Карвонсарой
Хавфсизлик

Astana Club мажлиси иштирокчилари Қозоғистонни халқаро воситачи сифатида эътироф этдилар

Айдар Ашимов

Таҳлилчилар Остонадаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти (ЖИСИ) томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларини тақдим этдилар, Остона клуби, Нур-Султон, 11 ноябрь. (ЖИСИ)

Таҳлилчилар Остонадаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти (ЖИСИ) томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларини тақдим этдилар, Остона клуби, Нур-Султон, 11 ноябрь. (ЖИСИ)

НУР-СУЛТОН – Шу ҳафта Нур-Султонда бўлиб ўтган Остона клуби мажлисида дунёнинг турли бурчакларидан келган ўнлаб таҳлилчилар, дипломатлар ва сиёсатчилар иштирок этди. Гуруҳ Евроосиёдаги хавфсизликни муҳокама қилиб, ўз эътиборини халқаро муносабатларга қаратган.

Душанба-сешанба (11-12 ноябрь) кунлари бўлиб ўтган учрашув Қозоғистоннинг «халқаро муносабатлардаги барча иштирокчиларга очиқ, муҳокама учун мустақил ва нейтрал майдон» эканлигини кўрсатди, дейилади тадбирни ташкиллаштирган Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти (ЖИСИ) баёнотида.

Клуб мажлиси 2015 йилдан бери ўтказиб келинади. Шу кунгача унда 40 давлат, жумладан, Қўшма Штатлар, Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан 200 дан ортиқ вакил иштирок этган, дейилади ЖИСИ баёнотида.

Учрашувда АҚШда жойлашган Глобал хавфсизлик институти президенти Жонатан Граноф, Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай, Бельгия собиқ бош вазири Ив Летерм, АҚШнинг «Миллий манфаатлар» маркази президенти Димитри Саймс ва бошқалар маъруза қилдилар.

Остона клуби иштирокчиларининг ўтган йилги учрашуви, Нур-Султон, 2018 йил 13 ноябрь. (ЖИСИ)

Остона клуби иштирокчиларининг ўтган йилги учрашуви, Нур-Султон, 2018 йил 13 ноябрь. (ЖИСИ)

Бу йилги учрашув кун тартибидан хавфсизликка оид долзарб масалалар ва Евроосиёда жойлашган давлатларнинг стратегик келажаги ўрин олди.

Қозоғистоннинг биринчи президенти фонди ЖИСИ тадқиқоти натижаларини тақдим этди, унда 2020 йилда Евроосиё дуч келиши мумкин бўлган асосий таҳдидлар санаб ўтилган.

Тадқиқотда қирққа яқин мутаҳассис ва сиёсатчилар, жумладан халқаро институтлар, йирик оммавий ахборот воситалари иштирок этган. Тадқиқот муаллифлари 70 та давлатда 1100 дан ортиқ одам орасида сўров ўтказишган, дейилади фонд хабарида.

Терроризмнинг янгидан авж олиши, агрессив миллатчилик ва популизм энг асосий таҳдидлар сифатида эътироф этилган.

«[ИД (Ислом давлати)] тор-мор этилганига қарамай, террорчилик гуруҳлари ўз фаолият географиясини кенгайтириб, тараққиётнинг янги босқичидан ўтмоқда», дейилади тадқиқотда.

«Бу хавфли эволюциянинг маҳсули «ўз-ўзига хўжайин» бўлган гибрид шахслардир. Бир вақтнинг ўзида, мусулмон ва мигрантларга қарши қаратилган «оқ танлилар» террорчилиги ва бошқа динлар томонидан амалга оширилаётган террорчилик ҳам авж олмоқда», дейилган ҳужжатда.

Таҳлилчилар, шунингдек, террорчилар томонидан қўлланиши ва «мудҳиш» оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган кибер-қуроллар хавфи ҳақида сўзладилар.

Йиғилишда ядровий хавфсизлик масаласи ҳам кўтарилди ва иштирокчилар ядровий қуролсизланиш бўйича янги концепция ишлаб чиқиш имкониятларини муҳокама қилишди.

«Янги келишув «клубларни тартибга солиш» жараёнининг барча иштирокчилари, шу жумладан Хитой учун ҳам мажбурий бўлиши лозим. Қозоғистон ядровий қуролга эга қудратли давлатлар ўртасида воситачилик қилишга тайёр», дейилади ташкилотчилар баёнотида учрашув чоғида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев томонидан билдирилган таклифга асосан. У ядродан холи дунё учун етакчиларнинг Глобал иттифоқини яратишга чақиради.

«Оловли нуқталар ва янги уруш ҳудудларининг пайдо бўлиши бугунги кун воқелигига айланди. Глобал таҳдилар глобал ҳамкорликни талаб қилади. Марказий Осиёдаги хавфсизлик бутун транс-Евроосиё ҳамкорлигининг барқарорлиги кафолатидир», дейилади Astana Club расмий веб-сайтида.

Қозоғистон – халқаро воситачи

Учрашув давомида Словениянинг собиқ президенти Данило Турк «Қозоғистон ядро қуролидан холи зоналарни яратиш ташаббуслари бўйича катта тажрибага эга» эканини қайд этди.

Қозоғистон ташқи сиёсати самарали интеграция, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва халқаро иттифоқлар тузиш қобилиятини намойиш этмоқда, деб таъкидлади сенат раиси Дариға Назарбоева.

«Қозоғистон глобал, халқаро муаммолар ва таҳдидларни ҳал қилишда ташаббускор ва воситачи сифатида яна бир бор майдонга чиқмоқда», дейди Нур-султонлик сиёсатшунос Ернар Бейсалиев.

«Ўтказилган жиддий тадқиқотлар давомида мамлакатларимиз учун бир қатор асосий таҳдидлар аниқланди. Улардан бири терроризм бўлиб, ИД қулаганига қарамай, у ҳали ҳам улкан муаммо бўлиб қолмоқда», деди у.

Қозоғистон аҳолиси бу каби халқаро тадбирлар минтақадаги хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беришидан умидвор.

«Пойтахтимизда шундай йирик воқеа – кўзга кўринган дунё сиёсатчиларининг учрашуви бўлиб ўтганидан фахрланаман», деди Нур-Султон шаҳрида яшовчи 54 ёшли Ойсулув Айжанова.

«Улар терроризм каби долзарб масалаларга ечим топадилар деб умид қиламан. Биз, оддий қозоқлар, янгиликларни кузатиб борамиз ва юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан хавфсираймиз», деди у.

«Биз қўшни давлатлар билан ҳамжиҳатликда, экстремизмдан холи бўлган мустақил мамлакатда, терроризм ва урушлардан қўрқмай яшашни истаймиз», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500