https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/11/15/feature-01
| Дипломатия

Россиянинг Сурия ҳудуди бўйлаб юришлари аҳоли томонидан совуқ қарши олинмоқда

Карвонсарой ва AFP

Суриядаги бир қатор маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари чоршанба (6 ноябрь) куни Россия аскарларини тошбўрон қилаётган аҳолининг видеоёзувларини жойлаганлар. Суратлар ва видеоёзувларда Суриядаги Кобане шаҳрининг дарғазаб аҳолиси Россия автомашиналари карвонига қарата катта тошларни улоқтираётгани акс этган.

МОСКВА – Россия вертолётлар ва бошқа техникаларни Туркия чегарасида жойлашган Суриянинг янги базасига кўчиришни бошлаган, деб хабар беради давлат телевидениеси пайшанба (14 ноябрь) куни. Кремль урушлар туфайли вайрон бўлган мамлакатда ўзининг ҳудудий қамровини кенгайтириб бормоқда.

Иккита Ми-35 жанговар вертолёти ва ташувчи вертолёт Ўртаер денгизидаги Хмеймим базасидан Сурия шимоли-шарқидаги Қамишли аэропортига кўчирилди, деб хабар берган Россия мудофаа вазирлиги бошқарувидаги «Звезда» телеканали.

Аввалроқ, Россия Хмеймимдан 500 км шимоли-шарқда жойлашган Қамишли аэропортини узоқ муддатга ижарага олиш хусусида музокара олиб боргани хабар қилинган эди.

Россия Қамишлига ер усти ёрдами, ёқилғи ва метеорологик хизматларни ҳам юборган ва унинг ихтиёрида «узлуксиз парвозлар, вертолётлар хавфсизлиги ва ушбу ҳудуд мудофаасини таъминлаш учун» 10 дона ер усти транспорт воситаси бор», деб хабар берган Ҳарбий ҳаво кучлари расмийси Тимур Хўжаев «Звезда» телеканалига.

image

8 ноябрь куни Туркия ва Россиянинг қўшма патруль назорати чоғида Ал-Муаббада шаҳарчаси яқинида Россия ҳарбий машинасини тошбўрон қилаётган курд намойишчилари. Шаҳарча Суриянинг Туркия билан чегарасидаги Ҳасака вилоятининг шимоли-шарқида жойлашган. [Делил Сулаймон / AFP]

image

8 ноябрь куни Туркия ва Россиянинг қўшма патруль назорати чоғида Ал-Муаббада шаҳарчаси яқинида Россия ҳарбий машинасини тошбўрон қилаётган курд намойишчилари. Шаҳарча Суриянинг Туркия билан чегарасидаги Ҳасака вилояти шимоли-шарқида жойлашган. [Делил Сулаймон / AFP]

image

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири олган видеолавҳа кадрлари: Суриянинг Идлиб вилоятида 28 май кунги Россия авиазарбалари натижасида ҳалок бўлган ўғлига мотам тутаётган ота. [Файл]

«Звезда» хабарига кўра, янги база Россиянинг «Панцырь» ракета тизими билан ҳимояланган, қўниш майдони эса ҳарбий полиция томонидан қуршаб олинган.

«Ёқимсиз»

Россия қўшинлари Сурия ҳудудини истило қилишда давом этар экан, маҳаллий аҳолининг шиддатли ва ғазабнок қаршилигига дуч келмоқда.

Чоршанба (6 ноябрь) куни Суриядаги бир қатор маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Россия аскарларининг аҳоли томонидан тошбўрон қилинаётгани акс этган видеоёзувларни интернетга жойлаганлар.

Суратлар ва видеоёзувларда Суриядаги Кобане шаҳрининг дарғазаб аҳолиси Россия автомашиналари карвонига қарата катта тошларни улоқтираётгани акс этган.

Видеолавҳаларнинг бирида ўнлаб фуқаролар Россиянинг иккита зирҳли машинасини тўхтатишга эришганлар. Anha маҳаллий янгиликлар нашри чоп этган видеоёзувдан маълум бўлишича, айрим одамлар Россия ҳарбий полицияси белгиси туширилган машиналардан бирининг устига чиқиб олганлар.

Ўшандан бери 8 ноябрь куни ал-Муаббада шаҳарчасида маҳаллий аҳоли вакилларининг Россия ҳарбий техникасига ҳужуми каби бошқа воқеалар ҳам содир бўлди.

