Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Туркманистонда порахўрлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича янги дастур қабул қилинади

Жумагули Аннаев

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2017 йилнинг 17 февраль куни Ашхабодда қасамёдга келтирилди. 3-бор ўтказилган иннаугурация маросимида Бердимуҳамедов коррупцияга қарши кураш ҳукуматнинг устувор йўналишларидан бири бўлишини айтган. [Игорь Сасин /AFP]

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2017 йилнинг 17 февраль куни Ашхабодда қасамёдга келтирилди. 3-бор ўтказилган иннаугурация маросимида Бердимуҳамедов коррупцияга қарши кураш ҳукуматнинг устувор йўналишларидан бири бўлишини айтган. [Игорь Сасин /AFP]

АШХОБОД – Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Давлат хавфсизлик кенгаши ва парламентга давлат хизматчилари орасида коррупцияга қарши кураш бўйича янги дастурни ишлаб чиқишга буйруқ берган.

1 октябрь куни Давлат хавфсизлик кенгаши ва Вазирлар маҳкамасининг қўшма мажлисида ИИВ ходимлари орасида аниқланган порахўрлик ҳолатларининг фош этилиши ортидан, коррупцияга қарши кураш бўйича аввалги сиёсатнинг самарасиз эканлигини билиниб қолган.

Бош прокурор Ботир Атдаев вазирликда ишлаган бир қанча коррупционерлар ҳибсга олингани ҳақида баёнот берган.

Атдаев маъруза қилар экан, унинг ортидаги катта мониторда виждонсиз полиция ходимларининг қилмишига пушаймон бўлиб, кўз ёши тўкаётган тасвирлари акс эттирилган.

Бердимухамедов ўтказилган тергов якунлари бўйича, ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Исгендер Муликовни ўз лавозимидан озод қилиб, унвонини майор даражасига туширган ва барча давлат мукофотларидан маҳрум қилган.

10 йиллик хизмати давомида Муликов 12 марта ҳайфсан олган, деб хабар берди «Ватан» телеканали 1 октябрь куни.

«Мен ҳеч қачон ҳеч кимнинг халқ пулини ўғирлашига ва фуқароларимиз ҳисобидан бойишига йўл қўймайман», деди Бердимухамедов.

Вазирликлар ва бошқа давлат идоралари раҳбарлари олдида сўзлаган Бердимуҳамедов порахўрлик ва коррупция давлат ва ижтимоий тузумга путур етказиши, иқтисодий ўсишни секинлаштириши ва давлат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлишини айтди.

Туркманистонда давлат идораларига ишонч ва ички ишлар тизимидаги этика минтақавий хавфсизликка дахлдор масала ҳисобланади, чунки у Марказий Осиёда Афғонистон билан чегарадош «фронт чизиғидаги» уч мамлакатдан биридир.

Бундан ташқари, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби, бу мамлакатнинг юзлаб радикал фуқаролари Сурия ва Ироқдаги «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилган ва Туркманистонга қайтган тақдирда ҳукуматга хавф солади.

Россиялик олигархлар Туркманистоннинг нефть ва газ саноатига чуқурроқ кириб борар экан, бу билан маҳаллий иқтисодиётни даромаддан маҳрум қилиб, мамлакат суверенитетини хавф остига қолдираётгани кузатувчилар тарафидан Кремлнинг коррупция ва ҳийла-найранглари сифатида эътироф этилган.

Коррупция «ҳамма нарсани емирмоқда»

Коррупцияга қарши кураш ҳукуматнинг устувор вазифаси бўлади, деган эди Бердимуҳамедов 2017 йилги учинчи инаугурацияси чоғида.

«Transparency International» нодавлат нотижорат ташкилотига кўра, 2018 йилда Туркманистон коррупция индекси бўйича Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг ёмон натижа қайд этган ва дунёнинг 180 мамлакати ичида бошқа уч мамлакат билан бирга 161-ўринни эгаллаган.

«Коррупцияга қарши кураш бўйича янги ҳукумат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мамлакат учун жуда муҳим, зеро коррупция занг каби ҳамма нарсани емиради, иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилади ва жамиятни таназзулга етаклайди», дейди ашхободлик адвокат Мақсад Чориев.

«Ҳамма пора сўрайди, ҳаммаси учун ҳақ бериш керак, ҳатто муфтиятни сизни ҳажга борадиганлар рўйхатига киритса ҳам (пора талаб қилади)», дейди Мақсад.

2017 йилнинг июль ойида банк соҳаси ходимлари, прокурорлар ва судьялар орасида порахўрлик ҳолатлари фош этилганида, Бердимуҳамедов «Туркманистонда коррупцияга ўрин йўқ» деган эди.

«Бироқ, коррупция, саратон касаллиги каби, бутун давлат аппаратида намоён бўлмоқда», деди Чориев.

«Янада очиқ ва шаффоф»

Кузатувчиларнинг ишонишича, янги ҳукумат дастури порахўрлик ва коррупцияни камайтиришга ёрдам беради.

«Биз мамлакатни гиёҳванд моддалардан халос қилишга эришдик, коррупцияни ҳам енга оламиз», дейди Мары шаҳрида истиқомат қиладиган ИИВ фахрийларидан бири Аман Атабаев.

Наркофурушларни ҳар йили амнистия қилиш амалиёти тўхтатилгач, гиёҳвандлик даражаси кескин тушиб кетди, деди Атабоев.

«Коррупцияга қарши курашда қаттиқроқ жазо чораларини қўллаш зарур, порахўрлар жазо муддатини охирига ўтамай, озодликка чиқарилмаслиги керак», дейди Атабаев.

Шундай бўлса-да, пора олиш ва бериш учун жазонинг қатъий ва муқаррар эканлиги ҳам муаммони тўла ҳал қилмайди, деди у.

«Кадрларни етиштириш ва тарбиялаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилиши керак. Давлат хизматчиларига ҳар йили ўз даромади тўғрисида ҳисобот бериш мажбуриятини юклаш ва давлат идоралари фаолиятини янада очиқ ва ошкоралигини таъминлаш зарур», деди Атабаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Баракалла, агар қуруқ гап бўлмаса.

Жавоб бериш