Сурияда АҚШ бошчилигида ўтказилган рейд давомида «Ислом давлати» (ИД) етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлдирилгани халқаро терроризмга қарши урушдаги энг муҳим босқичлардан бўлиб, бир вақтлар қудратли бўлган гуруҳнинг яксон этилганидан даракдир, дейди дунё етакчилари ва таҳлилчилар.
ИДнинг қўлга тушмас раҳнамоси кўп сонли ИД жангарилари билан биргаликда АҚШ кучлари ўтказган тунги рейд давомида ўлдирилган. Ерости йўлида бурчакка қадалган ал-Бағдодий худкушлик белбоғини портлатиб, ўзи ҳамда уч нафар фарзандининг ҳаётига зомин бўлди, деб баёнот берган АҚШ президенти Дональд Трамп якшанба (27 октябрь) куни.
«Ҳаммани қўрқувда ушлаб туришга уринган каллакесар унга қараб бостириб келаётган америкалик аскарлар туфайли ҳаётининг сўнгги дақиқаларида буткул ваҳима ва хавф ичида қолди», деди у.
Ал-Бағдодийнинг ўлгани ҳақидаги хабарлар сўнгги йилларда бир неча бор янграган, аммо бу сафар Трамп шубҳа-гумонлар қолмагани ва воқеа жойида ўтказилган ДНК таҳлили буни тасдиқлаганини айтиб ўтди. Рейд гуруҳи воқеанинг визуал ва ДНК тасдиғига эга бўлган, деди АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.
Операцияда саккизта вертолет бир соатдан ортиқ вақт давомида манзили ошкор қилинмаган базадан ҳавога кўтарилган.
Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига кўра, АҚШ вертолетлари Суриянинг Идлиб вилоятига десантчи аскарлар тушириб, Бариша қишлоғи яқинидаги уй ва машинани нишонга олган.
Расмийларнинг хабар беришича, операция Россия, Сурия, Туркия, Ироқ ва курдларнинг Сурия демократик кучлари (СДК) билан ҳамкорликда ўтказилган.
Айни вақтда ИД вакили Абу Ҳасан ал-Муҳожир «Жараблус яқинидаги Айн ал-Байда қишлоғида, СДК разведкаси ва АҚШ армияси билан ҳамкорликда» нишонга олинди, деб хабар берди СДК бош қўмондони Мазлум Абди ўзининг Twitter саҳифасида.
Қўшма Штатлар ал-Муҳожирнинг ўлимини тасдиқлади.
Оғир зарба, аммо жанг давом этмоқда
Дунё етакчилари ва таҳлилчилар ал-Бағдодийнинг ўлдирилишини ИДга қарши курашдаги муҳим босқич сифатида баҳоладилар.
Операция «терроризмга қарши биргаликдаги курашда бурилиш нуқтаси» бўлди, деб ёзди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ўзининг Twitter саҳифасида.
«Бағдодийнинг ўлими террорчиликка қарши курашимиздаги муҳим палла, аммо ёвуз [ИДга] қарши уруш ҳали тугагани йўқ», деб хабар қолдирди Британия бош вазири Борис Джонсон якшанба куни ўзининг Twitter саҳифасида ИДнинг бошқа номини тилга олиб.
«Коалиция бўйича ҳамкорларимиз билан бирга, [ИДнинг] қотиллик ва ваҳшийлик фаолиятини узил-кесил тугатишга ҳаракат қиламиз», деди у.
«Бағдодийнинг ўлими [ИДга] кучли зарба бўлди, аммо бу бир босқич холос», деб ёзди Эммануэль Макрон Twitter саҳифасида. «Террорчилик ташкилотининг батамом йўқ қилиниши учун халқаро коалициядаги ҳамкорларимиз билан биргаликда курашни давом эттирамиз. Бу бизнинг муҳим мақсадимиз.»
ИДга қарши халқаро коалиция 81 аъзодан (76 та давлат ва 5 та халқаро ташкилот) иборат ва 2017 йилдан бери 7,7 млн. аҳоли ҳамда Сурия ва Ироқдаги 110 минг квадрат км ҳудудни озод қилган.
Бағдодийнинг ўлими «нафақат террорчилик хуружларини камайтириш ва Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш, балки минтақа ва дунё бўйлаб хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун зарур», дейилади Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг баёнотида.
«[ИД] етакчисининг йўқ қилингани гуруҳнинг Афғонистондаги сафларида тартибсизлик келтириб чиқаради, унинг молиявий ва ҳарбий ресурслари камайишда давом этади», деди Кобулдаги ҳарбий таҳлилчи Кобул Хон Тадбир.
Кобулдаги сиёсий таҳлилчи Шафоатуллоҳ Сафий бу гапга қўшилади.
«Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлимидан кейин Афғонистондаги ИДнинг Хуросон бўлинмаси кўп муаммоларга дуч келади. Қисқа муддатда жангариларга салбий таъсир кўрсатади», деди Сафий. «Узоқ муддатда эса Хуросон бўлинмаси янги халифаликка байъат бермаса [ИД] бир нечта бўлимларга қисмларига бўлиниб кетади.»
«Менимча, ИДни йўқ қилиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларга гуруҳнинг қурол-яроғ ва бошқа моддий-техник кўмак билан таъминланаётгани тўғаноқ бўлмоқда», дейди исломободлик ҳарбий таҳлилчи, истеъфодаги майор Умар Фарух.