Бу орада Ғарб давлатлари Россия ва Сурияни тинч аҳолига қарши ҳужумларни тўхтатишга чақириб келмоқда.

АҚШ Давлат департаментининг 8 ноябрь кунги хабарига кўра, сўнгги икки кун ичида шимоли-ғарбий туманда мактаб ва туғруқхонага ҳужум натижасида 12 киши ўлган.

«Юз берган сўнгги ҳодисалар Россия ва Сурия кучлари томонидан тинч аҳоли ва инфратузилмага қарши пухта ўйланган ҳужумлар режаси борлигидан дарак беради», деди Давлат департаменти вакили Морган Ортагус.

«Биз Россия ва Асад режимини ушбу можарони БМТ томонидан олиб борилаётган сиёсий жараён орқали ҳал этиш ва тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларда урушни тўхтатишга чақирамиз», дейилади Сурия президенти Башар ал-Асадга қаратилган баёнотда.

Россиянинг ҳарбий операциялари натижасида 6500 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди, дейилади 30 сентябрь куни Сурия инсон ҳуқуқлари тармоғи томонидан Россиянинг Сурия можаросига ҳарбий аралашувига тўрт йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган 40 саҳифалик ҳисоботда.

Бу орада Россия ҳарбий самолётлари Сурия мухолифатига зарба бериш мақсадида мамлакатдаги касалхоналарни қасддан бомбалагани ҳақида янги далиллар пайдо бўлган.

Сурия президенти Башар Асад кучлари томонидан яна бир кимёвий ҳужум уюштирилгани тасдиқлангач, 26 сентябрь куни АҚШ Россиянинг Суриядаги контрабанда операциясига қарши янги санкциялар жорий қилган эди.

Асад режими 19 май куни Латакия вилоятида Идлибдаги исёнчиларнинг сўнгги йирик истеҳкомини қайтариб олишга қаратилган ҳужум пайтида хлорин газини ишга солган, деган эди ўшанда АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Бу Россия қўлловидаги режим томонидан содир этилгани тасдиқланган кўп сонли кимёвий ҳужумлардан бири бўлди. Жумладан, ўтган йили шу каби ҳужумлар натижасида Думада 80 киши ҳаётдан кўз юмган.

Москва ўз иттифоқчиси бўлмиш Сурияни ҳимоя қилиш мақсадида, БМТнинг ушбу низога оид резолюцияларига вето қўйиб келмоқда.

19 сентябрь куни Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо 15 мамлакатдан 12 таси қўллаб-қувватлаган Идлиб вилоятида оташкесим эълон қилишни кўзда тутувчи резолюцияга вето қўйган.

Ушбу резолюция Германия, Бельгия ва Кувайт томонидан илгари сурилган бўлиб, улар бундан тўрт ой муқаддам ҳукумат кучлари ҳужум бошлаганидан бери ярим миллион суриялик Идлибдан сиқиб чиқарилганини таъкидлаганлар.

Улар агар жанговар ҳаракатлар давом этадиган бўлса, можаро асрнинг энг оғир гуманитар инқирозига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, Россияни «соф инсонпарварлик» тадбирига вето қўймасликка чақирганлар.

«Кетмоқчи эмас»

Яқинда Россия мудофаа вазирлиги томонидан уюштирилган пресс-тур давомида AFP ва бошқа ОАВ журналистлари Москва кучлари мамлакатда узоқ вақт қолишга ҳозирлик кўраётганига гувоҳ бўлган эдилар.

Ҳозирда Суриядаги 3000 га яқин россиялик ҳарбий хизматчилар Тартус ва Хмеймим авиабазаси каби объектларда жойлаштирилган.

Сентябрь ойида журналистларга Тартусдаги тренажёр залларида хизматдан бўш вақтида машқ қилаётган аксарлар, русча пишириқлар тайёрлайдиган новвойхоналар ва ҳатто пиёзсимон гумбазли, ичи иконаларга тўла православ черковлари кўрсатилган.

Рус аскарлари учун «барча зарурий қулайликлар» яратилган, деди зобитлардан бири.

Сизга мақола ёқдими?
16
Йўқ
Фикрлар 2
Сиёсат
Captcha

Ўз номи билан уруш: тухумни синдирмай пишириб бўлмайди. Курдлар қаршилик қиляпти. Янгилик эмас.

Жавоб бериш

Руслар суриялик ёш болаларнинг тўкилган қони учун ҳали тўлайди

Жавоб бериш