумладан, экстремизм ва терроризмда айбланган маҳбусларни кузатиб бориш ва радикаллашувдан халос қилиш билан шуғулланади ва бу ишларга диний мутахассислар ҳам жалб қилинади.

«Ноқонуний миграция хавфли, сабаби мигрантлар орасида халқаро террорчилик ташкилотлари аъзолари ҳам бўлиши мумкин», дейди КНБнинг Қарағанда вилояти бошқармаси раҳбари Кендебай Адамбеков. «Суриядаги можаро ўз ниҳоясига етай деб қолган, энди у ерда фуқаролар уруши кетмоқда. У ерда 100 мингдан ортиқ жангарилар бор эди. Уларнинг асосий қисми қаерга ғойиб бўлди? Ҳамма террорчи ташкилотлар раҳбарлари ўлдирилгани йўқ. Террорчилик ҳаракатлари Марказий Осиёга, шу жумладан Қозоғистонга қаратилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.»

«Терроризм ҳақида ... гапириш керак»

«Терроризм жамоатчиликка оғир жиноят деб тушунтирилиши лозим. Дарҳақиқат, террорчилар кўпинча одамларни гаровга оладилар, бегуноҳ инсонлар уларнинг қурбонига айланади. Террорчилик ҳаракати хавфи шароитида ўзини тутиш қоидаларини билишимиз керак. Руҳшуносларга қурбонлар билан қандай суҳбатлашишни ўргатиш керак», дейди «Жайик Дауси» (Урал овози) нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари, уральсклик Кадиша Муканова.

Унинг айтишича, Ғарбий Қозоғистон вилоятининг ўзида Суриядан қайтган 26 аёл ва 66 бола бор.

«Бу катта рақам. Улар билан эҳтиёткорона иш олиб бориш керак», дейди Муканова.

«Бундай фильмларни ҳатто болалар ҳам кўриши керак», деди оиласи билан фильмни томоша қилган таразлик Берик Калиев.

«Биз бу видеони кўрдик ва уни кўп муҳокама қилдик, чунки бунга бефарқ бўлиш қийин», деди у. «Асосий хулосалар шуки, одамлар алданадилар ва ўзгаларнинг урушига борадилар. Бу жангарилар орасида оддий жиноятчилар ҳам кўп. Аммо одам қандай қилиб ўз ватандошларини омматан ўлдиришни ёки террорчилик хуружини режалаштириши мумкин? Бу мутлақо ақлга сиғмайди.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500