Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон ва Қирғизистон ҳарбий ҳаво кучлари соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди

Айдар Ашимов

Қирғизистон президенти Сооронбай Жеэнбеков (чапда) ва унинг қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жўмарт Тўқаев (ўнгда) 27 ноябрь куни Бишкекда қўшинларни кўздан кечирмоқда. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Қирғизистон президенти Сооронбай Жеэнбеков (чапда) ва унинг қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жўмарт Тўқаев (ўнгда) 27 ноябрь куни Бишкекда қўшинларни кўздан кечирмоқда. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

БИШКEК – Ўтган ойда Қозоғистон ва Қирғизистон икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик, хусусан, ўз ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар тайёргарлигини кучайтиришга келишиб олдилар.

Иккала мамлакат ҳам ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали юмшатиш мумкин бўлган бир қатор хавфсизлик муаммоларига тўқнаш келмоқда. Совет Иттифоқи қулаганидан кейин 28 йил ўтган бўлса-да, бу мамлакатлардаги бир қанча объектларда Россия аскарлари жойлаштирилган. Сурия ва Ироқдаги «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилган юзлаб радикал фуқаролар турли йўллар билан ватанига қайтмоқда ёки қайтишга уринмоқда. Қайтганларнинг тарафидан террорчилик ҳаракати содир этилиши мумкинлиги хавотирга сабаб бўлмоқда.

27 ноябрь куни Қирғизистон Қуролли кучлари бош штаби ва Қозоғистон Мудофаа вазирлиги икки мамлакатнинг аэродромларига қўниш ҳуқуқини бериш, ҳарбий самолётларга техник хизмат кўрсатиш ва қўриқлаш борасида келишув имзоладилар.

Бу ҳужжат президент Қосим-Жўмарт Тўқаев бошчилигидаги Қозоғистон делегациясининг Қирғизистон пойтахти Бишкекка расмий ташрифи чоғида имзоланган келишувлардан бири бўлди.

Қозоғистон Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев (чапда) ва Қирғизистон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Райимберди Дуйшенбиев (ўнгда) 27 ноябрь куни Бишкекда ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросимида. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Қозоғистон Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев (чапда) ва Қирғизистон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Райимберди Дуйшенбиев (ўнгда) 27 ноябрь куни Бишкекда ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросимида. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков (ўнгда) ва унинг қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жўмарт Тўқаев (чапда) 27 ноябрь куни Бишкекда 1916 йилда Чор Россияси қўшинлари томонидан бостирилган қозоқлар ва қирғизлар қўзғолони қурбонлари хотирасига гулчамбарлар қўйишди. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков (ўнгда) ва унинг қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жўмарт Тўқаев (чапда) 27 ноябрь куни Бишкекда 1916 йилда Чор Россияси қўшинлари томонидан бостирилган қозоқлар ва қирғизлар қўзғолони қурбонлари хотирасига гулчамбарлар қўйишди. (Қозоғистон президентининг матбуот хизмати)

Тўқаев Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков билан хавфсизлик ва бошқа мавзулар бўйича маслаҳатлашди. Ташриф доирасида икки мамлакатнинг Олий давлатлараро кенгашининг йиғилиши ҳам ўтказилди.

Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида эришилган бошқа келишувлар қаторида келгуси уч йил учун комплекс ҳамкорлик дастурини имзолаш ва чегарада кўприк барпо этиш тўғрисидаги битим ҳам бор.

Иштирокчилар бошқа масалалар, жумладан, миграция, соғлиқни сақлаш, логистика ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўйича келишувларни ҳам имзоладилар.

Терроризмга қарши кураш ва қўшма ҳарбий машғулотлар

Ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш саммитнинг асосий мавзусига айланди.

«Шартнома Қирғизистон ва Қозоғистон ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган», деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан Бишкекдан келган қирғизистонлик ҳарбий хизматчи. «Гап машқлар ўтказиш ва аэродромларни барча зарурий жиҳозлар билан таъминлаш ҳақида кетмоқда.»

Ушбу келишув техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор чоралар, жумладан, маълумотлар, радиоалоқа ва ёритиш тизимларини, шунингдек самолётлар ва вертолётлар учун тўхтаб туриш жойларини бепул тақдим этишни ўз ичига олади.

«Шартнома маълум бир муддатга қабул қилинмоқда, кейинчалик зиддиятлар юзага келмаса, автоматик равишда янгиланади», деди ҳарбий хизматчи.

Икки мамлакат ҳарбийлари ўзаро ва АҚШ кучлари билан бирга терроризмга қарши кураш салоҳиятини ошириш устида иш олиб борган.

2019 йилда Қозоғистон ва Қирғизистон бир қатор қўшма машқларни ўтказди, сентябрь ойида Қирғизистоннинг Иссиқкўлида бўлиб ўтган аксилтеррор машқлари шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, 17 июнь куни Қозоғистоннинг «Илийский» полигонида «Дашт бургути» машқлари бўлиб ўтди. Қўшма операциялар давомида Марказий Осиё давлатлари ҳарбийлари АҚШ армияси бошчилигида ўз кўникмаларини оширдилар.

Май ойида Қозоғистон Қирғизистон билан биргаликда ҳарбий разведка ҳамкорлиги бўйича шартнома имзолади.

Қуролли кучлар ўртасидаги кенгайтирилган ҳамкорлик икки давлатнинг давомли хавфсизлиги учун муҳим, деди Нур-Султонлик сиёсатшунос Ернар Бейсалиев.

«Таъкидлаш керакки, жорий йил апрель ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида шу каби шартнома имзоланган», деди у. «Марказий Осиё мамлкатлари ташқи душманларга ёки террорчилик гуруҳларига қарши туришда кучларни бирлаштириш муҳимлигини янада кўпроқ англаб етмоқдалар.»

«Умумий тарих, умумий муаммолар»

Икки давлат учун умумий бўлган тарихий жароҳат президентларни Бишкекдаги мемориал олдига тўплаган.

Улар 1916 йилда қўзғолон кўтарган ва Чор Россияси кучлари томонидан ўлдирилган қозоғистонлик ва қирғизистонлик қурбонлар хотирасига бунёд этилган «Ата Бейит» ёдгорлик мажмуасига гулчамбарлар қўйишди.

«Икки қардош халқ ўртасида қарама-қаршилик йўқ», деб таъкидлади Тўқаев қирғизистонлик ҳамкасби билан учрашувда.

Унга жавобан Жеенбеков бу учрашув «мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига» умид билдирди.

«Умумий тарих ва муаммоларга эга эканлигимиз халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди ва иттифоқчиларни танлашда ёрдам беради», деди таҳлилчи Бейсалиев 1916 йилда ҳалок бўлганлар қабрига гул қўйиш тимсолига аҳамият қаратиб.

Бейсалиевнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми ортган.

«Қўшнилар орасида юзага келган ҳар қандай муаммо ечим топмоқда. Давлатларимизнинг ҳамкорлиги ва Марказий Осиёдаги муҳим шеригимиз бўлган Қирғизистон билан ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилганини фақат олқишлаймиз», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500