Карвонсарой
Терроризм

Қамоқдаги қозоғистонлик ИД аъзоси радикаллашувдан ва ёшликнинг зое кетганидан афсусда

Айдар Ашимов

Сурияда «Ислом давлати» (ИД) сафида жанг қилган Бахтиёр Ибраев ўз қилмишидан пушаймон эканлигини айтмоқда, МХҚ ҳужжатли фильмидан олинган лавҳа.

Сурияда «Ислом давлати» (ИД) сафида жанг қилган Бахтиёр Ибраев ўз қилмишидан пушаймон эканлигини айтмоқда, МХҚ ҳужжатли фильмидан олинган лавҳа.

НУР-СУЛТОН – «Ислом давлати»нинг (ИД) ташвиқотидан таъсирланган Бахтиёр Ибраев 2013 йил Сурияга бориб, гуруҳ сафига қўшилган.

Унинг ўзи бу қарорини ҳаётидаги энг катта хато деб атади.

«Айблов ва надомат» деб номланган ҳужжатли фильмда 34 яшар Ибраев радикаллашув томон босиб ўтган йўли ҳақида сўзлаб берди. Айни дамда у терроризмда айбланиб суд қилинмоқда.

30 октябрь куни Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) томонидан YouTube тармоғига жойланган фильмда Ибраев 2007 йилда Қозоғистондан Мисрга учиб кетганини ёдга олди. 2008 йилда у Покистоннинг Вазиристон қабила ҳудудларида қуролли «жиҳод» бошлаган.

Суриядаги ИД жангарилари, ўтган йил октябрь ойида гуруҳ аъзолари томонидан олинган сурат. (Файл)

Суриядаги ИД жангарилари, ўтган йил октябрь ойида гуруҳ аъзолари томонидан олинган сурат. (Файл)

2013 йилда Сурияга ўтиб, у ерда жанг қилган ва жароҳатланган.

Сурияда Абу Али исми билан танилган Ибраев 2019 йилда курд кучлари томонидан қўлга олинган. Қозоғистон ҳукумати «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида уни аёли ва беш нафар фарзанди билан ватанига қайтариб олиб келган. 2019 йилги ушбу инсонпарварлик тадбири давомида Сурия ва Қозоғистон ўртасида бир нечта авиарейс амалга оширилиб, деярли 600 нафар қозоғистонлик Суриядан қайтарилган.

У «Жусан» операцияси доирасида олиб келинган, Суриядаги террорчилик фаолиятига алоқадор, судланган ёки ҳозирда судланаётган 29 шахснинг биридир.

Фильмда Ибраев Қозоғистонда қандай қилиб экстремистик ҳаракатга жалб қилингани ҳақида сўзлаб берди.

«Масжиддаги айрим ёшлар бошқача намоз ўқиётганларини кўриб, улар билан мулоқот қила бошладим», деди у. «Уларнинг тавсияси билан Саудия адабиётларини ўқий бошлаганман ... Шу тариқа аста-секин ҳаракатга қўшилиб қолганман.»

«Вақт ўтиши билан ишонишни бошлайсиз»

У бундай адабиётлар террорчилик ташкилотлари тарафидан ёшларни ёллаш учун тарқатилишини айтади.

«Ўшанда мусулмон биродарларимиз уруш авж олган давлатларда азобланаётганини ва биз уларга ёрдам беришимиз кераклигини айтиб ташвиқот қилишган», деб қўшимча қилди Ибраев. «Вақт ўтиши билан бунга ишона бошлайсиз. Ёш эдим, 17 яшар бўлганман ва шу даврга хос максимализм қарашларига эга эдим.»

Экстремизм «тарғиботи» у ўқишга борган Миср мактабида давом этган. 2008 йилда эса Ибраев «Шариат қонунлари устувор бўлган дунё» ташвиқотига ишониб Мисрдан Покистонга жўнаб кетган.

«Сурияда уруш бошланганида кўпчилик ўша ерга кета бошлади. Покистонда исталган шариатни топмадик ва Сурияда унга эришишга ишонган эдик. У ерда ИДнинг кучли тарғиботи олиб борилаётган эди, уларнинг видеоларини томоша қилганмиз», деб эслайди Ибраев.

