https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/12/09/feature-01
| Сиёсат

Марказий Осиё Афғонистон билан минтақавий ҳамкорликни жадаллаштириш ниятида

Канат Алтинбаев

image

29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. (Нурсултон Назарбоевнинг расмий веб-сайти)

ТОШКEНТ – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг яқинда Тошкентда бўлиб ўтган учрашуви кун тартибидан минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва савдо-сотиқ масалалари ўрин олди.

29 ноябрь куни бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жеэнбеков, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов ва Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди.

Афғонистонни минтақавий савдо битимларига жалб этиш, тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш учун иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалар қаторидан ўрин олган.

Расмий Тошкент, шунингдек, минтақавий хавфсизлик бўйича қўшма сиёсатни мустаҳкамлашга чақирган.

«Шиддат билан ўзгарувчан глобал вазиятнинг ҳозирги шароитлари, хавфсизликка таҳдидларнинг авж олиши ва барқарор ривожланишга салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг кучайиши ўзаро ишонч ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга асосланган шериклик алоқаларини кучайтиришни тақозо этмоқда», дейилади Ўзбекистон ТИВнинг 29 ноябрь кунги баёнотида.

«Яратганга шукрки, биз қўшнилармиз», деди Мирзиёев. «Тарихимиз ва тақдиримиз, халқларимизнинг келажаги бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бу бутун минтақани бирлаштирувчи буюк кучдир.»

Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш

Маслаҳатлашув учрашувининг формати қандай қарорлар қабул қилиш ёки битимлар тузишни кўзда тутмаган. Шундай бўлса-да, иштирокчи давлатларнинг қўшма баёнотидан минтақадаги ичидаги ўзаро ҳамжиҳатликнинг устуворликлари ва истиқболлари ҳақида аниқ тасаввур пайдо бўлган.

Ҳужжатда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари «халқаро терроризм, диний экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, ноқонуний миграция, трансчегаравий уюшган жиноятчилик ва кибертаҳдидларга қарши курашга алоҳида аҳамият берилишини» таъкидлаганлар.

Марказий Осиё давлатлари «Афғонистонни тинчлик жараёнининг ривожланишига ёрдам берадиган минтақавий савдо-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларига жалб қилиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларни давом эттириш» ниятини билдирдилар.

Хусусан, Мирзиёев минтақада тинчлик ўрнатилишида Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Марказий Осиё етакчилари, шунингдек, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш Шартномаси доирасидаги ишлар фаоллаштирилганини, мамлакатлар 2006 йилдан ядровий қурол ишлаб чиқармаслик, сотиб олмаслик, синовдан ўтказмаслик ёки эгалик қилмаслик мажбуриятини олганини таъкидладилар.

Шу билан бирга, мамлакатлар халқаро ҳамжамият билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва ўз сиёсатларини глобал устуворликлар билан уйғунлаштиришни режалаштирмоқдалар.

«Биз БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббус ва лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда Марказий Осиёда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ниятидамиз», дейилади қўшма баёнотда.

Тинчлик ва хавфсизлик омиллари

Хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик аллақачон йўлга қўйилган.

Апрель ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Тошкентга ташрифи чоғида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳарбий соҳага оид бир қатор битимларни имзоладилар.

Томонлар ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими, ҳарбий аэродромлардаги ҳаво кемаларини қўриқлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтирганлар. 2018 йил июль ойида Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги ҳарбий полигонда илк марта икки мамлакат ҳарбийлари иштирокида қўшма машқлар ўтказилди.

Машқлар давомида Қозоғистон ва Ўзбекистон махсус бўлинмалари дронлар, авиация ва ер усти транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда тунги жанговар ҳаракатларга оид вазифаларни бажарди.

Минтақада энг кўп аҳолига эга Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик минтақавий хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, дейди Тошкентдаги «Билимлар карвони» тадқиқот маркази директори Фарҳод Толипов.

«Ҳозирда Марказий Осиё давлатларининг минтақавий бирдамлигини кучайтириш, барча соҳаларда, жумладан минтақавий хавфсизликка оид сиёсатларни уйғунлаштириш мақсадида бундай минтақавий учрашувларни янги босқичга олиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга», деди у.

«Беш давлатни ўз ичига олган музокаралар орқали Марказий Осиёда коллектив хавфсизликнинг минтақавий тизимини барпо этиш бўйича ташаббусларни ишлаб чиқишда хамкорлик қилиш зарур», деди у.

«Катта акасиз»

Минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик 2016 йил сентябрь ойида ўтмишдоши Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин давлат бошқарувига Мирзиёевнинг келиши билан самарали бошланди.

Мирзиёев, жумладан, хавфсизлик масаласида давлат ташқи сиёсати йўналишини изоляциядан интеграцияга ўзгартирган.

2017 йилда БМТ бош ассамблеясининг 72 сессиясида чиқиш қилган Мирзиёев Ўзбекистон «минтақа барқарорлиги, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничиликдан» манфаатдор экани ҳамда мулоқотга ва конструктив ҳамкорликка тайёрлигини билдирган эди.

Бишкеклик сиёсий таҳлилчи Марс Сариев Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида қудратли давлатларнинг таъсирисиз яқин ички ҳамкорлик пайдо бўлишига ишонади.

Марказий Осиё давлатлари «ўз минтақавий муаммоларини жуда яхши англашади ва муҳокама орқали уларни самарали ҳал қилишга қодир», деди у.

Кўп йиллардан бери Россия турли иттифоқлар, жумладан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти орқали Марказий Осиё давлатлари устидан ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилиб келган.

КХШТ доирасида Москва иштирокчи давлатларда ҳарбий базалар очади ва мезбон давлатларни ҳимоя қилиш ўрнига уларга хавф туғдиради, дейди маҳаллий таҳлилчилар.

Марказий Осиё раҳбарларининг кейинги маслаҳат учрашуви 2020 йил Қирғизистонда бўлиб ўтади.

Минтақа етакчиларининг бу каби илк учрашуви 2018 йил 15 март куни Қозоғистонда бўлиб ўтган эди.

Томонлар минтақа давлатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Сизга мақола ёқдими?

3
Фикрлар 0
Сиёсат
Каптча *