https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/11/25/feature-02
| Дипломатия

ЕИ вакили билан учрашувда Туркманистоннинг геосиёсий аҳамияти қайд этилди

Карвонсарой

image

20-21 ноябр кунлари Ашхабодда ўтган ЕИ-Туркманистон музокараларида иттифоқ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг геосиёсий аҳамияти каби мавзулар муҳокама қилинган. [ЕИ]

АШХОБОД – Ўтган ҳафта Туркманистон ва Европа Иттифоқи (ЕИ) расмийларининг учрашувида ЕИ Туркманистон билан турли масалалар, шу жумладан хавфсизлик йўналишидаги ҳамкорликни давом эттиришга ваъда берган.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан 20-21 ноябр кунлари Ашхабодда туркман расмийлари билан учрашди.

Учрашувда минтақадаги иқтисодий ўсиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади Туркманистон ташқи ишлар вазирлигининг 21 ноябр кунги баёнотида.

Мулоқот чоғида Буриан ЕИ ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик геосиёсий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

image

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан, сентябрь ойида олинган сурат. У 20-21 ноябр кунлари Ашхободда туркман расмийлари билан учрашган. [Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар хизмати]

Туркманистон Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегарадош уч давлатидан бири бўлиб, «Ислом давлати» (ИД) аъзоларининг Яқин Шарқдан қайтиши ва мамлакат аҳолисининг радикаллашувига қарши курашиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

Туркманистон Европа Иттифоқи мамлакатларига потенциал табиий газ экспортчиси ҳисобланади, аммо унинг энергетик амбициялари Кремлнинг кескин қаршилиги ва ҳийлаларига дуч келмоқда.

Учрашув иштирокчиларининг қайд этишича, Туркманистон ўзининг «очиқ эшиклар» сиёсати доирасида Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари билан дўстона муносабатларни ривожлантириб келмоқда.

Музокараларда Туркманистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Вепа Ҳожиев ҳам иштирок этди.

Иштирокчилар Туркманистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканлигини таъкидладилар. Инсон ҳуқуқлари ва парламентлараро ҳамкорлик билан бирга, энергетика, транспорт, атроф-муҳит ва бошқа соҳалар муҳокама қилинди.

Европа Иттифоқи 2003 йилдан бери Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастури (BOMCA) Туркманистоннинг чегара хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиб келади. Жумладан, 2019 йилда Ашхободда ўтган ўқув семинарида Марказий Осиёнинг тўрт мамлакати чегарачилари қаторида Туркманистон вакиллари ҳам қатнашган эди.

Сизга мақола ёқдими?
2
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha