Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

ЕИ полицияси ИДнинг онлайн ташвиқотига «жиддий зарба» берди

AFP ва Карвонсарой

ИД видеолавҳасида «рақамли жиҳод» билан шуғулланаётгани айтилган гуруҳ аъзоси акс этган. (Файл)

ИД видеолавҳасида «рақамли жиҳод» билан шуғулланаётгани айтилган гуруҳ аъзоси акс этган. (Файл)

ҲААГА, Нидерландия – Душанба (25 ноябрь) куни Европа полицияси терроризмни шарафловчи минглаб контент тарқалишининг олди олингани ва «Ислом давлати»га (ИД) «жиддий зарба» берилганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, 21-24 ноябрь куни олиб борилган операция давомида «Европол» ИДга оид 26 мингга яқин материаллар, жумладан видеоёзувлар ва ижтимоий тармоқ аккаунтларини қўлга киритган.

Бельгия полициясининг ИДга қарашли «Амақ» ташвиқот агентлигига нисбатан тергови ортидан бошланган операция Европол томонидан мувофиқлаштирилган.

Бир вақтлар Сурия ва Ироқдаги удкан ҳудудларни эгаллаган жангарилар гуруҳи 2019 йил бошига келиб ўз назоратидаги ерларнинг аксариятини қўлдан бой берган бўлса-да, фаол онлайн ташвиқотни давом эттираётган эди.

ИДга қарши «мислсиз саъй-ҳаракатлар»

ИД ташвиқотига оид «барча нарса», жумладан «Амақ»ни йўқ қилиш бўйича операция доирасида «мислсиз чора-тадбирлар» амалга оширилди, деди Бельгия прокуратураси вакили Эрик ва Дер Сипп Ҳаагада бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Контентни йўқ қилиш билан бирга, полиция Испанияда интернет орқали ИД ташвиқот материалларининг тарқатувчи «асосий шахслардан бирини» қўлга олган.

Ван Дер Сиппнинг сўзларига кўра, ИД ҳужумни кутмаган ва бундай «жиддий зарбадан» кейин ўз фаолиятини қайта тиклаши учун «сезиларли ҳаракатлар» талаб этилади.

Ўтган йили ҳам «Амақ» гуруҳига қарши курашда бельгиялик агентлар иштирок этишган эди, аммо Ван Дер Сиппга кўра, гуруҳнинг қайта тиклангани уларни ҳайратда қолдирган.

Душанба куни у AFPга шундай деди: «Ҳозирча биз уларни енгдик, аммо содда бўлмаслигимиз керак. 2018 йилдаги биринчи киберҳужум уларнинг қайта тикланишига халал бера олмаган».

ИД: хабар алмашинувидаги тартибсизлик

Ироқ ва Суриядаги мағлубиятдан сўнг, ИДнинг оммавий ахборот тарқатувчи машинаси бошқарувдаги тартибсизликлар ва хабарлар алмашишда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.

Бундай номувофиқликлар, айниқса 21 октябрь куни ИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлимидан сўнг яққол сезилган.

Ал-Бағдодийнинг ўлими Афғонистондаги Хуросон каби ИДнинг турли бўлинмалари «марказ» билан қай даражада боғланганини намоён этди.

Гуруҳнинг турли бўлинмалари ва ижтимоий тармоқлардаги алоқанинг номувофиқлиги ИД медиа машинаси дуч келаётган муаммолар узоқ муддатли эканлигидан дарак бермоқда, дейди мутахассислар.

«Айни дамда ИД тўқнаш келаётган турли муаммолар унинг ўз медиа машинасини қайта тиклашига тўсқинлик қилади», деди Бағдод университетида медиа соҳаси профессори бўлиб ишлайдиган Раад Жассим ал-Каабий.

Жумладан, ишончли ва жозибадор материалларнинг йўқлиги сабаб, «гуруҳнинг тилга олишга арзийдиган кенг кўламли операцияларни амалга ошириш имконияти йўқ», деди у.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаси маҳсулотларини ишлаб чиқариш катта молиявий ресурсларни талаб қилади, ИДнинг эса бунга қурби етмай қолган, чунки у даромадининг катта қисмидан маҳрум бўлган, деди у.

ИД ахборий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда дуч келаётган яна бир муаммо – бу медиа соҳасидаги мутахассисларнинг етишмаслиги ҳамда ижтимоий тармоқлар ва экстремистик контент тарқатувчи платформалардаги чекловларнинг кучайишидир.

«ИД» ўзининг мақсадли аудиторияси учун курашмоқда, дейди ал-Каабий, сабаби гуруҳ «унинг бошқаруви остида яшаб, террорчилик ва хунрезликларига гувоҳ бўлган одамларнинг ишончини йўқотган».

«ИД учун бу одамларини ишонтириш ёки уларнинг олдидаги обрўсини тиклаш имконсиз, чунки улар энди гуруҳ ҳақидаги бор ҳақиқатни биладилар», деди у.

Ижтимоий тармоқлардаги ИДга мансуб аккаунтлар, шунингдек, гуруҳ Ироқ ва Суриядаги шаҳарларни ўз назоратида ушлаб турган вақтда эълон қилинган эски материалларни, жумладан видеолавҳаларни ҳам тарқатиб туради, дейди разведка мутахассиси Фадел Абу Рагиф.

Гуруҳ пала-партишлик ва тартибсизлик туфайли ўз оммавий ахборот воситаларини яхши бошқара олмаяпти, «Буни ИДга алоқадор аккаунтлардан тарқатилган видеоёзувлар ва бошқа маълумотларнинг тури ва сифати келишилмаётгани ва назорат қилинмаётгани ҳам кўрсатиб турибди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500