Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг айтишича, Россия Сурияда 6500 дан ортиқ тинч аҳолини ўлдирган

Карвонсарой

Май ойида Суриянинг Мааррату Нўъмон шаҳрида Сурия режими аскарлари ва уларнинг россиялик иттифоқчилари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида жабрланганлардан бири олиб чиқилмоқда. [Абдулазиз Кетаз/AFP]

Май ойида Суриянинг Мааррату Нўъмон шаҳрида Сурия режими аскарлари ва уларнинг россиялик иттифоқчилари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида жабрланганлардан бири олиб чиқилмоқда. [Абдулазиз Кетаз/AFP]

Сурия Инсон ҳуқуқлари тармоғи (SNHR) Россияни 2015 йилдан бери Сурияда олиб борган ҳарбий операциялари давомида «юзлаб ҳарбий жиноятлар» содир этганликда айбламоқда.

30 сентябрь куни Россиянинг Сурия можаросига ҳарбий аралашувининг тўрт йиллиги муносабати билан эълон қилинган 40 саҳифалик ҳисоботда таъкидланишича, Россиянинг ҳарбий операциялари натижасида 6500 дан ортиқ тинч фуқаролар ҳалок бўлган.

Россия ушбу ҳалокатлар учун узр ҳам сўрамаган, қурбонлардан бирортасининг оиласига товон пули ҳам тўламаган, дейилади ҳисоботда. У касалхоналар, фуқаролик мудофааси иншоотлари ва турар-жой мавзеларини бомбалаётганини инкор қилишда давом этмоқда.

Суриялик фаоллар томонидан жойларда тўпланган далилларга кўра, сўнгги тўрт йил ичида Россия кучлари томонидан 6686 тинч фуқаро, жумладан 1928 нафар бола ва 908 аёл ўлдирилган.

Туб аҳоли вакилларидан бири олган видеотасвирда 28 май куни Суриянинг Идлиб вилоятида Россия авиазарбаси натижасида ҳалок бўлган ўғлига аза тутиб йиғлаётган ота акс эттирилган. [Файл]

Туб аҳоли вакилларидан бири олган видеотасвирда 28 май куни Суриянинг Идлиб вилоятида Россия авиазарбаси натижасида ҳалок бўлган ўғлига аза тутиб йиғлаётган ота акс эттирилган. [Файл]

Россиянинг ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар орасида тиббиёт ва ОАВ ходимлари ҳам бор: 107 нафар тиббиёт ва 21 нафар ОАВ ходими ҳаётдан кўз юмган.

Ҳисоботга кўра, Россия кучлари уруш даврида халқаро конвенциялар ҳимоясида бўлган камида 1083 та муҳим объектни, жумладан 201 та мактаб ва 190 та тиббий муассасани бомбардимон қилганлар.

Ҳисоботда, шунингдек, Россия ҳарбийларининг халқаро миқёсда тақиқланган кассетали бомбалардан фойдаланиши билан боғлиқ 236 та, шунингдек, ёндирувчи қурол қўллаш билан боғлиқ 125 та ҳолат қайд этилган.

Ҳисоботга кўра, ушбу хулосалар Россия ҳукумати ёки унинг номидан берилган ёлғон баёнотлар ва ОАВ хабарларидаги «Россия фақат террорчиларни йўқ қилиш ва Сурия халқига ёрдам бериш билан шуғулланмоқда», деган маълумотларга зид.

Унда таъкидланишича, Россия мудофаа вазирлиги «минглаб жангари-террорчиларни ўлдирганини даъво қилиб, ўз операциялари ва ҳаво ҳужумларининг натижаларини умумий ва ноаниқ атамалар билан эълон қилади.»

Ҳисоботда айтилишича, Россия тинч аҳолининг оммавий равишда кўчирилиши учун жавобгар. Ҳисоботга кўра, сўнгги ҳарбий амалиётлар чоғида 600 мингдан зиёд тинч аҳоли, Россиянинг хатти-ҳаракатлари оқибатида эса 3,3 миллион тинч аҳоли бошқа жойга кўчирилган.

