Карвонсарой
Хавфсизлик

Кремль Тожикистондаги ИД ҳужумидан минтақадаги манфаатларини илгари суриш йўлида фойдаланиши мумкин

Карвонсарой ва AFP

Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий объекти бўлган Тожикистондаги 201-ҳарбий базада 2019 йил март ойидаги амалиёт олдидан саф тортган рус аскарлари. [Россия мудофаа вазирлиги]

Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий объекти бўлган Тожикистондаги 201-ҳарбий базада 2019 йил март ойидаги амалиёт олдидан саф тортган рус аскарлари. [Россия мудофаа вазирлиги]

ДУШАНБЕ – Кузатувчиларга кўра, ўтган ҳафта Тожикистонда «Ислом давлати» (ИД) томонидан амалга оширилгани гумон қилинган ҳужумдан Кремль Марказий Осиё давлатлари Россиянинг ҳарбий кўмагига «муҳтож экани» ҳақидаги иддаоларни кучайтириш йўлида фойдаланмоқда.

6 ноябрь куни Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон билан чегарада 15 нафар ИД аъзоси йўқ қилингани ва беш нафари қўлга олингани ҳақида баёнот берди. Орадан икки кун ўтиб, ИД ҳужумни ўз зиммасига олиб, ўн тожикистонлик аскар ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатган.

Тожикистонда ўз ҳарбий базасига эга Россия тез орада янгиликлардан хабар топиб, минтақага Афғонистондан ўтаётган ИД жангарилари ҳақида огоҳлантирган.

ИД собиқ Совет давлатларини нишонга олиш мақсадида Афғонистонда база яратмоқда, деди Россия федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников 7 ноябрь куни.

Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида ИД жангарилари билан юз берган отишмадан сўнг ёниб кетган машина, 6 ноябрь. (Тожикистон ички ишлар вазирлиги)

Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида ИД жангарилари билан юз берган отишмадан сўнг ёниб кетган машина, 6 ноябрь. (Тожикистон ички ишлар вазирлиги)

«Биз Афғонистонда ИД бўлинмалари фаоллашиб бораётганини кузатмоқдамиз», деб айтган Бортников Тошкентда бўлиб ўтган минтақавий хавфсизлик форумида. Бу ҳақда ТАСС давлат ахборот агентлиги хабар берган.

«Уларнинг мақсади – МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) давлатлари бўйлаб кенгайиш учун замин ҳозирлаш», деди у.

Афғонистондаги ИД бўлинмалари Хуросон (ИД-Х) шўъбаси таркибига киради ва улар Ансаруллоҳ жамоати ҳамда Шарқий Туркистон ислом ҳаракати (Туркистон ислом партияси номи билан ҳам танилган) билан бир жамоа бўлиб фаолият олиб боради, деди у.

Бортниковнинг сўзларига кўра, собиқ Совет давлатлари бўйлаб кенгайиш жараёни «террорчи гуруҳлар аъзолари сифатида уруш тажрибасига эга ва Марказий Осиё республикаларининг фуқаролари бўлган жангарилар томонидан амалга оширилади».

Россия Марказий Осиёда ўз манфаатларини қўллаб-қувватлаш йўлида бундай қўрқитиш усулидан аввал ҳам фойдаланган. ФСБ баёнотининг вақти ҳам бундан далолат беради.

Россия манфаатларини илгари суриш

Тожикистон Афғонистон билан чегарани 2005 йилдан бери мустақил равишда қўриқлаб келади. Бундан аввал бу чегарани қўриқлашга Россия аскарлари ёрдам берган.

Кремль у ерга ўз қўшинларини қайтариш заруриятини «исботлаш» фикридан қайтгани йўқ.

2012 йилги келишувга биноан эндиликда 2042 йилгача Тожикистонда қоладиган 201-Россия базаси мамлакатнинг хориждаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади.

Марказий Осиёнинг Россия билан муносабатларини кузатиб бораётган мутахассислар Кремлнинг иддаолари ортида ғаразли манфаатларни кўрмоқдалар.

