Пайшанба (31 октябрь) куни «Ислом давлати» (ИД) ўз етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлимини тасдиқлади ва Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийни ворис деб эълон қилди.
2014 йилдан бери ИДга раҳбарлик қилган ва дунё бўйича қидирувдаги энг хавфли шахс бўлган Ал-Бағдодий 26 октябрь куни АҚШнинг махсус кучлари томонидан Суриянинг Идлиб вилоятида ўтказилган рейд чоғида ўлдирилган.
ИД эртаси куни ўтказилган бошқа бир рейдда гуруҳнинг аввалги воизи Абу Ҳасан ал-Муҳожирнинг ўлдирилганини тасдиқлаган.
Баёнотга кўра, 48 ёшли ироқлик етакчининг ўлими муносабати билан исёнчи гуруҳнинг қонун чиқарувчи ва маслаҳат органи мажлисга йиғилган.
«Ислом давлатининг шўро кенгаши шайх Абу Бакр ал-Бағдодийнинг шаҳид бўлгани тасдиқлаганидан сўнг дарҳол мажлисга тўпланди ва мужоҳидларнинг оқсоқоллари унинг ўрнига бошқа одамни тайинлашга келишиб олдилар», дейилади етти дақиқали хабарда.
ИД воизи, шунингдек, Ал-Бағдодийнинг сафдошлари унинг ўлими учун АҚШдан қасос олишини айтиб огоҳлантирган.
Ноаниқ ворис
Сўнгги йилларда Ал-Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги ёлғон хабарлардан кейин камдан-кам ҳолларда унинг эҳтимолий вориси сифатида тилга олинадиган ал-Ҳошимий ҳақида жуда оз нарса маълум.
«Биз у ҳақда кўп маълумотга эга эмасмиз, билганимиз шуки, у ИДнинг бош қозиси ва шариат (ислом қонунлари) қўмитасини бошқаради», дейди ироқлик таҳлилчи Ҳишом ал-Ҳошимий.
Чоршанба (30 октябрь) куни АҚШ ҳарбийлари томонидан чоп этилган видеолавҳада ал-Бағдодий яширинган ҳудудга махсус кучлар томонидан ўтказилган рейд акс этган.
Чоршанба куни, шунингдек, Ал-Бағдодийнинг ҳаракатланиши ҳақида муҳим маълумотларни берган ахборотчи, 25 миллион доллар мукофотнинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.