https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/11/19/feature-01
| Хавфсизлик

Ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига бўлган ишончни яхшилади

Максим Енисеев

image

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг туристик полицияси ходими пойтахтда бўлиб ўтган кўргазма чоғида, 13 ноябрь куни олинган сурат. (Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси)

ТОШКЕНТ – Яқинда ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ислоҳотлар Ўзбекистонни янада хавфсизроқ мамлакатга айлантирди.

Ноябрь ойида «Gallup» халқаро ижтимоий сўров ташкилоти томонидан чоп этилган «Global Law and Order» ҳисоботи Ўзбекистон – ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари аҳоли ишончини қозонган хавфсиз мамлакат эканлигини тасдиқлаган.

Қонун ва тартиб индекси рейтингида Ўзбекистон Туркманистон ва Швейцария билан бирга тўртинчи ўриндан жой олган.

Сингапур рейтингда етакчи бўлди, Тожикистон эса иккинчи ўринда. Энг охирги ўринда Афғонистон қайд этилган.

image

Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлиги нозири боди-камерани синовдан ўтказмоқда, ноябрь ойида олинган сурат. (Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси)

Рейтинг тўртта саволга респондентлардан олинган жавоблар асосида тузилган бўлиб, улар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти, ёлғизликда сайр қилиш вақтидаги хавфсизлик ҳисси ва жиноятчиликка доир саволлар бўлган.

Саволлар қуйидагича эди: «Яшаб турган шаҳрингиз ёки ҳудудингиздаги маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига ишонасизми?», «Яшаётган шаҳрингиз ёки ҳудудингизда кечалари сайр қилишда ўзингизни хавфсиз ҳис қиласизми?», «Сўнгги 12 ой ичида ўзингиз ёки оила аъзоларингиз пул ёки мулк ўғирлатганми?» ва «Охирги 12 ой ичида сизга ҳужум қилишдими ёки тунашдими?»

Ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар

Ишончнинг ортишини 2017 йилда Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида олиб борилган фундаментал ислоҳотлар билан изоҳлаш мумкин, дейди таҳлилчилар. 2021 йилгача 78 та инновация жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Булар жумладан, ходимларни рейтинглаш тизими, ахлоқ ва муомала маданияти кодексини жорий қилиш ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ходимларининг малакасини ошириш институти фаолиятини йўлга қўйишни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари интернет ва ижтимоий тармоқлардаги фаолликни кучайтириб, аҳолининг шикоят ва таклифларига жавоб бермоқдалар.

Аҳолининг ишончини ошириш ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг имижини яхшилаш учун, ИИВ ходимларнинг ёзма ва оғзаки мулоқот кўникмаларини такомиллаштиришга қаратилган махсус курсларни ҳам ташкил этди. Июлдан ноябргача ўтказилган бу курсларда йигирма беш киши иштирок этган.

«Аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйишда ички ишлар ходимининг нутқ маданияти муҳим роль ўйнайди», деди ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Ҳотамов 9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган сертификатларни топшириш маросимида.

Шунингдек, коррупцияга қарши кураш чора-тадбирлари доимий эътиборда. Ўтган йил декабрь ойидан бошлаб Тошкентдаги синов лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда ЙПХ ходимларига боди-камералар берила бошланган.

Камералардан ЙПХ ходимлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш учун фойдаланилади. Синов муваффақиятли ўтса, уларни бутун мамлакат бўйлаб жорий этиш режалаштирилмоқда, деб хабар берган ИИВ.

Шу билан бирга, энди Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари очиқ танлов асосида хизматга жалб этилади.

23 ноябргача Тошкентда патруль зобитларининг вакант лавозимларига танлов давом этяпти.

Номзодлар бакалавр даражасига эга ва ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши, бўйи 175 сантиметрдан кам бўлмаслиги ва 30 ёшдан ошмаган бўлиши лозим.

Бундай ислоҳотлар ички ишлар органларининг имижини яхшилабгина қолмай, Тошкентни янада хавфсиз шаҳарга айлантирган. Расмий статистикага кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида шаҳардаги жиноятчилик даражаси 18,7 фоизга камайган.

Ушбу ижобий ўзгаришларни Тошкентнинг «Хавфсиз пойтахт» концепцияси билан изоҳлаш мумкин, деди Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси вакили Ирина Сайфутдинова 19 июль куни бўлиб ўтган брифингда.

«Ички ишлар идораларининг ресурс ва воситаларидан фойдаланган ҳолда туну кун давомида узлуксиз, уч сменали патруль назорати жорий этилди. Бу кечки ва тунги вақтларда жиноятларни кескин камайтириш имконини берди. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фуқаролар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди», деди Сайфутдинова.

Ҳозирда ички ишлар ходимлари чақирув жойига беш-етти дақиқада етиб бормоқдалар, келажакда бу муддатни янада камайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, кўчалар, ҳовлилар ва йўлакларни кузатув камералари билан қамраб олиш кўзда тутилмоқда.

«Эски даврлар» ўтди

«Агар менга беш йил олдин ўзбек полицияси ўз имижини муваффақиятли ўзгартира олади, дейишганида, ишонмаcдим», дейди тошкентлик сиёсатшунос Валерий Хон.

«Бу имконсиз вазифадек туюлар эди, сабаби аҳоли кенг қулоч ёйган коррупция, қўполлик ва шафқатсизлик туфайли ички ишлар идораларидан нафратланар эди», деди Хан.

«Аммо энди ҳаммаси ўзгарди», деди у. «Эҳтимол, бу сўнгги йилларнинг энг муваффақиятли ислоҳотлардан биридир. Ўйлайманки, раҳбариятнинг хоҳиш-истаги кучли бўлгани сабаб, ҳаммаси муваффақиятли кечди.»

«Илгари погонларни фақат таниш-билишчилик билан олиш мумкин бўлган, тасодифий одамларнинг тизимга киришига йўл қўймайдиган кўплаб яширин тўсиқлар бор эди», деди Хон.

Совет даврида ГАИ деб аталадиган Йўл ҳаракати хавфсизлиги нозирлари Ўзбекистон ички ишлар тизимидаги коррупциянинг рамзи эдилар, дейди тошкентлик ҳайдовчи Асадулла Ҳамроев.

«У даврлар энди ўтди, деб очиқ айта оламан», дейди у. «Улар пора сўрамай қўйишган, илгари бу жуда кенг тарқалганди. Тушликка пул ташлаб кетинг, деб қоғозга ўраб гапиришарди. Энди бу нарсалар йўқ.»

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha