Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон шаҳарларига ўрнатилаётган Хитой техникаси жосусликка оид хавотирларни келтириб чиқармоқда

Канат Алтинбаев

Хитой томонидан ишлаб чиқарилган «Сергак» йўл камералари тизимининг бир қисми, 8 декабрь, Олмаота. [Канат Алтинбаев]

Хитой томонидан ишлаб чиқарилган «Сергак» йўл камералари тизимининг бир қисми, 8 декабрь, Олмаота. [Канат Алтинбаев]

ОЛМАОТА – Хитойда ишлаб чиқарилган кузатув камераларининг Қозоғистон бўйлаб тарқалиши улар Хитой ҳукуматига маълумотлар узатиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни пайдо қилмоқда.

Сўнгги бир неча йилдан бери Қозоғистонда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси фаол амалга оширилмоқда. Лойиҳа ҳуқуқ-тартибот ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида шаҳар кўчаларида кузатув камералари ўрнатишни кўзда тутади.

Қозоғистон ҳукумати кўрилаётган чораларга қарамай, ўсиб бораётган жиноятчиликка қарши кураш ва йўл-транспорт ҳодисаларини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Ranking.kz маълумотларига кўра, 2019 йилнинг январь-август ойларида юз берган 10 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисалари туфайли 15 мингга яқин одам жароҳат олган. Йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 5 фоизга ўсди.

Қозоғистонда жорий қилинган видеокузатув тизимлари, асосан Хитой маҳсулотларига асосланган.

2017 йилдан Қозоғистон шаҳарларида «Сергак» йўл ҳаракатини кузатиш тизимлари пайдо бўлди. Нур-Султондаги «Коркем Телеком» компанияси ҳукуматни ана шундай тизимлар билан таъминлаган. Тизим дастлаб Нур-Султонда синовдан ўтказилиб, сўнгра Олмаота, Чимкент, Уст-Каменогорск ва Семейда ҳам ўрнатилган.

«Коркем Телеком«нинг техник ҳамкори – «Dahua Technology» Хитой компанияси ҳисобланади.

Хитойнинг кузатув камералари ва хавфсизлик ускуналарини ишлаб чиқарувчи яна бир компанияси – «Hikvision» Қозоғистонда 2015 йилдан бери фаолият кўрсатмоқда, деб хабар берган эди Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизмати октябрь ойида.

«Dahua» ҳам, «Hikvision» ҳам Хитойдаги мусулмон озчиликларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилишига кўмаклашгани учун АҚШ санкциялари остига тушган.

Санкциялар АҚШ компанияларига ёки АҚШ технологиясига эга ҳар қандай компанияга «Dahua» ва «Hikvision» билан ҳамкорлик қилишни тақиқлайди.

Кибертаҳдидлар

«Hikvision» компаниясининг Олмаотадаги вакили Леонид Таннинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги Hikvision камералари «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида фақат йўл ҳаракати хавфсизлигини кузатади. У шунингдек, Hikvision технологиялари Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам қўлланишини қўшимча қилди.

Шундай бўлса-да, мустақил кузатувчилар Қозоғистонда Хитойнинг бошқа мақсадлари ҳам борлигини таъкидлайдилар.

«Ҳозирда Хитойдан келган ҳамма нарса хавотир уйғотмоқда», деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси вакили, олмаоталик Андрей Гришин. «Бизда расман хавфсизлик чораси деб эълон қилинган нарса шахсий дахлсизликни бузиб кириш ҳаракатига айланиб бормоқда.»

«Бундан тахминан 50-100 йил олдин фантастлар огоҳлантирган ҳолат – «Катта оға» томонидан кузатилган тоталитар жамиятлар таърифи – аллақачон рўёбга чиқарилган», деди у. «Мен бу даҳшатли эртак биз учун ҳам ҳақиқатга айланишини мутлақо истамайман.»

Бироқ, Қозоғистонда кибертаҳдидлар аллақачон юзага келган ва Хитой уларнинг манбаи бўлиб қолмоқда.

5 сентябрь куни Reuters агентлиги номи очиқланмаган разведка манбалари ва хавфсизлик мутахассисларига таяниб, Хитой ҳукуматига хизмат қилаётган хакерлар уйғурларнинг Марказий ва жануби-шарқий Осиёга саёҳатларини кузатиш учун бир нечта давлатлар, жумладан Қозоғистондаги телекоммуникация тармоқларига ҳужум уюштирганини хабар қилди.

Гришин Хитойнинг ўз қўшниларидан маълумот тўплаши борасидаги саъй-ҳаракатларини ташвишли дея баҳолаган.

«Қозоғистонда ўрнатилган Хитой камераларидан олинган маълумотлар қаерга кетмоқда, деган савол туғилади», деди у.

Пекин «мамлакатимизда бўлаётган барча нарсага қизиқаётгандек», айниқса яқинда Хитойнинг Қозоғистондаги ҳозирлигига қарши ўтказилган норозилик намойишларига, деди Гришин сентябрдаги қатор митингларни назарда тутар экан.

Намойишчилар ҳукуматни Хитойдан кредит олишни тўхтатишга чақирганлар, уларнинг фикрича, бу билан Пекиннинг Қозоғистон устидан таъсири кучаяди.

Қозоғистонликларни кузатиш

Нур-султонлик ахборот технологиялари мутахассиси Егор Мельниковга кўра, Хитой Қозоғистон аҳолисининг ҳаракатланишига оид маълумотларидан фойдалана олишига деярли шубҳа йўқ.

«Расмий Пекин дастлаб тахмин қилинганидан анча кўпроқ техник имкониятларга эга, гап нафақат камералар, балки арзон нархлари туфайли талабгир бўлган Хитой смартфонлари ҳақида ҳам кетмоқда», деди Мельников.

Хитой Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди аксар аҳолисининг тарихий ватани ҳисобланган Қозоғистонда кузатув уюштиришни режалаштирмоқда, дейди «Ота журт» инсон ҳуқуқлари ташкилоти етакчиси, олмаоталик Серикжан Билаш.

Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати исломий ўзига хосликни йўқ қилиш мақсадида 1 миллиондан ортиқ шинжонликни ҳибсга олган. Бу ҳақда Суриштирувчи журналистларнинг халқаро консорциуми ва бошқа ОАВ ташкилотлари хабар берди.

Сўнгги йилларда, босимдан қочиб Хитойдан Қозоғистонга кўчиб ўтаётган этник қозоқлар сони ортиб бормоқда, деди Билаш ва Хитой буни тўхтатишга ҳаракат қилаётганини айтди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу камералар ЙТҲ вақтида ёрдам беришмайди, аммо жарима ёзишга келганда ишлайди

Жавоб бериш

Бўлмаган гап

Жавоб бериш

Ҳамма ҳайдовчилар расмга тушиб қолмаслик учун Сергек кузатув тизимини излаб ҳар томонга қараб машина ҳайдаганидан кейин албатта ЙҲТ бўладида.

Жавоб бериш

Сотқинлар эртага ҳамманг йиғлайсан

Жавоб бериш

Кузатув камералари ҳалокатнинг олдини ола олмайди, нимага уларни қўйишяпти? Одамлардан пул соғиш учун. Жарима, фақат жарима, ва яна жарима .....

Жавоб бериш

Йўл транспорт ҳодисаларидан хавфсирашади. Ҳайдовчилик гувоҳномаларини сотишни тўхтатинг, шундагина бу каби ҳодисалар ҳам тўхтайди.

Жавоб бериш

Тўғри. Ўзимизни кузатишларига қўйиб берганмиз.

Жавоб бериш