Сурияда ИДнинг қозоқ жамоаси сафида жанг қилган Ибраев «ўлишни истамаслигини» ва «ИД ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланаётганини» фаҳмлаган.

«Буларнинг барини англаганимда, у ерни тарк этиш мушкул бўлиб қолган эди», деди у. «ИД хавфсизлик тузилмаси қочишни истаганларни қўлга олар ва қатл қиларди.»

Қўшма Штатлар уйга кетишни истаганларни эвакуация қилиш ташаббусини бошлаб берди ва у «Жусан» операциясидан мамнун бўлганини айтиб ўтди.

Кечирим сўраш

«Йўқотган йилларим учун афсусдаман», деди Ибраев. «Нормал ҳаётга қайтаман деб умид қиламан ... Биздан фойдаланишганини жамият тушунишидан умидворман. Ягона тилагим бор: қамоқдан чиққанимдан кейин яқинларим олдига қайтишга ва уларнинг, онамнинг мени кечиришига муносиб шахс бўлишни хоҳлайман.»

Ибраевнинг ИД фаолиятидаги иштирокидан ҳафсаласи пир бўлгани «Жусан» операциясида ватанига қайтганлар орасида кенг тарқалган ҳолатдир.

Сентябрда КТК телеканали саккиз йиллик қамоққа ҳукм қилинган 37 яшар Махамбет Кажипановнинг интервьюсини эфирга узатган эди.

Интервьюда Кажипанов уни бор-йўғидан айирган ИДдан нафратланишини айтган.

«ИД қўл остидаги Сурияда биродарлик ёки ёрдам йўқ. Одамлар азобланмоқда. Бизга ўхшаган одамларни ўлдираётгани учун улар менинг биринчи рақамли душманимга айланган. Биз алдандик», деди у.

Жусан операцияси доирасида ватанга қайтарилган 26 яшар Диас Рахметов сентябрь ойида Озод Европа/Озодлик радиосига берган интервьюсида дипломат бўлиш имкониятидан воз кечганини айтиб ўтган. У Сурияда омон қолганини мўъжиза деб атаган.

«Ташвиқот видеоларига ишонган, натижада Сурияга жўнаб кетган мен ва бошқалар эмоционал беқарор одамлармиз», деди Рахметов. «ИД ҳеч кимни қўйиб юбормайди, улар одамларни ҳарбий тайёрлов лагерларига ёки худкушлик миссияларига юборадилар. Иккиланган одамни кўришса қамаб қўйишади ёки қатл қилишади.»

Ҳозирда Рахметов тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Умидсизлик, оғриқ ва азоб-уқубат

Радикаллашув ва экстремистлар сафига қўшилганларни кутаётган оқибатлар бошқалар учун кучли сабоқ бўлиши керак, дейди Бейбит Аспан («Тинч осмон») нодавлат ташкилоти раҳбари, таразлик Руслан Сексенбаев.

Қўлга олинган жангарилар «қилмишига пушаймон ва жамиятдан чин дилдан кечирим сўрамоқда, аммо улар ўз жинояти учун қатъий жазога тортилади», деди у.

«Бундай фильмлар намойиш қилиниши лозим – уларнинг қаҳрамонлари ўз умидсизликлари ҳақида чин дилдан сўзлайдилар», деди Сексенбаев. «Оғриқ, азоб-уқубат, ўлим – ўзининг тинч ҳаётини террорчилик гуруҳларига алиштирадиганларни шу нарсалар кутади».

Шунга қарамай, у муаммонинг очиқ гапирилаётгани ва муҳокама қилинаётгани, шунингдек, Қозоғистоннинг «21-аср фожиаси - терроризмга қарши кураш йўлидаги» кенг кўламли чораларни кўришдан мамнун эканлигини айтган.

«Сўнгги вақтларда мен журналистлар, жамоатчилик фаоллари ва албатта давлатнинг жанговар экстремизм ва терроризмга қарши курашда биргаликда чоралар кўраётганига гувоҳ бўляпман», дея қўшимча қилди у.

«Фикримча, ҳуқуқ-тартибот чораларидан ташқари, диний масалаларни тушунтиришнинг энг самарали усули – оммавий ахборот воситаларини ишга солиш ва диний мутахассисларнинг радикал кайфиятдаги одамлар билан бевосита мулоқотини йўлга қўйишдир.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500