26 октябрь куни АҚШ махсус кучлари томонидан «Ислом давлати» (ИД) етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодийга қарши олиб борилган ва унинг ўлими билан якунланган рейднинг видеоёзуви ва фотосуратлари 30 октябрь куни Америка ҳарбийлари томонидан эълон қилинган.
Оқ-қора кадрларда АҚШ аскарларининг Сурия шимоли-ғарбидаги Ал-Бағдодий яширинган баланд деворли мажмуа томон пиёда юриб бораётгани акс этган.
Ал-Бағдодийнинг Идлиб вилоятидаги бошпанасини штурм қилиш учун АҚШ ҳарбийларини олиб кетаётган вертолётларга ўқ узган номаълум жангарилар гуруҳига қарши ҳаво зарбалари берилгани акс этган видеоёзув эълон қилинган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони, денгиз-пиёда қўшинлари генерали Кеннет МакКензи рейд чоғида «катта миқдорда» электрон қурилмалар ва ҳужжатларга дуч келинганини айтган.
Экспертлар Ал-Бағдодий шахсини унинг Ироқ қамоқхонасида 2004 йилдан бери сақланаётган ДНКси билан таққослаш орқали аниқладилар, деди МакКензи.
Ал-Бағдодий жасадининг қолдиқлари унинг шахсини тасдиқлаш учун базага қайтарилган ва ўлимидан сўнг 24 соат ичида «қуролли тўқнашув қонунларига мувофиқ» денгизга дафн қилинган, деди у.
25 млн. долларлик мукофот
25 миллион долларлик мукофот, катта эҳтимол билан Бағдодийнинг ҳаракат йўналишига оид муҳим тафсилотларни етказган информаторга қисман ёки тўлиқ берилиши мумкин, деб хабар берган Washington Post чоршанба куни.
Ахборотчи ИД таркибига сингдирилган оператив ходим бўлиб, у Ал-Бағдодийнинг Сурия бўйлаб ҳаракатланишига кўмаклашган ва унинг Суриядаги бошпанаси қурилишини назорат қилишда ёрдам берган.
Ахборотчи рейд ўтказилаётган пайтда воқеа жойида бўлган ва икки кундан кейин оиласи билан бирга эвакуация қилинган, деб ёзади Post.
Ким эканлиги нашр учун номаълумлигича қолган шахс АҚШ ал-Бағдодийнинг боши учун эълон қилган 25 миллион доллар мукофотнинг қисман ёки тўлиқ олиши мумкин, деди у.
Нашрнинг ёзишича, информатор Ал-Бағдодийнинг ҳаракатларидан ташқари, унинг Суриядаги яширин бошпанасидаги хоналарнинг жойлашувидан ҳам хабардор бўлган.
Қариндоши ИД тарафидан ўлдирганидан кейин гуруҳга қарши бош кўтарган бу шахсни расмийлардан бири сунний араб деб таърифлаган ва у курд разведкаси томонидан етиштирилган, деб ёзади газета.