ДУШАНБЕ – Тожикистон хавфсизлик кучлари чоршанба (6 ноябрь) куни «Ислом давлати» (ИД) аъзоларидан 15 нафарини ўлдирди ва тўрт кишини ҳибсга олди. Расмийларга кўра, жангарилар Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан сизиб кирган.
Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Ишкобод чегара постига қилинган тунги ҳужум натижасида, шунингдек, бир чегарачи ва ҳуқуқ-тартибот ходимларидан бир нафари ҳалок бўлган.
Бу жангариларнинг радикал исёнчиларга қарши курашаётган Тожикистонга зарба беришга қаратилган сўнгги ҳужумларидан бири.
Ушбу ҳодиса Тожикистонда Конституция куни нишонланаётган ва мамлакат президенти Имомали Раҳмон расмий ташриф билан Европада бўлиб турган вақтда юз берди.
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) маълумотларига кўра, 20 га яқин қуролланган шахс тунги соат 3:23 да Душанбедан 50 км жануби-ғарбда жойлашган Ишқобод чегара постига ҳужум қилган.
Юз берган тўқнашув чоғида «қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 аъзоси йўқ қилинди, ҳужум қилганлардан тўрт нафари қўлга олинди», дейилади вазирлик хабарида.
ИИВ томонидан чоп этилган фотосуратларда воқеа жойидаги ёниб кетган машина, унинг ёнида қора кийимдаги бир нечта эркаклар жасади ва ўқотар қуроллар акс этган.
Гуруҳга тегишли бўлган тўртта автотранспорт воситаси йўқ қилинди, деб хабар беради вазирлик.
Қўлга олинган жангарилар якшанба (3 ноябрь) куни Тожикистонга Афғонистон орқали кириб келганини тан олган, деб хабар берган давлат чегара хизмати.
«Ҳужум қилганларнинг барчаси «Ислом давлати» террорчилик гуруҳи аъзоларидир», дейилади хабарда.
ИДнинг ўзи ҳужум ортида турганини расман тасдиқлаганича йўқ.
Расмийлар мазкур ҳудудга олиб борувчи барча йўлларни ёпиб қўйиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудлари, жумладан Душанбеда ҳам қуролланган назорат пунктларини ташкил этганлар, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.
Экстремизмнинг кучайиши
Сўнгги йилларда Тожикистон экстремизмнинг кучайишига қарши кураш олиб бормоқда.
Расмийларга кўра, сўнгги йилларда 1000 дан ортиқ тожикистонликлар Сурия ва Ироқдаги жангарилар сафига қўшилган.
Тожикистондаги энг таниқли ИД аъзоси Гулмурод Ҳалимовбўлиб, у гуруҳга тегишли экани айтилган 2015 йилги видеода ўзининг ИД сафига қочиб ўтганини эълон қилишидан аввал ИИВ махсус кучлари бўлинмасига раҳбарлик қилар эди.
Ҳозирда унинг қаердалиги номаълум. Қўшма Штатлар унинг қўлга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 3 миллион доллар (29,1 миллион сомоний) мукофот пули ваъда қилган.
Май ойида Тожикистондаги қамоқхонада юз берган ғалаён натижасида камида 32 киши, жумладан 19 нафар ИД аъзоси ва бир нечта қўриқчи ҳалок бўлган эди.
2018 йилнинг июль ойида «ИД» тарафидан хорижлик велосипедчи сайёҳларга қилинган ҳужум натижасида тўрт киши ўлган, иккитаси оғир жароҳатланган.
Тожикистон дунёдаги энг йирик афюн ва героин ишлаб чиқарувчи мамлакат – Афғонистон билан 1344 километрлик умумий сарҳадларга эга.
Чегарада отишмалар билан бирга, афғон контрабандачиларининг тожик фуқароларини гаровга олиши ва уларни ҳибсдаги одамфурушларга айирбошлаши билан боғлиқ воқеалар тез-тез юз бериб туради.
ИД: омадсизлик ва чекиниш
Сўнгги хабарлардан маълум бўлишича, эндиликда йўқликка юз тутган «Исломий давлат» ва унинг «халифалиги» ўз эътиборини Афғонистон ва унга яқин бўлган бошқа мамлакатларга қаратмоқда.
ИД 2019 йилнинг март ойида Сурияда курд кўнгилли аскарларини ўз ичига олган кучлар коалицияси томонидан мағлуб этилгани хабар қилинди.
Май ойида ИД «Покистон вилояти» ташкил этилгани эълон қилар экан, унинг «Ҳинд вилояти» бўлими Кашмирнинг Ҳиндистон томонидан бошқариладиган ҳукумат кучлари томонидан ҳужумга учраганини айтган.
31 октябрь куни ИД ўз лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг вафот этганини тасдиқлади ва Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийни унинг вориси деб эълон қилди.
2014 йилдан бери ИДга раҳбарлик қилган ва дунё бўйича қидирувдаги энг хавфли шахс бўлган Ал-Бағдодий 26 октябрь куни АҚШнинг махсус кучлари томонидан Суриянинг Идлиб вилоятида ўтказилган рейд чоғида ўлдирилган.
Кремль провокациясига ўхшаяпти.
Жавоб беришМен ҳам шундай деб ўйлайман.
Жавоб беришФикрлар 2