Карвонсарой
Терроризм

Ўзбекистонда амнистия: экстремистларга алданганлар тўғри йўлга қайтарилмоқда

Максим Енисеев

«Меҳр» инсонпарвалик операцияси ҳақида «Ўзбекистон-24» телеканалида эфирга узатилган ҳужжатли фильм кадрларида Суриядан қайтарилган аёллардан бирининг тикув машинасида ишлаётгани тасвирланган.

«Меҳр» инсонпарвалик операцияси ҳақида «Ўзбекистон-24» телеканалида эфирга узатилган ҳужжатли фильм кадрларида Суриядан қайтарилган аёллардан бирининг тикув машинасида ишлаётгани тасвирланган.

ТОШКEНТ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тақиқланган ташкилотлар, жумладан «Ислом давлати» (ИД) экстремистик гуруҳига аъзоликда айбланган 79 маҳкумни афв этди.

6 декабрь кунги бу қарор 8 декабрь куни нишонланадиган Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан инсонпарварлик сиёсатининг ифодаси ўлароқ қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА).

Ўзбекистон вазирлик ва идоралари озод қилинган маҳкумларга оилалари бағрига қайтиш, жамиятга қайта мослашиш ва иш топишда ёрдам берадилар.

Аввалроқ, 27 август куни Мирзиёев Мустақиллик куни муносабати билан тақиқланган ташкилотларнинг 39 аъзосини қамоқдан озод қилган эди.

«Ўзбекистон-24» телеканали орқали намойиш қилинган «Меҳр» операцияси ҳақидаги ҳужжатли фильм кадрларида Сурияда жойлашган Ал-Ҳол жамлоғидаги ўзбекистонлик аёл акс этган. Ҳужжатли фильм 13 сентябр куни намойиш этилди.

«Ўзбекистон-24» телеканали орқали намойиш қилинган «Меҳр» операцияси ҳақидаги ҳужжатли фильм кадрларида Сурияда жойлашган Ал-Ҳол жамлоғидаги ўзбекистонлик аёл акс этган. Ҳужжатли фильм 13 сентябр куни намойиш этилди.

«Меҳр» операцияси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм кадрлари: қуролли можаролар ҳудудидан Ўзбекистонга қайтарилган болалар тиббий кўрикдан ўтмоқдалар.

«Меҳр» операцияси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм кадрлари: қуролли можаролар ҳудудидан Ўзбекистонга қайтарилган болалар тиббий кўрикдан ўтмоқдалар.

«Ўзбекистонда «тақиқланган ташкилот» атамаси остида, асосан «Ҳизбут-Таҳрир», «ИД» каби экстремистик ва фундаменталистик йўналишдаги радикал диний ташкилотлар тушунилади», дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Валерий Хон.

Афв этилганларнинг аксарияти эркаклардир. Декабрдаги амнистияда тўртта, августдагисида эса учта аёл афв этилган.

«Экстремистик ташкилотларга алоқадор аёлларнинг аксарияти шу йили Сурия ва Ироқдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Эндиликда уларга жамиятга қайта мослашиши учун зарурий ёрдам кўрсатилмоқда», деб хабар берган ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

30 май куни Ўзбекистон ҳукумати Яқин Шарқдаги можароли ҳудудларда қолиб кетган 156 нафар фуқаросини ватанига олиб келишга қаратилган «Меҳр» инсонпарварлик операцияси ўтказилганини эълон қилди. Улар орасида 106 бола, 48 аёл ва икки эркак бор эди.

Кейинроқ, 10 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати «Меҳр-2» операциясини амалга ошириб, 64 нафар ёш бола, жумладан 3 ёшгача бўлган 14 та болани Ироқдан Ўзбекистонга олиб келди.

Болалар Ироқ ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти болалар жамғармаси (UNICEF) кўмагида ватанига қайтарилган.

Ўз фарзандларининг Ўзбекистонга қайтишига розилик берган оналар ҳам Ўзбекистонга қайтарилган, бироқ улар халқаро террорчилик ташкилотларига аъзоликда айбланиб ҳибсхонага жойлаштирилган. Айрим оталар Сурия ёки Ироқда вафот этган, айримлари у ерда қамоқда ёки ҳамон террорчилик фаолиятини давом эттирмоқда, дейилади ЎзА хабарида.

«Низоли ҳудудларда руҳий ва жисмоний қийинчиликларни бошдан кечирган» болалар реабилитация марказларига жойлаштирилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак, зарур тиббий, руҳий ва ижтимоий ёрдам билан таъминланган. Уларга васийлар ва ҳомийлар бириктирилиб, мактабга жойлаштирилади, дейилади хабарда.

«Бизда қайтганларни реабилитация қилиш ва соғлом, тинч, нормал ҳаётга қайтариш бўйича тажриба бор. Умид қиламанки, бундай операцияларнинг муваффақиятли амалга оширилиши жиддий ижобий таъсирга эга бўлади ва бундан кейин бошқалар бу каби низо ҳудудларига боришга интилмайдилар», деди ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов 25 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ хавфсизлик кенгаши учрашувида.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат яна 200 дан ортиқ ўзбекистонликни Сурия ва Ироқдан эвакуация қилишни режалаштирмоқда. Операциянинг қачон ўтказилишига аниқлик киритилмаган.

Комилов халқаро ҳамжамият ва халқаро ташкилотларни Ўзбекистоннинг инсонпарварлик саъй-ҳаракатларига кўмаклашишга чақирган.

Тинч ҳаётга қайтиш

Биринчи «Меҳр» операцияси давомида эвакуация қилинган аёллар Ўзбекистонда осойишта ҳаётга қайтиб, ИД билан боғлиқ ўтмишларини унутишга ҳаракат қилмоқдалар.

Ватанга қайтган аёллар билан руҳшунослар ва шифокорлар иш олиб борди. Уларга молиявий ёрдам берилиб, иш топишларига кўмаклашилмоқда.

15 ноябрь куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси 2020 йилда ҳам ватанга қайтган аёлларни иш билан таъминлаш давом эттирилишини маълум қилган.

«Кўпчилик қандай қилиб алданганини тушунмайди», дейди ватанига қайтган аёллардан бири Шахзода Қорабоева 30 май куни «Ўзбекистон-24» каналидаги эфирга узатилган кўрсатувда.

Қорабоева ИД сафига қўшилиш учун эри ва болаларини ташлаб кетганидан афсусда эканлигини айтган.

«Муваффақиятли интеграция асосан аёлларнинг тинч ҳаёт бошлаш истагига боғлиқ. Давлат эса ўз ўрнида барча керакли ёрдамни бермоқда», деди Хотин-қизлар қўмитаси ишчиси Асал Хўжаева.

Июнь ойида ҳукумат «Меҳр» операцияси орқали Сурхондарё вилоятига қайтиб келган аёлга бир хонали квартира совға қилганди. Бу ҳақда Daryo.uz нашри хабар берган.

Аёлга ишсизлик нафақаси, тикув машинаси, озиқ-овқат ва бошқа совғалар топширилди, катта ўғли эса болалар боғчасига жойлаштирилди.

«Менга кўрсатилган меҳр ва ҳурматдан ҳайратда қолдим ... Ватандошларимдан мен қилган хатоларни қайтармасликни сўрайман», деди шахсини очиқламаган аёл.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500