Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистонлик таҳлилчиларга кўра, экстремистлар ёшларнинг эътиборини жалб қилиш учун янги стратегияни қўлламоқда

Ксения Бондал

Нур-Султондаги масжидда жума хутбасини тинглаётган мусулмонлар, ноябрь. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, экстремистлар диний билим паст бўлган одамларни қидирадилар, сабаби уларнинг онгини заҳарлаш осонроқ. (Қозоғистон мусулмонлари диний идораси)

Нур-Султондаги масжидда жума хутбасини тинглаётган мусулмонлар, ноябрь. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, экстремистлар диний билим паст бўлган одамларни қидирадилар, сабаби уларнинг онгини заҳарлаш осонроқ. (Қозоғистон мусулмонлари диний идораси)

ОЛМАОТА – Экстремизмга ёлловчилар ўз сафларини кенгайтириш учун янги усулларни қўллаётган бир вақтда, қозоғистонлик таҳлилчилар заиф ёшларни террорчилар таъсиридан ҳимоялаш учун расмийларни чора кўришга чақирмоқдалар.

Олмаота шаҳар диний ишлар бошқармаси экстремистик ташвиқот билан шуғулланувчи сайтларни назорат қилиб келади. У қозоғистонликларни янги ёллаш усулларига алданиб қолишдан ҳимояловчи ташкилотлардан биридир.

Йил бошидан бери бошқарма томонидан жангарилар ташвиқотининг хавфига бағишланган маърузалар ташкил қилинди.

Агентликка кўра, маърузаларда 5 мингдан ортиқ одам қатнашган, уларнинг аксарияти экстремистик гуруҳларнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига обуна бўлганликларини билмаган. Бу ҳақда Zakon.kz сайти 25 ноябр куни хабар берган.

Ташвиқот – янги аъзоларни жалб қилишда самарали восита бўлиб қолмоқда.

Масалан, «Ислом давлатига» (ИД) алоқадорликда гумон қилинган Туркистон вилоятида яшовчи эркак уйини сотиб, аёли ва тўрт фарзанди билан Сурияга кетишга уринган, деб хабар берган Astana TV 21 ноябрь куни.

Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) ходимларига кўра, мазкур шахс жангариларни олқишлаган, ўз яқинлари орасида террорчиликни тарғиб қилган ва уларни Сурияга кетишга чақирган.

Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан унинг уйини тинтув қилиш вақтида фош этувчи материаллар аниқланган. Гумондор қўлга олинган, қисман ўз айбига иқрор бўлган ва 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Янги стратегия

Жангариликка ёлловчилар ўз тактикаларини ўзгартириб, янги аъзоларни жалб қилишда «юмшоқ усулдан» фойдаланмоқда, деди Ақтўбедаги «Ансор» таҳлилий маркази директори ўринбосари Тулеген Талдибаев.

«Улар авваллари ўз қарашларини очиқчасига эълон қилишар ва ўзларига қарши бўлган барчани кофирга чиқариб, оммавий баҳсга киришар эдилар. Энди уларнинг стратегияси ўзгарди, улар «ҳа, биз ҳанафий мазҳабидамиз» дейдилар, лекин ташвиқот майдонини ўзгартирадилар» деди у.

Яқин-яқингача бу ёлловчилар эҳтимолий қурбонларини масжидлар яқинида кутар эди. Энди улар бизнес билан шуғулланмоқдалар, деди Талдибаев.

Улар уяли телефон сотадиган дўкончалар очиб, ишчиларни ёлламоқда ва уларга ўз ғояларини тарғиб қилмоқда, деди у.

Бундай ёлловчилар диндан узоқроқ одамлар билан ишлашни афзал кўришади, чунки уларни оғдириш осон, деди Талдибаев.

«Улар бу одамлар ичида ўз ғояларини ёйиш учун шундай қиладилар», деди у.

Экстремизмнинг олдини олишда «таҳдид профилини билиш» жуда муҳим, дейди Талдибаев.

«ИД Сурияда мағлубиятга учраб бўлган бир пайтда, эртага ёки индинга Ироқ ва Афғонистонда нима бўлишини ҳеч ким билмайди», деди у.

Бундан ташқари, геосиёсий воқеалар қандай ривожланиши ва экстремистлар қандай қилиб уларни ўз манфаати йўлида қўллаши мумкинлиги ҳам номаълум, деб қўшимча қилди у.

«Ноаниқлик шароитида 100 фоиз самарали профилактик чоралар ишлаб чиқиш жуда мушкул», деди Талдибаев.

Миллий хавфсизликка кўмаклашиш

Жангариликка ёллаш ҳаракатларига қарши курашда диний мутахассислар ва психологларнинг ўрни катта, дейди таҳлилчилар.

Шундай бўлса-да, диний мутахассис ёки психолог ишининг самарадорлиги нафақат унинг маълумоти, балки ишонтира олиш қобилиятига ҳам боғлиқ, деди Олмаотада жойлашган Қозоғистонда экстремизм ва терроризм муаммоларини ўрганиш маркази директори Какимжан Бишманов.

«Профилактика ёки дерадикализация билан шуғулланувчи мутахассис нафақат ўз профессионал бурчи, балки глобал вазифани амалга ошираётганини англаши лозим: бу миллий хавфсизликни таъминлаш, бутун бир халқнинг бугуни ва келажаги учун ғамхўрликдир», деди у.

Унинг фикрича, радикаллашув қурбонларига ёрдам бериш ёки экстремизм тарқалишининг олдини олиш билан фақат диний соҳада фаолият олиб борувчи психологлар шуғулланиши лозим. Бу ишни гиёҳвандлик ва алкоголизмга чалинган одамлар билан ишлайдиганларга топшириб бўлмайди.

«Бундан ташқари, диний соҳада ишлайдиган бу психологлар, ҳақиқатан ҳам, бундай одамларни реабилитация қилишда қўлланадиган тажриба ва амалиётлар билан ўртоқлашадиган доимий платформага муҳтож», деди у.

«Дейлик, ақтўбелик психолог қўллаган усул яхши натижа берди, у ҳамкасбларига бу ҳақда сўзлаб берса, эҳтимол бу Оқмола вилоятида радикал мафкура билан заҳарланган одам билан ишлаётган мутахассисга асқотиши мумкин», дейди Бишманов.

Экстремизмга қарши нафрат кучайган

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда терроризм ва экстремизмга қарши олиб борилган кураш чоралари сабабли, охирги 3-4 йил ичида экстремистлар сафида жанг қилиш мақсадида Сурияга кетиш истагида бўлган қозоқ фуқаролари деярли қолмади.

«Бир мусулмон бошқа бир мусулмонни ўлдириши ва бунда уларнинг иккови ҳам «Аллоҳу акбар» дейиши – шармандали ҳолат.»

«Ҳамюртларимиз у ерга бормай қўйишди, аксинча, борганлар қайтиб қочиб кела бошлади. Ҳаттоки, бошқалар уларнинг ортидан бормаслиги учун жангарилар бу одамларни ушлаб, намойишкорона жазолашга мажбур бўлдилар», деди Бишманов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Менинг фикримча, потенциал террорчи гуруҳлар ҳанафийлик мазҳабига мансуб бўлганлар орасида яширинган, яъни улар ўзларини оддий диндорлар деб аташади, шунинг учун уларни аҳли суннадан ажратиш жуда қийин. Жиҳодчи гуруҳларга эргашувчи одамлар ҳукумат томонидан кучли назоратга олиниши керак!!!

Жавоб бериш