«Россия Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлигини мустаҳкамлаш учун шундай баёнотлар бермоқда», дейди олмаоталик сиёсатшунос Талгат Исмагамбетов.

«Афғонистон тарафидан террор таҳдиди тобора ортиб бормоқда, деган иддаолар баҳсли, чунки Афғонистонда ИД заиф.»

«Ислом давлати» Афғонистондан Марказий Осиёга суқилиб киришга уринар экан, у биринчи навбатда ўзидан анча кучли бўлган Толибон қаршилигига дуч келади, Марказий Осиёни забт этишга интилувчи ҳар ким – у Толибон бўладими ёки ИДми – «Россия қўшинларига қарши жанг қилиши» лозим, деди у.

«Россия ўзининг жанубдаги шерикларини қўрқитиб, уларни ўз интеграциявий лойиҳаларига жалб қилишга уринмоқда», деди у. «Ушбу мужда, энг аввало, Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти ёки ЕОИИ (Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи) таркибига кирмайдиган Ўзбекистонга қаратилган».

Собиқ қирғизистонлик дипломат, бишкеклик Мурат Қўноқбоев ҳам Москванинг Марказий Осиёга нисбатан ниятларига шубҳа билан қарашини айтган эди.

Қирғизистондаги Россия ҳарбий базаларининг аксарияти нисбатан хавфсиз бўлган мамлакат шимолида жойлашган, нотинч жанубдаги Боткен вилоятида эса ҳеч қандай база йўқ, «гарчи Бишкек кўп йиллар давомида ўз иттифоқчисидан буни сўраган бўлса ҳам», деди у.

Бортниковнинг ИД Марказий Осиёга суқилиб киришга тайёрланаётгани ҳақидаги даҳшатли огоҳлантиришлари «бўрттирилган», дейди Қўноқбоев.

«Афғонистондаги жангарилар (Марказий Осиёга) ҳужум қилишни режалаётганини кўрсатувчи ҳеч қандай аломатлар йўқ», деди у. «Бу Москва учун хизмат қиладиган дастурларни амалга оширишда Россия хавфсизлик идораларига хос бўлган риторикадир.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 10

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиядан узоқроқ юриш керак. Улар ўмаришдан бошқа ишни билишмайди. Улардан яхшилик кутиш ҳам бефойда. Бу ҳужумни россияликлар қилгани 100 фоиз аниқ.

Жавоб бериш

Қозоғистон Божхона иттифоқи туфайли ҳар йили уч миллиардга яқин зиён кўрмоқда. Пукин уруш бошламаслиги учун пул тўлаш керак. Тез орада ҳисоб-китоб қилиб оламиз, Россия заифлашмоқда.

Жавоб бериш

Бу хулосани 100% қўллаб-қувватлайман. Россия Тожикистонни фойдасиз Божхона иттифоқига қўшиш учун нафақат ИД, балки бечора мигрантларни ҳам ишга солмоқда. Тожикистон ҳукумати Россиянинг нацистларча ёндашувига ҳам муносабат билдирмаяпти. Биз Россия олдида ожизмиз. Тожикистон Европа ва АҚШ билан кенг ҳамкорлик қилиши зарур.​

Жавоб бериш

Олдин русчани бехато ёзишни ўрганиб ол!!!

Жавоб бериш

Мен рус эмасман ва рус тилида бехато ёзишим шарт эмас.

Жавоб бериш

Кўриб турганингиздек, Американинг оёғи теккан кўп мамлакатларнинг расвоси чиқиб ётибди

Жавоб бериш

Ундай бўлса Амҳара тилида ёз

Жавоб бериш

Бу Россиянинг провокацияси эканлиги аниқ. Унинг Марказий Осиёдаги барча ҳарбий базаларини ёпиш керак.

Жавоб бериш

Тўғри, уларнинг ўрнида Америка базаларини очиш керак... Шундан кейин ҳаётимиз зўр бўлади!

Жавоб бериш

Бу аниқ эди. Бундан ташқари Кремль ҳарбий кучлари бу ҳужумларни бошқарган бўлиши мумкинлигининг эҳтимоли катта. Шунинг учун Россия аралашувига қарши туриш керак.

Жавоб бериш