«Ал-Бағдодий бир нечта давлатнинг разведкаси ва ёрдами билан йўқ қилинди, бу рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатни тасдиқлайди – терроризмни турли мамлакатларнинг қўшма саъй-ҳаракатлари билангина енгиш мумкин», деди Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида яшовчи сиёсатшунос Бўлатбек Исаев.
«ИД сафида Россия ва Марказий Осиёдан кўплаб аъзолар бор. Табиийки, ўз уйларига қайтишга ҳаракат қилишади, бу эса хавфли», дейди Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси, мамлакат собиқ бош вазири Феликс Кулов.
Хунрезлик ва шафқатсизлик асари
2014 йил июль ойида ўзини «халифа» деб эълон қилганидан сўнг, ал-Бағдодий Сурия ва Ироқнинг турли қисмларидаги етти миллиондан ортиқ аҳоли устидан ҳукмронлик ўрнатиб, ИД ёрдамида ислом қонунларини шафқатсиз талқинда жорий этди.
2014 йилда Бағдодий Ироқнинг Мосул шаҳридаги «Ал-Нури» масжидида жамоатчиликка маълум бўлган ягона чиқиши чоғида бутун дунё мусулмонларини «халифалик»ка байъат беришга чақирган.
Ушбу баёнот зўравонликлар тўлқинини келтириб чиқарди. Натижада минглаб тинч аҳоли нобуд бўлди, миллионлаб одамлар бошқа жойга кўчди ва дунёнинг қудратли давлатлари минтақадаги можарога аралашди.
ИД куч-қудратга тўлган вақтларда ҳам камдан-кам кўриниш берган 48 яшар ироқлик гуруҳнинг ҳудуди қисқариб, мудраб ётган жангари тўдалар тармоғига айланиб қолганида деярли йўқолаёзган эди.
2019 йил март ойида курд кўнгилли аскарларини ўз ичига олган кучлар коалицияси томонидан ИД Сурияда мағлуб этилгани хабар қилинди.
Ал-Бағдодий апрель ойида олинган видеолавҳада яна кўриниш берган. Қуюқ ва қизғиш кулранг соқол қўйган ва елкасига қурол илган етакчи ўз издошларини «қасос олишга» ундаган.
Айрим гап-сўзларга қараганда, яқинда ал-Бағдодий Ҳожи Абдуллоҳ номи билан танилган Абу Абдуллоҳ Қардашни ўз вориси деб атаган.
Интиҳо яқин
ИД Ироқ ва Сурияда мағлубиятга учрагач, гуруҳ ўзининг Хуросон шўъбаси орқали Афғонистон ва унга яқин бошқа мамлакатларга киришга уринди.
Май ойида ИД «Покистон вилояти» ташкил этилгани эълон қилар экан, унинг «Ҳинд вилояти» бўлими Кашмирнинг Ҳиндистон томонидан бошқариладиган ҳукумат кучлари томонидан ҳужумга учраганини айтган.
Аммо Афғонистон ва АҚШ кучлари ИДнинг минтақадаги режаларини йўққа чиқарган.
«Ироқ ва Суриядан фарқли ўлароқ, ИД Афғонистонда куч ва мавқега эга бўлолмади, чунки ИД мафкураси афғонларнинг ақидасига зид», дейди Ғазни вилояти собиқ ҳокимининг ўринбосариМуҳаммад Али Аҳмадий.
«Афғонистон ва халқаро кучлар ИДни қатъий равишда бостирдилар, ўйлайманки, уларда бу гуруҳни йўқ қилиш бўйича пухта режа бор», дейди Кобулдаги ҳарбий ишлар бўйича таҳлилчи, генерал-майор Зоҳир Азимий.
«Афғонистонда ИДнинг минглаб жангарилари, жумладан қўмондонлари йўқ қилинди. Тинчлик тарафдори бўлмаган ва ИДга қўшилишни истаган экстремист Толибон жангариларини ҳам ўлим кутмоқда», деган эди у октябрь ойида.
Ўтган йилнинг декабрь ойида, ҳатто «Ал-Қоида» ҳам ИД ва ал-Бағдодийга нисбатан кескин танқид билан чиқиб, бутун дунё мусулмонларини гуруҳга қарши курашиш ва уни йўқотишга чақирган эди.
«Бугун, уларнинг таъсири камайиб, Шомда юзага келган хавф йўқолгач, улар яна бошқа кўплаб майдонларда тарқалмоқдалар, у ерларда мужоҳидларга бало ва мусибатлар олиб келдилар, улар кириб борган юртлар ва халқларга нисбатан жиноятчилик ва бузғунчиликни авж олдирдилар», деб бошланади баёнот.
«Бу гуруҳ хорижий давлатларнинг шубҳали режалари йўлида хиёнат, хоинлик ва қулликнинг навбатдаги бобини ёзиш дунёнинг бошқа ўлкаларида ҳам пайдо бўлиб, разведка хизматларининг жосуслари эканлиги ва уларга ишлашини кўрсатмоқда.»
«Жанг ниҳоялаб бормоқда.»
[Ушбу мақолани тайёрлашга Кобулдан Сулаймон, Кветтадан Абдул Ғани Какар, Нур-Султондан Айдар Ашимов, Бишкекдан Мунара Боромбаева ва тошкентлик Максим Енисеев ҳисса қўшдилар.]