https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/12/13/feature-01
| Терроризм

Халқаро Қизил хоч қўмитаси Қозоғистоннинг репатриация чораларини юқори баҳолади

Айдар Ашимов

image

27 ноябрь куни Қозоғистон ҳукумати саккиз қиз ва олти нафар ўғил – жами 14 қозоғистонлик болани Ироқдан ватанига олиб келди. Нур-Султонда олинган бу суратда улардан айримлари кўрсатилган. [Twitter/Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги]

НУР-СУЛТОН – Халқаро Қизил Хоч қўмитаси маълумотларига кўра, Қозоғистон ҳукуматининг Сурия ва Ироқдаги қозоқ болаларини ватанига қайтариш ва жамиятга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари «бутун дунё учун ўрнак» бўла олади.

«Қизил Хоч» қўмитаси қозоқ болаларини эвакуация қилиш бўйича операция муваффақиятли ўтказилгани муносабати билан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга мактуб йўллади. Бу ҳақда 6 декабрь куни Қозоғистон президентининг матбуот хизмати хабар берган.

«Қозоғистон «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операциясини муваффақиятли амалга ошириш билан бу каби мураккаб масалани қандай ҳал қилиш бўйича бутун дунёга ўрнак бўлди», деб ёзади қўмита президенти Питер Маурер.

«Жусан» – «Ислом давлати» (ИД) парчаланиши ортидан Сурияда қолган 600 дан ортиқ радикал қозоқ фуқароларини ватанига қайтариш бўйича Қозоғистон ҳукуматининг 2019 йил давомида амалга оширган операциясидир.

image

25 ноябрь куни Нур-Султонда Қозоғистон мудофаа вазирлиги ва Қизил Хоч қўмитаси вакиллари ўртасида илк музокаралар ўтказилди. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Айни пайтда 100 дан ортиқ қозоқлар, жумладан 40 нафар эркак ва уларнинг қарамоғидаги 65 нафар аёл ва бола ҳамон Сурия ва Ироқдаги террорчилик гуруҳлари сафида қолишмоқда. Бу ҳақда пайшанба (12 декабрь) куни AKIPress.com нашри Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) расмийси Сергей Швейкинга таяниб хабар қилган.

Мактубда Маурер Қозоғистон ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ўртасида репатриация ва реинтеграция, оилаларнинг бирлашуви ва қайтганларни психологик қўллаб-қувватлаш масалаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга чақирган.

У, шунингдек, «ушбу мураккаб масала юзасидан тажриба алмашиш» мақсадида Қозоғистонда минтақанинг шу каби муаммолар билан дуч келган бошқа давлатлари вакиллари билан учрашув ташкил этиш таклифини билдирган.

Қайтарилган болалар билан мутахассислар иш олиб бормоқда

27 ноябрь кунги инсонпарварлик операцияси давомида Ироқдан 14 нафар қозоғистонлик бола – саккиз қиз ва олти ўғил бола ватанига қайтарилди. Уларнинг энг каттаси 13, энг кичиги эса 2 ёш бўлган. Уларнинг оналари Қозоғистон фуқаролари бўлиб, террорчилик ташкилотларига аъзоликда айбланган ва Ироқда умрбод қамоққа ҳукм қилинган.

«Инсонпарварлик операцияси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан болаларнинг оналари ва қариндошларининг илтимосига биноан бир қатор давлат идоралари, маҳаллий нодавлат тузилмалар ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилди», дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг 28 ноябрь кунги баёнотида.

Ҳозирги вақтда болалар реабилитация жараёнидан ўтмоқда, улар билан 30 нафар мутахассис, жумладан психологлар, тарбиячилар ва шифокорлар ишлаяпти. Яқин кунларда улар Қозоғистонда яшайдиган қариндошларига топширилади.

Қайтарилган болалар ҳеч қачон мактабга бормаган ва ўқиш, ёзиш, санашни билмайди, деб хабар берган Қозоғистоннинг «Литер» нашри 9 декабрь куни.

Бу болалар ҳаётларининг катта қисмини «Ислом давлати» (ИД) жангарилари лагерларида ўтказганлар; сўнгра уларни Ироқдаги қамоқхоналарда сақлашган. Уларнинг оналари – Қаскелен, Туркистон, Оқтов ва қарағандалик Қозоғистон фуқароларидир, дейилади хабарда.