«Биз Россия томонидан ҳомийлик ёки назорат қилинадиган ҳеч қандай сиёсий низоларни ҳал этиш жараёнига ишона олмаймиз. У шафқатсиз операциялар ва инсониятга қарши жиноятларда Сурия режимини қўллаб-қувватлаб, БМТ резолюцияларига 13 бор вето қўйган», деди Сурия Инсон ҳуқуқлари тармоғи раиси Фадел Абдул Ғани ҳисобот билан таништирар экан.

«Россия ҳарбий жиноятларга алоқадор ва бу жиноятлар учун узр сўраши, сўнгра ўзи вайрон қилган нарсаларни тиклаши, қурбонлар учун товон пули тўлаши ва Суриядаги бир оиланинг сулолавий диктатурасини қўллаб-қувватлашни бас қилиши лозим», деди у.

«Шундан сўнггина, демократия, инсон ҳуқуқлари, Сурия ва унинг жамиятини қайта қуриш ҳамда барқарорлик сари сиёсий ўтиш жараёни муҳокама қилиниши мумкин.»

Кимёвий ҳужумлар ва обструкционизм

Инсон ҳуқуқларига оид ушбу ҳисобот Сурия президенти Башар Асад кучлари томонидан яна бир кимёвий ҳужум уюштирилгани тасдиқлангач, 26 сентябрь куни АҚШ Россиянинг Суриядаги контрабанда операциясига қарши янги санкциялар жорий қилиши ортидан эълон қилинган.

Асад режими 19 май куни Латакия вилоятида Идлибдаги исёнчиларнинг сўнгги йирик истеҳкомини қайтариб олишга қаратилган ҳужум пайтида хлорин газини ишга солган.

Америка Қўшма Штатлари ва Франция аввалроқ ҳам кимёвий ҳужум ҳақидаги гумонларини билдирган, аммо қўшимча текширувлар зарурлигини айтиб, расмий қарор қабул қилишни кейинга қолдирган эдилар.

Халқаро терговчиларга кўра, Асад 370 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган фуқаролар урушида ғолиб бўлиш мақсадида, авваллари ҳам фуқаролик объектларига қарата бир неча бор кимёвий қурол қўллаган.

Ушбу ҳодисалар Россия ва Хитойнинг БМТ Хавфсизлик кенгаши резоциясига вето қўйиши ортидан юз берди. Урушлар туфайли вайрон бўлган Идлиб вилоятида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи баёнот кенгашга аъзо 15 мамлакатнинг 12 таси томонидан қўллаб-қувватланган.

2011 йилда Сурия можароси бошланганидан бери Россия БМТ резолюцияларига 13 марта вето қўйган.

Германия, Бельгия ва Кувайт ушбу резолюцияни қабул қилишни қатъиян талаб қилганлар, уларнинг таъкидлашича, бундан тўрт ой муқаддам ҳукумат кучлари ҳужум бошлаганидан бери ярим миллион суриялик Идлибдан сиқиб чиқарилган.

Улар агар жанговар ҳаракатлар давом этадиган бўлса, можаро асрнинг энг ёмон гуманитар инқирозига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, Россияни «соф гуманитар» тадбирга вето қўймасликка чақирганлар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Босқинчи Россия БМТда нима қилиб юрибди деган савол туғилади, улар у ерда нимага керак ўзи. Тажовузкорни халқаро ташкилотлардан бутунлай чиқариб юбориш керак.

Жавоб бериш

Қанча тинч фуқаролар террорчилар қўлидан ҳалок бўлганини кимдир айта оладими?

Жавоб бериш

Энди Россия уларга товон тўлаши ва Сурияда йўқ қилинган ҳамма нарсани тиклаши керак.

Жавоб бериш

Москва айбсиз одамларни қатлиом қилишни яхши кўради

Жавоб бериш

Агар Россия бўлмаса Америка ҳамма мусулмон ерларни ёқиб юборади. Америкаликлар дўзахда ёнсин!

Жавоб бериш

Худди Афғонистондан хайдаб чиқаргандек Суриядан ҳам тепиб чиқариш керак. Афғонистондан Россия 10 йил давомида жанг олиб борган ва охири думини қисиб шармандалик билан чиқиб кетди.

Жавоб бериш

Россия ҳар доимгидек тинч аҳолини қатлиом қилмоқда ва қирмоқда

Жавоб бериш

Россия бор жойда уруш бор

Жавоб бериш