https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/10/25/feature-01
| Инсон ҳуқуқлари

Москва аэропортида тожикистонлик журналистнинг камситилиши норозилик келтириб чиқарди

Канал Алтинбаев ва AFP

image

Москва яқинидаги Домодедово халқаро аэропортини қўриқлаётган россиялик полициячи, 2017 йил 15 июнь. [Александр Неменов/ AFP]

МОСКВА/ОЛМАОТА – Москванинг Жуковский халқаро аэропортидан ўтадиган Марказий осиёликлар кўпинча божхона мутасаддилари ва авиакомпания ходимлари тарафидан нохолислик, ксенофобия ва қўполликка дуч келишади – бу каби носоғлом воқеликдан тожик журналисти Анора Саркорова афсуски, жуда яхши хабардор.

Би-би-си, Уруш ва тинчликни ёритиш институти ва бошқа бир қатор оммавий ахборот воситаларида ишлаган таниқли журналист Саркорова Душанбедан Прагага жўнаб кетаётганида аэропортда бошдан кечирганлари ҳақида ёзган.

Кўриниши славянча бўлмаган йўловчиларга нисбатан аэропорт ва авиакомпания ходимларининг қабиҳлиги чегарадан чиққан, уларбарча маънавий ва ахлоқий меъёрларни оёқости қилган ҳолда, бундай йўловчиларни камситувчи ҳолатлардан ўтишга мажбур қилишди, деб ёзади у 16 октябрь куни Facebook саҳифасида.

Ходимлар қаерда туриш мумкин-у, қаерда мумкин эмаслигини кўрсатиб, чегара назоратидан ўтаётган тожикистонлик меҳнат мигрантларига бақирар эдилар, дейди у.

image

Суратда: Москва аэропортида шовинизм ва нохолисликка дуч келганини ёзган тожикистонлик журналист Анора Саркорова. У бошдан кечирган ҳолат Россияда яшовчи кўплаб тожиклар, ўзбеклар ва қирғизлар учун жуда яхши таниш. [Анора Саркорова/Facebook]

Саркорова «Урал ҳаво йўллари» авиакомпанияси ходимидан ўзи олиб кетаётган расмларнинг хавфсизлиги қандай кафолатланиши ҳақида сўраганида, «нега энди қандайдир тожикларга кафолат беришимиз керак?» деган қўпол жавобни олади.

Божхоначилар эса «бу ҳеч қандай қимматли нарса эмас. Аллақандай тожик рассомининг асарлари. Бемаъни, арзон матоҳ» деб бақиришди, дейди Саркорова.

Шундан сўнг, Саркорованинг ҳужжатларини текшириш жараёни нохолис тарзда давом эттирилган.

«Назоратчи югуриб келиб, менга нафрат билан қаради. Бутун залга эшиттириб, баланд овозда: «Бунинг барча шенген визаларини сканердан ўтказиб, зудлик билан барча навбатчиларга юборинг. Тожикларнинг Европага учаётгани шубҳали. Кўча супурса майли, лекин Европага учиши...», деб ёзади Саркорова.

Божхона ходимлари унинг кимлиги ва нима мақсадда Европага учаётганини сўроқ қилиб, 40 дақиқа ушлаб туришган.

Йўловчилар самолётга чиқаётганида «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг борт кузатувчилари «фақат руслар билан саломлашар, «қора» тожикларга эса эътибор ҳам бермас эдилар», деди Саркорова.

Тизимли ирқчилик

Саркорованинг Facebook саҳифасидаги постига қарийб 9 мингта «лайк» ва 6000 дан ортиқ фикр-мулоҳалар қолдирилган бўлиб, у 2000 марта репост қилинган.

Фикр-мулоҳаза ёзиб қолдирганларнинг аксарияти, жумладан кўплаб Марказий осиёликлар Саркоровани қўллаб-қувватлаб, Россия фуқаролари ва расмийларнинг зардали муносабати билан боғлиқ бошдан кечирган воқеалари билан ўртоқлашганлар.

Фикр-мулоҳаза қолдирган айрим россияликлар эса журналист аёлни «ёлланма», у ёзиб қолдирган хабарни эса «буюртма» деб атаганлар. Бундай муаммоларга дуч келмаслик учун унга ўз мамлакатида қолишни ва Россияга келмасликни маслаҳат беришган.

Саркорова билан содир бўлган воқеани турли нашрлар, асосан Россия ва Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари ёритиб чиққанлар.

Россиянинг EAN янгиликлар веб-сайти «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг расмий муносабатини эълон қилган, унда компания рўйхатга олувчи агентлар ва аэропорт ходимларини қўполликда айблаган, аммо авиакомпания ёки аэропортда ишловчи ёки унга алоқадор ходимлар Саркоровадан расман узр сўрамаган.

Муаммо қўполликдан кўра, россияликларнинг турли миллий озчиликларга нисбатан нохолислигида, деди Саркорова.

«Россияда яшаб келаётган минглаб тожиклар, ўзбеклар ва қирғизлар менга худди шундай муаммоларни ёзиб шикоят қилишган», деди у.

«Фарзандлари рус мактабида таълим олган тожикистонлик оилалардан бири Москвага кўчиб борган, улар рус тилини жуда яхши билишар эди», деди у. «Улар фарзандларининг ўз миллатини очиқ айтишдан, айтса камситишга учрашидан қўрқишини тан олган эди.»