Болаларнинг ҳар бири икки марта генетик экспертизадан ўтказилди, деди Қозоғистон Республикасининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Аружан Саин.

Илк текширув Ироқ расмийларига болаларнинг қозоғистонлик эканини исботлаш учун ўтказилган бўлса, иккинчиси уларнинг қариндошларига топширилишини таъминлаш мақсадида Қозоғистоннинг ўзида амалга оширилди.

«Уруш – болаларнинг жойи эмас ... Оналаридан ажралиш улар учун жуда қийин бўлди», деб ёзган Саин эвакуация ҳақида ўз Инстаграмида. «Болаларни аэропортда бувилари, боболари, амаки ва холалари кутиб олишди. Уларнинг маҳкам бағирларига босиб, қучоқлаб ўпдилар. Улар гуёки ўз кўзларига ишонмас – уларни шунча вақтдан бери излашар, кутишар ва уларни қайтаришга астойдил ҳаракат қилар эдилар. »

Қозоқлар ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда

Қозоғистон фуқаролари ҳукуматнинг репатриация чораларини қўллаб-қувватламоқдалар.

«Бундай операциянинг ўтказилгани жуда зўр бўлди», дейди Саиннинг Инстаграмдаги хабарига изоҳ қолдирганлардан бири. Бошқалар «мардонавор ҳаракат», «эвакуация жараёнида иштирок этганларнинг барчасига раҳмат», деб ёзишган.

Бунгача «Жусан» инсонпарварлик операциясининг уч босқичи давомида 400 дан ортиқ бола Суриядан Қозоғистонга олиб келинган эди.

«Фарзандларимизни Сурия ва Ироқдан эвакуация қилишда иштирок этганларнинг барчасидан миннатдормиз», дейди «Алтин Карлигаш» («Олтин қалдирғоч») нодавлат ташкилоти раҳбари чимкентлик Лейла Байманова.

«Бу дипломатларимиз ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан амалга оширилган улкан иш, катта ғалабадир», деб қўшимча қилди у. «Болаларни осуда ҳаётга қайтариш учун бор кучимизни ишга солишимиз керак. Ҳукуматнинг бундай саъй-ҳаракатларидан мамнунман.»

Байманова Қозоғистон ва Халқаро Қизил хоч қўмитаси ўртасидаги доимий ҳамкорликнинг муҳим эканлигини таъкидлади.

«Қизил Хоч дунё бўйлаб қуролли низолардан жабрланганларга ёрдам бериш билан шуғулланади», деди у. «Улар қозоғистонликлар, айниқса ёш болаларнинг репатриациясига, кейинчалик эса реабилитациясига ҳам кўмаклашиши мумкин.»

«Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Нур-Султонда учрашув ўтказиш таклифи диққатга сазовор, у Қозоғистоннинг болаларни Ироқ қамоқхоналаридан ватанига қайтаришга оид тажрибаси билан бўлишишга имкон беради», деди Байманова. «Бошқа Марказий Осиё мамлакатлари ҳам ёш фуқароларини уйларига қайтариши лозим.»

У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қозоғистоннинг репатриацияга доир тажрибасини ўрганиш ниятида эканлигини қўшимча қилар экан, «буларнинг барчаси мамлакатингизнинг ижобий имижига ҳисса қўшади», деб таъкидлади.

Қўшма чора-тадбирлар

Қозоғистон мудофаа вазирлиги ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари ўртасидаги илк музокаралар 25 ноябрь куни Нур-Султонда бўлиб ўтди. 2016 йилда имзоланган англашув меморандуми ўзаро ҳамкорликка асос бўлган. Улар ҳар йили қўшма фаолиятга оид режаларни тасдиқлайдилар.

«Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ва халқаро ташкилот ҳамкорлигининг асосий мақсади қозоқ ҳарбийларини халқаро гуманитар ҳуқуқ, жумладан тинчликпарварлик операцияларида тинч аҳолини муҳофаза қилишга ўргатишдир», дейилади Мудофаа вазирлигининг 25 ноябрь кунги баёнотида.

«Яна бир йўналиш – Қозоғистон қуролли кучлари таркибидаги шифокорлар ва бошқа ходимларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича тренинг ўтказишдан иборат.»

Сизга мақола ёқдими?

1
Фикрлар 0
Сиёсат
Каптча *