АШХОБОД – Жаҳон банки расмийлари Европага табиий газ етказиб бериш масаласида Туркманистон билан иш олиб боришга тайёр. Бу Туркманистон учун узоқ кутилган лойиҳа ҳисобланади.
22 октябрь куни Ашхободда 24-бор ўтказилган «Туркманистон нефть ва гази - 2019» анжуманида Жаҳон банкининг нефть ва газ бўйича катта мутахассиси Лекс Хурдеман Каспий денгизи остидан ўтадиган потенциал газ қувури масаласини муҳокама қилган.
Йирик молия институтлари, шунингдек, 60 мамлакатнинг нефть-газ компаниялари вакиллари бўлган 280 нафар иштирокчи жаҳон нефть ва газ бозорини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун ҳар йилги анжуманга тўпландилар.
Хурдеманнинг таъкидлашича, Туркманистон газ захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради ва жаҳон бозорларига газ етказиб беришни диверсификация қилиш учун барча шарт-шароитларга эга.
Унинг сўзларига кўра, ушбу шарт-шароитлар яқинда қабул қилинган Каспий денгизининг ҳуқуқий мақомига оид конвенция ва 2020 йилда Жанубий газ қувури лойиҳасининг ўз ниҳоясига етказилиши билан боғлиқ.
Транс-Адриатика Жанубий газ йўлагининг сўнгги босқичидаги ишлар 89,8 фоизга якунланган, дейилади лойиҳа веб-сайтида.
«Бундай шароитларда туркман газини Европа Иттифоқига етказиб бериш ҳақиқатга яқин бўлиб бормоқда», деди у.
«Жаҳон банкининг нефть ва газ бўйича бош экспертининг бу баёноти қувончли хабар бўлди», деди форум ҳамташкилотиси бўлган Туркманистон савдо-саноат палатаси вакили Оғаниёз Акмурадов.
«Хурдеманнинг сўзлари лойиҳани молиялаштириш масаласининг ҳал этилишига йўл очади», деди у.
Сўнгги вақтларда лойиҳани амалга ошириш йўлидаги бошқа тўсиқлар ҳам бартараф этилди, деди Акмурадов беш соҳилбўйи мамлакат томонидан Каспий денгизининг ҳуқуқий мақомига оид конвенция ва бошқа юридик ҳужжатларнинг қабул қилинганини назарда тутиб.
«Бугун асосий масала пулга келиб тақалмоқда ва жаноб Хурдеман Жаҳон банки биз учун муҳим бўлган бу масалани Туркманистон билан муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди», деди у.
Туркманистон Европага газ етказиб беришни тезлаштириш учун кўплаб ишларни амалга оширган.
Хусусан, Туркманистон 2015 йилда ўз ҳудудида 733 км узунликдаги «Шарқий-Ғарбий» магистрал газ қувурини ишга туширди, у мамлакат жануби-шарқидаги газ конларидан Каспий соҳилигача чўзилган бўлиб, Транскаспий газ қувурини таъминлайди.
25 октябрь куни Бокуда Қўшилмаслик ҳаракатининг 18-саммитида Туркманистон ва Озарбайжон президентлари ўз мамлакатларининг ресурс ва транспорт салоҳиятини инобатга олган ҳолда ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Тарафдорлар ва қаршилар
Жаҳон банки Туркманистон газини тўғридан-тўғри Европага етказиб бериш ғоясини қўллаб-қувватловчилар қаторига қўшилган. Бу ҳақда президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг нефть ва газ масалалари бўйича маслаҳатчиси Якшигелди Какаев идорасининг ходими маълум қилган. У ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган.
«Каспий денгизи тубидан ўтадиган 300 км узунликдаги газ қувури ётқизилишининг афзалликлари ҳаммага аён », деди у ва газ қувури Жанубий газ йўлагини таъминлашини қўшимча қилди.
Сувости газ қувури Туркманистонга ҳар йили ўнлаб миллиард куб метр газни Россиянинг «Газпром» қувурлар тизимини четлаб ўтган ҳолда Европа бозорларига етказиб бериш ва газ импорт қилувчи давлатларни Кремлнинг инжиқликларидан халос қилишга имкон беради.
Россия президенти Владимир Путин режими Украина каби давлатларни мажбурлаш учун қишда табиий газ етказиб беришни вақти-вақти билан узиб қўяр эди.
Айрим давлатлар, хусусан Озарбайжон, Грузия ва Туркия транзит йиғимларидан даромад олиши, Жанубий Европадаги давлатларга эса муқобил газ таъминотчиси эга бўлиш фойдали бўлиши мумкин, деди расмий.
Бироқ, Россия ва Эроннинг иккови ҳам Каспий денгизи тубидан ўтувчи газ қувурининг қурилишига қарши.
«Москванинг Транс-Каспий газ қувури лойиҳасига нисбатан муносабати ўзгаришсиз қолади», деб айтган Россиянинг Озарбайжондаги элчиси Михаил Бочарников 4 июль куни Озарбайжоннинг Caspian Energy нашрига берган интервьюсида.
У «атроф-муҳитни қўриқлаш ва муҳофаза қилишга оид халқаро келишувларни» тилга олди.
«Эрон газ қувури қурилишига қарши», деб айтган 12 август куни Туркманистоннинг Овоза шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Каспий иқтисодий форумида (КИФ) Эрон миллий газ ширкати вакили Беҳруз Намдарий.
Сўнгги йилларда Теҳрон ва Москва лойиҳага қарши чиқиш учун турли хил баҳоналарни ўйлаб топдилар, деган эди Аманмурат Бекиев тахаллуси остида сўзлаган «Туркмангаз» (Туркманистон давлат газ компанияси) вакили сентябрь ойида.
«Улар (Россия ва Эрон) қувурларнинг Каспий денгизи ҳавзаси атроф-муҳитига зарар етказиши мумкинлигини даъво қилмоқдалар. Аммо бу Қора ва Болтиқ денгизлари тубида газ қувурлари барпо этаётган Россия учун кулгили баёнотдир», деди Туркманистон савдо-саноат палатаси вакили Акмурадов.
Албатта, зараркунанда Россияга рақобат керак эмас.
Жавоб беришФикрлар 1