Саркорова Москвада хонадон ижарага олишда муаммоларга учраганини сўзлаб берди. Хонадон эгалари миллати тўғри келмаслигини баҳона қилиб, унга рад жавобини беришган.

«Шовинизм ҳамма жойда турлича кўринишларда намоён бўлиши мумкин», деди у. «Аммо Ғарб мамлакатларида шовинистик бирор гап айтишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришади, Россияда эса бошқаларни бемалол камситсангиз ҳам, ҳеч ким сизни айбламайди.»

«Радикал шовинизм, ксенофобия, ирқчилик, дағаллик ва ҳурматсизлик Россияда тизимли муаммога айланган», деди у.

«Алвидо», инсон ҳуқуқлари

Журналист сифатида Саркорова Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларининг муаммоларини кенг ёритган. Мамлакатда иш берувчилар ва полициячилар уларнинг ҳуқуқларини мунтазам равишда поймол қилиб келадилар.

Ушбу меҳнат муҳожирлари кўп ҳолларда инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича Россия ҳуқуқ идораларига мурожаат қила олмайдилар.

Россия президенти Владимир Путиннинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги «кадрлар алмашувидан» сўнг, бу ҳуқуқлар янада чекланиши мумкин.

Путин фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича президент кенгашидан мухолифат вакилларини олиб ташлади. Президент қарори душанба (21 октябрь) куни ҳукумат веб-сайтида эълон қилинди.

50 нафар аъзодан иборат ташкилот ўз таъсирини тобора йўқотиб бораётган эди ва инсон ҳуқуқлари жамиятининг кўплаб нуфузли аъзолари Кремлнинг турли ҳаракатларига норозилик билдирган ҳолда уни тарк этган эдилар, деб хабар беради AFP нашри.

Кенгаш таркибидан чиқарилаётган беш кишидан бири – унга узоқ вақтдан бери раислик қилган Михаил Федотов.

Кенгашнинг янги раҳбари Валерий Фадеев «Ягона Россия» партиясининг кўзга кўринган аъзоларидан бири бўлиб, Кремлга содиқ «Биринчи канал»да телебошловчилик қилади.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Қарор кенгашнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қонуний маслаҳат органи сифатида тугашини англатади.

«Кенгаш ўлди. Қабрида тинч ётсин», деди сайлов ҳуқуқлари бўйича мутахассис Григорий Мельконянц ўзининг Facebook саҳифасида.

Янги аъзолар ҳукумат билан келишишга мойил, деди у.

Кенгашдан чиқариб юборилганлар «доим қонун ва адолат тарафида бўлишган, Путин эса бундай маслаҳатчиларни ушлаб туришни ҳохламайди», деб ёзган ўзининг Twitter саҳифасида мухолиф сиёсатчи Любовь Соболь.

Сизга мақола ёқдими?
11
Йўқ
Фикрлар 13
Сиёсат
Captcha

Зудлик билан Марказий Осиёдаги мустақил давлатлар иттифоқини тузишимиз ва Россияга дам беришимиз керак

Жавоб бериш

Фашист Иванлар

Жавоб бериш

Бу муаммо аниқ бор!

Жавоб бериш

Тўппа-тўғри. Ҳақиқатда ҳам шундай. Ярамас нацистлар

Жавоб бериш

Бу одамнинг гапларига 100 фоиз қўшиламан

Жавоб бериш

Русларга ҳам бошқа мамлакатларда шундай муносабатда бўлиш керак

Жавоб бериш

Қонга қон

Жавоб бериш

Бунақанги фашистлар билан тенг бўлмаслик керак. Марказий Осиё халқлари доим раҳмдил бўлишган ва шундай бўлиб қолади ҳам.

Жавоб бериш

Ҳар куни Марказий Осиёнинг мингдан ортиқ фуқаролари (тожик, ўзбек ва қисман қирғизлар) шу муаммога дуч келади. Менимча, муаммо авиакомпания ёки аэропорт ходимларида эмас. Бу айнан тожиклар ва ўзбеклар учун ўйлаб топилган тизим. Россия Улуғ Ватан урушидан кейин олтмиш йилдан кўпроқ вақт ичида тожик ва ўзбек халқларининг меҳнати ва мулки туфайли тикланган эди.
Улар 1941-1945 йилларда 400 мингдан ортиқ ўзбек ва тожиклар русларнинг озодлиги учун жон берганини унутдилар.
Улар Улуғ Ватан урушидан бошлаб Россия тиклангунига қадар 15 йилдан кўпроқ вақт давомида ўзбек ва тожиклар очарчиликни бошдан кечирганини унутдилар.
Тарих эса ҳеч нарсани унутмайди.

Жавоб бериш

Уларнинг ҳаммаси биз осиёликлар ҳисобига бойиган, лекин улар НОШУКР

Жавоб бериш

Хотира яхши, 90-йилларда Тожикистонда нима бўлганини эслатиш керакми? Статистикани ҳам кўринг, олдин қанча руслар (русийзабонлар) яшаган ва ҳозир қанча яшаяпти Тожикистонда. Тожикларнинг хотираси фақат ўзларига керак бўлганида ишлайдими?

Жавоб бериш

Россиянинг олис ҳудудларидан нечта одам Москва ва Питерга кўчиб келган? Руслар ҳам шунақа иқтисодий сабаблар билан Тожикистондан Россияга келишган. Ёки Баярка шунақа танлаб хафа бўладими?

Жавоб бериш

Россияда маиший нацизм ва шовинизм даражаси ўта юқори

Жавоб бериш