НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ва Тожикистон 2020 йил учун минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорлик режаларини тузмоқдалар.
27 октябрь куни Тожикистонда Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев тожикистонлик ҳамкасби Шерали Мирзо билан учрашди. Улар минтақавий хавфсизлик, қўшинларни биргаликда тайёрлаш ва ҳарбий таълим масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув давомида Ермекбаев Қозоғистон Марказий Осиёда хавфсизликни кучайтириш ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун минтақадаги давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётганини таъкидлади, дейилади Қозоғистон мудофаа вазирлиги баёнотида.
Икки мамлакат расмийлари, шунингдек, 2020 йилдаги қўшма фаолият, жумладан аввалги ва бўлажак қўшма машқларни муҳокама қилдилар.
Учрашув давомида, хусусан, шу йилнинг май ойида Тожикистонда бўлиб ўтган махсус қўшма машқлар ҳам муҳокама қилинди. Машғулотларда Қозоғистоннинг жанговар десантчилари ва махсус кучлари, шунингдек авиация, артиллерия ва ёрдамчи бўлинмалари Тожикистонга жойлаштирилган эди.
Ўз ташрифи асносида Ермекбаев 19 октябрь куни очилган ёдгорлик мажмуасига ҳам ташриф буюрди. Ушбу ёдгорлик 1995 йилда Тожикистон-Афғонистон чегарасида тожик аксилҳукумат исёнчилари томонидан пистирмада ўлдирилган 17 нафар қозоқ аскарининг шарафига ўрнатилган.
Хавфсизлик машғулотлари
Эрмекбаев Душанбедан 170 км узоқликдаги «Ҳарб-Майдон» полигонида бўлиб, у ерда Қозоғистоннинг қуруқлик ва ҳаво кучлари иштирокидаги кўпмиллатли тинчликпарварлик машғулотларини кузатди.
Ўқув машқлари сценарийси бўйича уюшган контрабандачилар гуруҳи Афғонистон тарафидан Тожикистон чегарасига ўтиб, чегара қўшинлари билан жангга киришганлар.
Қозоқ ҳарбийлари бу ҳудудда патруль назорати олиб борди, чегара пунктлари ишини ташкил қилиб, ҳарбий карвонларни кузатди ва аҳоли пунктларини тўсиш ва тартибсизликларни бостириш билан машғул бўлди.
«Сўнгги икки йилдан бери Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлик, терроризмга қарши кураш ва минтақавий ҳамкорликка жиддий эътибор қаратмоқдалар», дейди чимкентлик сиёсатшунос Рауан Дауталиев.
«Битимлар ҳам қоғоздан амалга кўчмоқда: қўшма машғулотлар ва қурол-яроғ кўргазмалари ўтказилмоқда, тажриба алмашинуви ва бошқа кўплаб тадбирлар юз бермоқда», дея қўшимча қилди у.
Замонавий дунё нотинч ҳамда терроризм ва «гибрид урушлари» каби таҳдидларга тўла», деди у.
«Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида турли формат ва майдонлардаги ҳамкорлик, табиийки, савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва албатта, хавфсизлик каби кенг қамровли масалаларни қамраб олади», деди Дауталиев.